Москвада мигрантлар учун "маляр иши" - бепул ўқув курслари очилди

164
(Янгиланган 12:32 05.10.2020)
Москвада меҳнат мигрантлари учун бепул ўқув курслари очилади. Эҳтиёжи бўлган тингловчилар бепул ётоқхона билан ҳам таъминланади.

ТОШКЕНТ, 5 окт - Sputnik. Москвада меҳнат мигрантлари учун янги бепул ўқув курси очилди, деб хабар қилмоқда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги. 

"Маляр иши" номли бепул ўқув курслари 8 октябрдан бошланади ва дарслар сешанба, пайшанба ва жума кунлари соат 19:30 дан 22:00 гача бўлиб ўтади. Ўқиш давомийлиги рус тили - 1 ой (72 соат), касб бўйича - 2 ой (144 соат), - дейилган хабарда. 

Дарслар 26-сонли Архитектура, Дизайн ва Реинжиниринг колледжида бўлиб ўтади. Манзил: Москва ш., Совхозная кўчаси, 2-уй, стр. 1.  "Люблино" метро бекати яқинида. Алоқа учун телефон: +7 (926) 687-46-19. Телеграм бот: @uzrivoj_bot

Хабарда айтилишига кўра, курсга қатнаб ўқишга имкони бўлмаганлар учун ўқув марказида ётоқхона ташкил этилади. Меҳнат мигрантлари учун ўқиш ва турар жой харажатлари бепул бўлади. 

Ўқиш якунида "World skills" стандартлари асосида малака даражасини кўрсатувчи skills passport (малака паспорти) берилади.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, "World skills Uzbekistan" ассоциацияси, "World skills Russia" иттифоқи ва Россия халқлар дўстлиги университети билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

164

Андижондан 4500 нафар фуқаро Россияга ишга юборилади

458
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов янги ташкил этилаётган мигрантлар тайёрлаш марказида РУДНнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Колесников ва Малака ошириш ўқув маркази бош директори Ю.Насонов билан учрашув ўтказган.

ТОШКЕНТ, 21 окт - Sputnik. Андижондан 4500 нафар фуқаро Россияга ишга юборилади, деб хабар бермоқда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги.

Хабарга кўра, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов янги ташкил этилаётган мигрантлар тайёрлаш марказида РУДНнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Андрей Колесников ва Малака ошириш ўқув маркази бош директори Ю.Насонов билан учрашув ўтказган.

Учрашувда иш берувчиларнинг бўш иш ўринлари ҳақида талабномаларини Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Андижон филиалига топшириш хамда келгусида ҳамкорлик қилиш бўйича тузилган йўл харитаси муҳокама қилинган.

Хусусан, Андижон вилоятидан 4 минг 500 нафар фуқарони Россия Федерациясига қонуний ва ташкиллаштирилган ҳолда ишлаш учун жўнатиш бўйича келишувга эришилган.

Ўзбекистон фуқаролари Россияга қандай кириши мумкинлиги айтилди >>>

458

Масжидлар мигрантларга ёрдам марказига айланди - Аббясов

174
(Янгиланган 17:51 20.10.2020)
Охирги беш-етти йиллар ичида Россияда масжидлар мигрантлар учун ўзига хос ёрдам марказларига айланди.

ТОШКЕНТ, 20 окт - Sputnik. Россия Муфтийлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, Рушан Аббясов Sputnik радиосига Россияда масжидлар томонидан оғир аҳволга тушиб қолган меҳнат мигрантларига кўрсатилаётган ёрдам ҳақида ҳикоя қилиб берди. 

Бош муфтий ёрдамчисининг сўзларига кўра, пандемия шароитида мигрантларнинг аксарияти оғир аҳволга тушиб қолишган. Россия масжидлари эса ана шундай мигрантлар учун ўзига хос ёрдам марказларига айланган. 

"Қавмларимиз орасида меҳнат мигратлари жуда кўп. Биз уларга нафақат руҳан балким бошқа маслаларда ҳам ёрдам, маслаҳат берамиз. Охирги 5-7 йил ичида Россия масжидлари ўзига хос ёрдам марказларига айланди. Алданган ёки иш қидириб юрган мигрантлар бизга кўплаб мурожаат қилишади. Афсуски, сўнгги вақтларда вафот этган яқинларини кўмишга ёрдам сўраб мурожаат қилаётганлар ҳам кўпайган. ОЛдин вафот этганларни ватанига қайтаришга ҳаракат қилишган бўлса, ҳозир чегаралар ёпилиши муносабати билан бу масла ҳам қийинлашиб қолган.Биз имкон қадар ёрдам бераяпмиз, лекин бунинг учун кўп кишини жалб қилишга тўғри келади", — деди Аббясов.

Муфтий ёрдамчиси айтишига қараганда, ҳудудларда ҳам мусулмон жамоалари маҳаллий ҳукумат вакиллари билан биргаликда мигрантлар муаммоларини ҳал қилишда ёрдам беришмоқда. Ана шундай ёрдам натижаси кўплаб мигрантлар ишга жойлашмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, сўнгги бир неча йил давомида Ўзбекистон ҳукумати томонидан, меҳнат мигрантларига ёрдам бериш мақсадида, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ташкил этилиб, Россиянинг йирик шаҳарларида унинг ваколатхоналари очилган эди. Меҳнат миграцияси агентлиги оғир шароитга тушиб қолган ватандошларни Ўзбекистонга қайтариш, жумладан вафот этган мигрантларнинг таналарини ватанига юбориш билан ҳам бевосита шуғулланиб келмоқда. 

174

Жапаров Қирғизистон президенти сайловларида номзодини илгари суради

11
Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи Садир Жапаров сайловларда иштирок этиш учун декабрь ойида президент ваколатларини зиммасидан соқит қилмоқчи.

ТОШКЕНТ, 26 окт — Sputnik. Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи, бош вазир Садир Жапаров давлат раҳбари лавозимига ўз номзодини илгари суришини маълум қилди.

Жапаровнинг сўзларига кўра, бунинг учун у декабрда истеъфога чиқишни режалаштирмоқда.

“Мен бошқалар қатори сайловларда иштирок этаман. Агар ғалаба қозонсам президент бўламан, бўлмаса барча каби оддий фуқаро бўламан”, - деди Жапаров. Унинг сўзларидан Sputnik Қирғизистон иқтибос келтирган.

Қирғизистонда муддатидан аввалги президент сайловлари 2021 йил 10 январь куни бўлиб ўтади. Мамлакат Конституциясига биноан президент в.б. ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга эмас.

Аввалроқ Жапаров агар қонунчиликка тегишли ўзгартириш киритилса, президент сайловларида иштирок этишга тайёрлигини маълум қилган эди.

11