Иностранные рабочие

Петербург Ўзбекистон ва Тожикистондан 50 минг нафар мигрантни кутмоқда

1328
(Янгиланган 16:53 01.06.2018)
Санкт-Петербург меҳнат ва бандлик қўмитаси раиси Дмитрий Чернейко расман ишга жойлашишнинг афзалликлари ҳақида ўз фикрларини билдирди ва Самарқандда мигрантлар учун иш берадиган иккита марказ иш бошлашини маълум қилди

ТОШКЕНТ, 1 июн — Sputnik. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги Самарқанд вилояти филиалида юзлаб фуқаролар саралаш босқичидан ўтган ва Петербургга ишга юборилган. Бу ҳақда "Известия" нашрига берган интервьюсида Санкт-Петербург меҳнат ва бандлик қўмитаси раиси Дмитрий Чернейко маълум қилди.

Петербургга мигрантлар керакми?

"Россияда барчани "бизга мигрантлар керакми" деган савол қизиқтиради. "Улар келиб иш топишибди-ми, демак керак. Умуман олганда шаҳарда меҳнат ресурслари танқислиги мавжуд. Меҳнат билан банд бўлган 1 млн киши орасида вилоятлардаги ҳамюртларимиз ҳам, чет элликлар ҳам бор. Уларнинг квалификацияси ҳам турлича. Топ-менежерлардан, муҳандислардан, малакати IT-мутахассисларидан тортиб, дворник ва ёрдамчи ишчиларгача", — дейди Чернейко.

У шунингдек, Ўзбекистондан Петербургга келиб ишлаётган Ўзбекистонликлар сони 140 минг нафарни ташкил этишини айтди.

Россияга ишга юборадиган марказлар яна иккитага кўпаяди

Самарқанддаги меҳнат мигрантларини уюшқоқлик билан Россияга ишга жўнатадиган марказ ҳақида тўхталар экан, Чернейко, Ўзбекистонда яна иккита шундай марказ очилиши режалаштирилаётганини маълум қилди.

"Марказда рус тилидан имтиҳон топширишади, текширувлардан ўтишади, шу жумладан тиббий текширувлардан ҳам, ҳужжат расмийлаштириб, суғурта ва чипта харид қилишади. 2015 йилдан буён худди шундай марказлар Тожикистонда ҳам фаолият юритиб келмоқда. Шу тариқа, Ўзбекистонда ушбу пунктни очиб визасиз мамлакатлардан кириб келаётган 90%дан ортиқ хорижликларни қамраб олдик", — деган суҳбатдош.

Чернейко йил охиригача Петербургга уюшқоқлик билан жалб қилиш дастури орқали 50 минг киши келишига умид билдирмоқда.

Мақсад нима: даромадми ёки?… 

"Бизнинг вазифамиз — мигрантлар оқимини имкон даражада қонунийлаштириш ва бу оқимнинг Санкт-Петербургдаги иш берувчилар талабига ҳақиқатда мос келадиган қилиш. Бу мигрантлар ҳуқуқи билан бир қаторда петербургликлар манфаати нуқтаи-назаридан жуда муҳим. Қолаверса, корхоналаримиз кадрлар билан таъминланади, солиқлар — патент учун тўловлар келиб тушади. Ўтган йил Санкт-Петербург бюджети патент асосида меҳнат қилаётган мигрантлар эвазига 6,6 миллиард рубль даромад кўрди", — дейди у.

Уюшқоқлик билан жалб қилиш афзалликлари

Чернейкога кўра, Ўзбекистон вилоятларидаги мигрантларни тайёрлаш (касбга ўқитиш) марказлари мигрантлар учун кони фойда.

"Ўзбекистонда, саралаш босқичидан ўтаётган вақтда улар аниқ иш жойларга тайёрланади, керак бўлса, қисқа вақт касбга ўқитилади. Сўнгра аэропортда кутиб олинади ва иш берувчи билан учраштирилади. Уларга ҳужжат тайёрлашда ҳам ёрдам кўрсатилади. Бу ишлардан биз ҳам фойда кўрамиз — қонунчиликка риоя этилиши кафолатини оламиз. Яъни барчага тушунарли бўлган яшил коридор вужудга келтирилади. Кейинги босқичда уюшқоқлик асосида келган чет эллик ишчилар бошпана билан таъминланади.

Тўғри, қонуний йўл билан Россияга келган мигрантлар солиқ тўлайдилар. Акс ҳолда, улар барибир ўртакашларга пул беришга мажбур бўладилар. Аммо ўртакашга мурожаат қилган мигрант нафақат қонунни бузади, балки 5-10 йилга Россияга кириш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин. Бундан ташқари, бирор кор-хол рўй берганда ёки иш берувчи ёки ўртакаш томонидан унинг ҳуқуқлари поймол этилганда ҳимояга эга бўлмайди. Шу боис, қонуний ишга келишнинг афзалликлари кўп".

Сўнгги вақтларда иш берувчиларнинг аксарияти уюшқоқлик билан ишга жалб қилиш тизимига катта қизиқиш билдиришмоқда, дейди Чернейко. "Аммо қонуний схема фойдалилигини улар англаб етишлари учун ҳали катта ишларни амалга ошириш керак", деб қўшимча қилган у.

1328
Мавзу:
Мен - мигрантман. Янги лойиҳа (69)