Очередная группа узбекистанцев отправились на заработки в Россию

Яна 287 нафар ўзбекистонлик Россияга ишлашга жўнаб кетди

502
Россиянинг Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаш учун яна бир гуруҳ ўзбекистонликлар жўнаб кетди.

ТОШКЕНТ, 30 авг — Sputnik. Навбатдаги 287 нафар Ўзбекистон фуқаролари Россияда ишлаш учун учиб кетди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда ёзилишича, улар Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлашади. Илгари ушбу заводда ишлаш учун Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб қилиш бўйича келишувга эришилган эди.

Улар 14 кунлик карантиндан сўнг белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда қурилиш объектларида иш бошлади.

Эслатиб ўтамиз, 31 июль куни 144 нафар, 12 август куни 84 нафар фуқаролар айнан мазкур завод қурилишида ишлаш учун ташкиллаштирилган ҳолда жўнаб кетган эди.

502
Денежные купюры России

Россия МБ рекорд ҳажмдаги пул ўтказмалари ҳақида баёнот берди - пуллар МДҲга юборилган

270
Россия Марказий банки 2018 йилдан бошлаб чет элга рекорд даражадаги пул ўтказмалари ҳақида баёнот берди

ТОШКЕНТ, 18 сен — Sputnik. Россия Марказий банки 2018 йилнинг октябридан бошлаб ҳозирги пайтга қадар давлатдан четга амалга оширилган рекорд даражадаги пул ўтказмаларини қайд этди. Бу ҳақда "Ведомости" нашрига таяниб Sputnik Тожикистон хабар бермоқда.

Таъкидланишича, 2020-йилнинг июл ойида россияликлар чет элга 837 миллион доллар юборганлар. Шу билан бирга, маблағларнинг каттагина қисми, 686 миллион доллари МДҲ давлатларига йўналтирилган.

Яна 152 миллион доллар Россия чегараларига яқин давлатларга йўналтирилган.

Статистикани шакллантиришда Марказий банк мутахассислари Western Union, "Золотая корона", "Юнистрим", Contact, Blizko (2020 йилнинг апрелигача бўлган давргача) ҳамда "Россия почтаси" орқали амалга оширилган ўтказмаларни ҳисобга олганлар.

Эслатиб ўтамиз, март ойидан бошлаб чет элга пул ўтказмалари ҳажми пасая бошлади ва 2020 йилнинг апрелида ўзининг минимумига етиб, 302 миллион долларгача пасайди.

Пул ўтказмаларининг камайиб кетишига жаҳондаги коронавирус пандемияси, чегаралар ёпилиши ва кўплаб корхоналарнинг ўз фаолиятини тўхтатиши таъсир кўрсатди.

Кўплаб мигрантлар бунинг оқибатида ишидан маҳрум бўлдилар.

270

Пандемия вақтида ўзбекистонликларни РФга ишга жалб қилиш бўйича келишувга эришилди

331
(Янгиланган 14:22 18.09.2020)
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси ва унинг Новосибирск, Екатеринбург, Самара, Уфа вилоятларида ташкил этилаётган филиаллари ва "Роструд" ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш каби масалалар юзасидан дастлабки келишувларга эришилди.

ТОШКЕНТ, 18 сен - Sputnik. Россия Федерацияси ва Ўзбекистон ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида бир қатор масалалар юзасидан музокаралар ўтказиш ва келишувларга эришиш мақсадида мутасадди идоралар вакилларидан иборат делегация аъзолари Россияга жўнаб кетишган эди.

Ташриф доирасида Россиянинг Меҳнат ва бандлик бўйича федерал хизматида Ўзбекистон Бош вазирининг маслаҳатчиси – Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти мудири Мехриддин Хайриддинов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Мухитдинов, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов, "Роструд" раҳбари Михаил Иванков ва бошқалар иштирокида музокаралар бўлиб ўтди.

Учрашувда қайд этилишича, пандемия пайтида Россияда ишсизлар сони 3,5 миллионга етиб, ишсизлик даражаси 4,7 %ни ташкил этмоқда. Ишсизликни камайтириш мақсадида бандлик хизматлари фаолиятини "хизматлар кўрсатиш"дан "муаммоларни ҳал қилиш" усулига ўзгартириш, тегишли янги стандартлар ва меҳнат қоидаларини жорий этиш каби тадбирлар амалга оширилмоқда.

Музокараларда Ўзбекистон делегацияси томонидан пандемия шароитида Ўзбекистон фуқароларини Россияга ишлашга жалб қилиш учун Россия ҳукуматининг Махсус комиссиясидан (тезкор штаб) рухсат олиш, меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш бўйича юридик фирмалар билан ўзаро алоқалар ўртаниш, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси ва унинг Новосибирск, Екатеринбург, Самара, Уфа вилоятларида янги ташкил этилаётган филиаллари ва "Роструд" ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, меҳнат миграциясига оид икки давлат ўртасидаги бошқа масалалар юзасидан билдирилган таклифлар бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Ўзбекистон делегациясининг ташрифи давом этмоқда.

331
Узбекские милиционеры рядом с патрульной машиной

Қашқадарёда мактаб директори ўз жонига қасд қилди. У вафотидан олдин хат ёзиб қолдирган

84
Шунингдек, маълумотларга кўра, текширишда марҳумнинг яқин қариндошлари мурдани суд-тиббиёт экспертизаси кўригидан ўтказмаслик мақсадида юрак ҳуружидан вафот этгани важи билан жасадни кўмиб юборишганлиги аниқланган

ТОШКЕНТ, 18 сен - Sputnik. Бош прокуратура матбуот-хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган Қашқадарё вилоятида мактаб директори ўз жонига қасд қилганлиги, вафотидан олдин хат ёзиб қолдирганлиги ҳақидаги хабарлар юзасидан расмий баёнот эълон қилди.

Мактубда келтирилишича, директор суиқасд олдидан хат ёзган ва унда барча ҳамкасбларидан коррупцияга йўл қўймасликни ўтиниб сўраган.

"Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Китоб тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда", - дейилади Бош прокуратура хабарида.

Шунингдек, маълумотларга кўра, текширишда марҳумнинг яқин қариндошлари мурдани суд-тиббиёт экспертизаси кўригидан ўтказмаслик мақсадида юрак ҳуружидан вафот этгани важи билан жасадни кўмиб юборишганлиги аниқланган.

Ҳозирда туман халқ таълими, ички ишлар бўлимлари ҳамда махалла ва оилани қўллаб-қувватлаш маркази туман бўлимининг мутасадди ходимлари ҳаракатлари юзасидан хизмат текширувлари тайинланган.

Текшириш ҳаракатлари давом этмоқда.

84