Ўзбекистонда COVID-19га қарши биринчи навбатда эмланувчилар рўйхати баҳсларга сабаб бўлди

684
Журналистлар ва блогерларнинг биринчи навбатда вакцина олувчилар рўйхатига киритилгани қизғин муҳокамага сабаб бўлди

ТОШКЕНТ, 23 фев - Sputnik. Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Баҳодир Юсупалиевнинг "Ўзбекистон Республикасида коронавирус пандемияси даврида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шу жумладан, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш борасида режалаштирилаётган ишлар тўғрисида"ги ахборотини эшитмоқдалар.

Депутатлар таъкидлаганидек, айни кунларда коронавирусга қарши биринчи навбатда вакцина олувчилар рўйхатига журналистлар, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоат транспорти ходимлари, шунингдек чет давлатларда таҳсил олувчи талабалар ва меҳнат мигрантлари ҳам киритилганлиги ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бу эса, ўз навбатида, мазкур рўйхатни адолатли тарзда қайта кўриб чиқишни тақоза қилмоқда.

Мазкур масала юзасидан халқ вакиллари томонидан Ҳукуматга бир қатор таклифлар берилди.

Аҳолини эмлаш тадбирларига жалб этиладиган тиббиёт ва бошқа ходимлар жорий йилнинг февраль ойи якунига қадар коронавирусга қарши эмлаш масалалари бўйича қайта ва тўлиқ тайёргарликдан ўтказиш режалаштирилган.

Шунингдек, эмланиши лозим бўлган шахсларнинг электрон рўйхатини шакллантириш, 3 138 та эмлаш пункти, 862 та ҳаракатдаги ва мобиль бригадалар фаолиятини йўлга қўйиш, мавжуд 1 та марказий, 14 та ҳудудий ҳамда 206 та туман (шаҳар) вакцина сақлаш омборхоналарини, улардаги 457 та совуткич, 148 та электр генератор, 121 та термосумка ва термоконтейнерни шай ҳолатига келтириш ишлари олиб борилмоқда.

Коронавирус пандемиясига қарши курашиш жараёни мамлакат, халқ учун энг муҳим ва долзарб масалалардан бири эканлигидан келиб чиқиб, Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Коронавирусга қарши эмлаш, жумладан, вакцинация жараёнининг ихтиёрийлиги, биринчи навбатда эмланиши назарда тутилмаган аҳоли тоифаларини эмлаш, вакцинация натижасида рўй бериши мумкин бўлган салбий оқибатлар каби масалалар билан боғлиқ ҳолатларни қонуний ҳал этиш учун ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Халқаро тажрибадан келиб чиқиб, хавф гуруҳига кирувчи шахсларни биринчи навбатда эмлаш назарда тутилмоқда.

Парламент эшитувида халқ вакиллари кекса ва нуронийлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож, яъни “Темир дафтар”га киритилган ва ногиронлиги ҳамда сурункали касалликлари бўлган шахслар, тиббиёт ходимлари, мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим ташкилотлари, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини биринчи навбатда эмлаш ишларини ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди, деган таклифни илгари сурдилар.

Халқ вакилларининг ҳудудлардаги фаолияти доирасида коронавирусга қарши эмлаш ишларининг ташкил қилиниш жараёнлари устидан ҳам таъсирчан парламент назорати ўрнатилиши айтиб ўтилди.

684
Мавзу:
COVID-19 умумжаҳон пандемияси (1380)

Бутина америка турмаларидаги қийноқлар ҳақида гапирди

39
(Янгиланган 18:07 27.02.2021)
Бутинанинг айтишича, уни карцерга ўтказиб, у ерда тўрт ой давомида ушлаб туришган, гарчи халқаро стандартлар бўйича карцерда 15 кундан ортиқ ушлаш мумкин бўлмаган.

ТОШКЕНТ, 27 фев — Sputnik. Америка қамоқхонасидан озод қилинган россиялик, жамоатчилик палатаси аъзоси Мария Бутина "НТВ" учун суратга олинган фильмда америка турмасида бошидан кечирганлари ҳақида сўзлади.

"Рўй берган воқеаларни холокостга қиёслаш мумкин, ахир бу миллатингиз туфайли таъқиб эди-да. Ҳозир эса россиялик ватандошларимизни ҳам худди шундай миллати ва фуқаролиги учун таъқиб қилишмоқда", - деди у.

Бутинанинг айтишича, уни карцерга ўтказиб, у ерда тўрт ой давомида ушлаб туришган, гарчи халқаро стандартлар бўйича карцерда 15 кундан ортиқ ушлаш мумкин бўлмаган.

"Тунда ҳар 15 дақиқада светни ёқишиб: "Are you окay?" (Яхшимисан?) деб сўрашади. То уларга жавоб бермагунингга қадар сени уйғотаверишади", - деди Бутина.

Бундан ташқари, Бутинани аллақандай препаратлар қабул қилишга мажбур этмоқчи бўлишган.

"Улар одамни урмайди, шунчаки руҳан қийнашади, психотроп препаратлар ичишга мажбур этишади, чунки улар таъсирида тергов қилиш осонроқ", - дейди Мария.

Бутинанинг айтишича, кунига беш маҳалдан назоратчилар унинг камерасига келиб, контрабанда борлиги гумони остида уни яланғоч қилиб ечинтиришган.

Россияликнинг сўзларига кўра, камерада деярли ҳеч қачон свет ўчирилмаган. Боз устига, назоратчилар ҳамиша баланд чийилдоқ овоз чиқишини таъминлаб берганлар.

"Яъни улар ҳамиша шу чийилдоқ овоз билан ҳам мўртлашиб қолган руҳиятингизга таъсир ўтказишади. Иродангизни тамомила синдиришади", - деб хотима қилди Бутина.

Бутина 2018 йилнинг июлида қўлга олинган ва "ноқонуний чет эл агенти бўлиш мақсадида тил бириктирув" айблови билан 18 ойга қамалган. 2019 йилнинг октябрида Бутина озодликка чиқарилган ва Россияга депорт қилинган эди.

39

Ўзбекистонда Жанубий Корея гранти ҳисобидан 11 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилади

63
(Янгиланган 17:26 27.02.2021)
Корейс дастури нафақат болалар билан машғулотларни, балки ота-оналар билан ўзаро муносабатларни ҳам таъминлайди.

ТОШКЕНТ, 27 фев - Sputnik. Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин KOICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Пак Сунжин хоним билан учрашди, деб хабар бермоқда МТВ матбуот-хизмати.

Учрашув давомида Тошкентда Кадрларни қайта тайёрлаш марказини очиш ҳамда шу марказнинг ўзида давлат мактабгача таълим ташкилотини барпо этиш ҳақида келишилди.

Лойиҳа Корея Республикасининг ташқи ёрдами (гранти) ҳисобидан 11 миллион АҚШ доллари миқдорида (тахминий равишда) 2021-2026 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган.

Комплекс марказ мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари ва методистларини ўқитади ва малакасини оширади.

Корейс дастури нафақат болалар билан машғулотларни, балки ота-оналар билан ўзаро муносабатларни ҳам таъминлайди.

"Биз мактабгача таълимга кўпроқ ота-оналарни жалб қилмоқчимиз, пандемия вақтида, мактабгача ёшдаги болалар вақтинча мактабгача таълим ташкилотларига қатнамаган пайтда, ота-оналар ўзлари мустақил равишда фарзандлари билан биргаликда уларнинг билимини ривожлантириш, қобилиятларини аниқлаш ва йўналтириш кераклиги маълум бўлди. Ушбу марказ инновацион рақамли кластер ва энг яхши мактабгача таълим лойиҳаларидан бири бўлади деган умиддаман”, - деди Агриппина Шин.

Бундан ташқари, Марказ МТТлар учун инновацион ўқув-услубий қўлланмалар ва ўқув материалларини ишлаб чиқади.
Комплекс марказнинг қурилиши 2022 йилга мўлжалланган.

63