ТОШКЕНТ, 2 янв — Sputnik. Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида авиа-парвозлар қайта тикланмоқда, бу ҳақда Uzbekistan Airways матбуот-хизмати хабар берди.
2021 йилда илк чартер рейс 5 январь куни амалга оширилади.
Ташувчининг аниқлик киритишича, самолёт Тошкент - Душанбе – Тошкент маршрути бўйича парвозни амалга оширади.
Аниқлик киритилишича, Тошкентдан самолёт маҳаллий вақт билан 09:30да учади ва Душанбега 10:30 етиб боради. Душанбедан ортга қараб 12да учади ва Ўзбекистон пойтахтига 13.00да учиб келади.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон ва Ўзбекистон пойтахтлари ўртасида авиа-парвозлар ўтган йилнинг 16 март санасида тўхтатилган эди.
Айни вақтда, Тожикистон бошқа мамлакатлар, хусусан, Россия билан авиа-қатновларни қайта тиклаш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
ТОШКЕНТ, 16 янв - Sputnik. Ўзбекистон Республикасида зиёрат туризми индустриясини янада такомиллаштириш мақсадида зиёратчиларга қатор қулайликлар яратилиб, хизмат кўрсатиш тизимлари учун алоҳида тартиблар белгиланди.
"Uzbekistan Airports" АЖ ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган дастур асосида зиёратчиларни ташиш бўйича мамлакат халқаро аэропортларида хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемаларига ерда кўрсатиладиган хизматларнинг асосий турлари учун эълон қилинган тарифларга 50%гача чегирмалар жорий қилинади.
Шунингдек, парвозлар кўламини кенгайтириш ва Ўзбекистондаги халқаро аэропортлар жозибадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга имтиёзлар берилиши ҳам кўзда тутилди. Унга кўра, хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемаларига ерда кўрсатиладиган хизматларнинг асосий турлари бўйича эълон қилинган тарифларга 30%гача табақалаштирилган чегирма қуйидаги ҳолларда тақдим этилишини маълум қиламиз:
– Ўзбекистон Республикасининг халқаро аэропортларига янги йўналишлар бўйича парвозларни йўлга қўйиш ва уларни ривожлантириш таклифи билан илк бор мурожаат қилган хорижий авиакомпаниялар учун;
- Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий аэропортларига (аэропортларидан) парвозларни амалга ошираётган хорижий авиакомпанияларнинг янги йўналишлари учун;
- мавжуд парвозлар сонидан ташқари шу йўналиш бўйича қўшимча қатновлар учун.
ТОШКЕНТ, 16 янв — Sputnik. Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида олимлар, давлат идоралари ва халқаро ташкилотлар иштирокида Илмий-мувофиқлаштириш кенгаши йиғилиши ўтказилди. Тадбир доирасида Ўзбекистон президентининг Олий Мажлисга мурожаатномасида янграган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги масалалар кўриб чиқилди.
Тадбир давомида Ўзбекистоннинг ҳозирги босқичидаги инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатига алоҳида эътибор қаратилди.
"Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзолиги илмий жамоатчиликка инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқий жараёнларни таҳлил қилиш ва бундан тадқиқот ва таълим жараёнида кенг фойдаланиш заруратини келтириб чиқаради", - дейилади релиз матнида.
Шунингдек, республика манфаатларини халқаро миқёсда илгари суриш инсон ҳуқуқларининг халқаро аспектида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашни талаб қилиши таъкидланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази маълумотларига кўра, жорий йилда мамлакатда "Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим" глобал форуми ўтказилиши режалаштирилмоқда, унда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришнинг янги муаммолари ва вазифалари муҳокама қилинади.
Кутилишича, тадбир ғоя алмашиш ва инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш борасида энг яхши тажрибага айланади.
Эслатиб ўтамиз, 2021-йил БМТ нинг таълим ва инсон ҳуқуқлари соҳасида декларацияси қабул қилинганининг 10 йиллиги нишонланади. Декларация 2011 йилнинг декабрида БМТ Бош ассамблеяси томонидан қабул қилинган. 2019 йилда Олий Мажлис палаталарининг қўшма қарори билан ҳужжатда қайд этилган низомларни амалга ошириш учун "Йўл харитаси" бўйича миллий режалар дастури тасдиқланган.
ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. 2020 йил давомида республика бўйича жами 1148 та жиноят иши бўйича 1723 нафар мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди.
Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 9 нафари республика, 45 нафари вилоят ва 1669 нафари туман-шаҳар миқёсидаги вазирлик, идора ва ташкилотларда фаолият юритган.
Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 835 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, 227 нафари фирибгарлик, 132 нафари пора олиш (бериш) ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш, 58 нафари мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, 31 нафари мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, 25 нафари мансабга совуққонлик билан қараш, 16 нафари мансаб сохтакорлиги ва 399 нафари бошқа жиноятларни содир этишган.
Мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 500,1 млрд. сўм миқдорида моддий зарар етказилган. Тергов жараёнида ушбу зарарнинг 355,7 млрд. сўми ундирилган.