Абдухакимов Самарқанд ярим марафони масалаларига бағишланган онлайн йиғилиш ўтказди

69
Пойга тўғридан-тўғри эфирда узатилади. Мусобақа вилоятлар ўртасида ўтказилиб, иштирокчилар ўз ҳудуди биринчи ўринни эгаллаши учун энг катта масофани босиб ўтиши керак бўлади.

ТОШКЕНТ, 26 сен - Sputnik. Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари, Samarkand Half Marathon халқаро хайрия марафони ташкилий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Самарқанд ярим марафонининг ташкилий масалаларига бағишланган онлайн йиғилиш ўтказди.

Унда вилоятлар ҳокимлари ўринбосарлари, Молия вазирлиги, ТИВ ва ИИВ, ФВВ, Транспорт вазирлиги ва Миллий гвардия раҳбар ўринбосарлари қатнашишди.

Йиғилиш доирасида Самарқанд ярим марафонини ўтказиш билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама қилинди.

Азиз Абдуҳакимов бу йил ярим марафон виртуал форматда ўтиши, Самарқандда эса турли мамлакатларнинг профессионал атлетлари ғолиблик учун кураш олиб боришини таъкидлади.

Пойга тўғридан-тўғри эфирда узатилади. Мусобақа вилоятлар ўртасида ўтказилиб, иштирокчилар ўз ҳудуди биринчи ўринни эгаллаши учун энг катта масофани босиб ўтиши керак бўлади.

Илк марта ярим марафон иштирокчилари учун икки қўшимча формат тақдим этилади: болалар пойгаси ва скандинавияча юриш.

Жорий йилда ярим марафонда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон, гимнастикачи, Олимпия ўйинлари совриндори Оксана Чусовитина, боксчи, 2016 йилги Олимпия ўйинларининг кумуш медаль совриндори Шаҳрам Ғиёсов ва бошқалар қатнашади.

Samarkand Half Marathon’ни ўтказишдан тушган барча маблағлар Ўзбекистондаги аутизмдан азият чекувчи болалар интернатларидан бирида бадиий студия очишга йўналтирилади, хоҳловчилар учун эса маъруза ва семинарлар ҳам ўтказиш режалаштирилган.

Марафон одамларга аутизмдан азият чекувчи кишилар дунёси нақадар ранг-баранглиги ва бунга эътибор қаратиш қанчалик муҳим эканини англашда ёрдам беради.

Йиғилиш доирасида мамлакатнинг барча ўқув муассасаларида инклюзияга эътибор қаратиш алоҳида муҳокама қилинди. Унда таълим тизими ўқувчилар билан суҳбат форматига мослаштирилиши лозимлиги, бу инклюзивлик ғоясини интерфаол шаклда максимал қулай даражада етказиб бериши қайд этилди.

Шу кунларда бутун республика бўйлаб Samarkand Half Marathon халқаро хайрия пойгаси регистрацияси очилишига бағишланган #moviynurtarat акцияси бўлиб ўтди. Унда шаҳарлардаги йирик иншоотлар ва меъморий обидалар аутизмдан азият чекувчи кишиларга ҳайрихоҳлик белгиси сифатида ҳамда уларнинг ижтимоий муҳитга интеграциялашувида дуч келувчи муаммоларига эътиборни қаратиш мақсадида мовий рангда нур таратди.

Samarkand Half Marathon – Маданият ва санъат жамғармаси томонидан Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги кўмагида ташкил қилинувчи, ҳар йили ўтказилувчи хайрия пойгаси.

Хайрия пойгасига 1 ноябрь куни старт берилади. Унда бутун дунё мамлакатлари фуқаролари иштирок этиши мумкин.

69

Андижондаги қийноқ воқеаси: тергов якунланди

45
Тергов давомида 6 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 104, 227, 234 ҳамда 235 моддалари билан айб эълон қилинган

ТОШКЕНТ, 23 окт - Sputnik. Жорий йилнинг май ойида Андижон шаҳар Ички ишлар органлари Фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 4-сонли ички ишлар бўлими ходимлари фуқаро А.Абдукаримовни ноқонуний ушлаб турган ҳолда иқрорлик кўрсатуви беришга мажбурлаш мақсадида зўрлик ишлатиб босим ўтказишган. Оқибатда А.Абдукаримов вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси иш юритувига олиниб, тергов ҳаракатлари ўтказилган.

Тергов давомида 6 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 104 (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 206 (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 227 (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш), 234 (Қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) ҳамда 235 (Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) моддалари билан айб эълон қилиниб, 5 нафарига “қамоққа олиш” ва 1 нафарига “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” эҳтиет чоралари қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари тамомланиб, жиноят иши айблов хулосаси билан Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти судига мазмунан кўриб чиқишлик учун юборилди.

45
Зироат Мирзиёева

Зироат Мирзиёева фонди ҳаво сифат мониторингини ўтказишда қатнашмоқда

254
(Янгиланган 12:25 22.10.2020)
Транспорт воситаларидан чиқаётган зарарли ис-газлар, саноат чиқиндилари ва экотизимнинг бузилиши йилдан-йилга ҳавонинг ифлосланишига олиб келяпти. Оқибатда, онкологик, нафас респиратор ва юрак-қон томир касалликларининг кўлами ортиб бормоқда.

ТОШКЕНТ, 22 окт - Sputnik. БМТнинг Атроф-муҳит дастури (ЮНEП), БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси, БМТнинг Тараққиёт дастури, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича давлат қўмитаси ва бошқалар иштирокида ўтказилган давра суҳбатида ҳаво сифати, унинг мониторинги ҳамда ҳолатига оид маълумотлар очиқ-ошкоралиги масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда "Замин" фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева иштирок этиб, ушбу масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди, дейилади фонд матбуот-хизмати тарқатган хабарда.

Таъкидланишича, транспорт воситаларидан чиқаётган зарарли ис-газлар, саноат чиқиндилари ва экотизимнинг бузилиши йилдан-йилга ҳавонинг ифлосланишига олиб келяпти. Оқибатда, онкологик, нафас респиратор ва юрак-қон томир касалликларининг кўлами ортиб бормоқда.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш учун, аввало ҳавонинг сифат мониторингини ўтказиш, яъни турли моддалардан ифлосланиш даражасини ўлчаш зарур. Ушбу таҳлил натижалари бўлганидагина ҳавонинг ифлосланиши ва бунинг инсон саломатлигига салбий таʼсирини камайтириш чораларини кўриш мумкин.

"Ҳавонинг ифлосланиши чегара билмайди. Бу барчамизга таъсир қилади ва биз ушбу муаммони ҳал қилиш учун кучларни – ҳукуматлар, нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жамияти, илмий доиралар, бизнес ва саноат соҳасини бирлаштиришимиз керак. Ҳар бир инсон тоза ҳаводан нафас олишга ҳақлидир. Ҳозир, глобал соғлиқни сақлаш инқирозига дуч келган пайтимизда, бу айниқса муҳим", — дея таъкидлаб ўтган БМТ Атроф-муҳит дастурининг Европа минтақавий бюроси директори Бруно Поззи.

"Замин" фонди ҳамда ЮНEП кўмагида Гидрометеорология хизмати маркази томонидан «Атмосфера ҳавоси ифлосланишининг мониторингини автоматлаштириш» лойиҳаси уч босқичда амалга оширилиши кўзда тутилган.

Бугунги кунда лойиҳанинг биринчи босқичи якунланиб, 63 та кузатув пункти ягона таҳлилий марказга бирлаштирилди. Мониторинг натижалари monitoring.meteo.uz  очиқ онлайн платформаси ва AirUz мобил иловасида эълон қилиб борилади.

Иккинчи босқичда бутун республика бўйлаб автоматик ҳаво мониторинги станцияларини ўрнатиш ва ҳаво мониторинги учун халқаро стандартларни жорий этиш кўзда тутилган.

Учинчи босқичда мониторинг натижалари республикадаги Ягона геоинформацион маълумотлар базасига киритилиб, халқаро ахборот тизимларига интеграцияланади.

Грант маблағлари асосида ўрнатиладиган ушбу станциялар тўлиқ ишга тушиши натижасида, ҳаво сифати мониторинги халқаро стандартларга мувофиқ ҳар соатда олиб борилади. Фуқаролар ўзи истиқомат қиладиган жойининг ҳавосини ифлосланганлик даражасини ва унинг сабабларини аниқ билиш имконига эга бўлади.

254