Алишер Султонов Ўзбекистон Париж битимини қай тарзда бажаришини айтди

275
Энергетика вазири Ўзбекистон газ-транспорт тизимида бэски типдаги двигателлар ишлатилиб келинаётгани боис, катта йўқотишлар бўлаётгани, атмосферага йирик миқдорда ангидрид гази ташланмалари рўй бераётганини айтди. Шу боис, уларни алмаштиришга қарор қилинган.

ТОШКЕНТ, 21 сен - Sputnik, Дилшода Раҳматова. Ўзбекистон карбонат ангидрит гази ташланмалари бўйича бугунги кунда катта ютуқлар билан мақтана олмайди. Бироқ мамлакат айни вақтда Европа тараққиёт ва тикланиш банки (ЕТТБ), Бутунжаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки(ОТБ) билан Париж битими нормаларига амал қилиш бўйича жуда катта ишларни олиб бормоқда, деди бугун хорижий журналистлар билан учрашувда Ўзбекистон энергетика вазири Алишер Султонов.

"Яқинда Венада бўлганимда, Париж битими нормаларига амал қилиш масаласида бир нечта учрашувларни ўтказдим. Биз бугун бу борада улкан ишларни амалга оширяпмиз. Хусусан, бугун Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан музокара олиб бордик. ЕТТБ Ўзбекистон газ-транспорт тизимининг бир қисмини модернизация қилишга тайёрлигини билдирди. Сал олдин Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон газ-транспорт тизимини модернизация қилиш ишларини молиялаштиришини эълон қилганди. Бундан ташқари, келгуси ҳафтада япониялик ҳамкасбларимиз билан газ-транспорт тизимини комплекс модернизация қилиш масалаларини муҳокама қилишни режалаштирганмиз", - деди Ўзбекистон энергетика вазири. 

Султоновнинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги газ-транспорт тизимида эски типдаги двигателлар ишлатилиб келинаётгани боис, катта йўқотишлар, атмосферага йирик миқдорда ангидрид гази ташланмалари рўй бермоқда. Шу учун, барча компрессорларни замонавий типдагиларига алмаштиришга қарор қилинган.

Вазирнинг айтишича, бу ишларни амалга ошириш бўйича дастур ижросига 5-10 йил вақт ва катта миқдорда маблағ кетади.

Аммо бугун молиявий институтлар Ўзбекистонга бошқача назар билан қарай бошлаганлар. "Шу бугун ЕТТБ билан бу каби лойиҳаларни учун молиялаштириш учун масблағларни суверен кафолат бермасдан тақдим этиш масаласини кўриб чиқдик. ЕТТБ ҳеч қачон шу пайтгача бизга бундай таклифларни айтмаган", - деди у. 

Эслатиб ўтамиз, иқлим бўйича Париж битимини Ўзбекистон 2017 йилнинг 19-апрел куни БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида имзолаган. Париж битими иқлим ўзгариши, 2020-йилдан атмосферада буғхона газлари миқдорини камайтириш юзасидан чора-тадбирларни тартибга солиш бўйича БМТнинг дастлабки конвенцияси доирасида қабул қилинган ҳужжат ҳисобланади.

Битимдан кўзланган мақсад ҳароратнинг глобал ўсишини Цельсий шкаласи бўйича ўртача 2°C даражадан паст ҳолатда ушлаб туриш ва ҳарорат ўсиши Цельсий шкаласи бўйича 1,5 даражада чекланиши учун саъй-ҳаракатларни ишга солиш билан изоҳланади.

275