ТОШКЕНТ, 10 дек — Sputnik. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2016 йил 4-декабр куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови натижалари эълон қилинди. МСК қарорига кўра, Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига сайланган, деб тан олинди. Мирзиёевнинг Президент этиб сайлангани муносабати билан хорижий давлатлар раҳбарларидан табрик телеграммалари келишда давом этмоқда, деб хабар қилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот-хизмати.
Хабарда таъкидланишича, 10-декабр куни Америка Қўшма Штатлари президенти Барак Обама Шавкат Мирзиёевни табриклаб табрик телеграммасини йўллаган."Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига. Муҳтарам жаноб Президент! Америка Қўшма Штатлари номидан Сизни Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганингиз билан муборакбод этаман. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари мамлакатингиз мустақилликка эришгач, яъни 25-йил аввал бошланган. Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги, суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга доир сиёсатимиз бугун ҳам давом этмоқда.
Сизнинг Президент этиб сайланишингиз Ўзбекистон учун муҳим даврни бошлаб берди. Сизнинг минтақада ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда халқаро муносабатларда мувозанатни сақлашга қаратаётган алоҳида эътиборингизни қўллаб-қувватлайман. Шунингдек, Президент вазифасини бажарувчи сифатида муҳим соҳаларда, шу жумладан, иқтисодиёт ва қонун устуворлиги соҳаларида Сиз бошлаган ишларни катта мамнуният билан қайд этаман.
Ҳукуматингиз билан ўрнатилган ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз ҳамда ушбу алоқаларни янада чуқурлаштириш учун янги имкониятларни ишга соламиз. Ўзаро умумий манфаатларимизни ҳисобга олиб, мамлакатларимиз фаровонлиги йўлида биргаликдаги ишларимизни давом эттирамиз, деган умиддаман", — дейилган қутлов матнида.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йил 4-декабр куни бўлиб ўтган Ўзбекистон президенти сайловида ЎзЛиДеп партиясидан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев сайловчиларнинг 88,6% овозини олишга муваффақ бўлган эди.
ТОШКЕНТ, 27 фев - Sputnik. Бугун, 27-феврал куни Бишкек шаҳрига амалий ташриф билан келган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров томонидан қабул қилинди. Бу ҳақда ТИВ матбуот-хизмати хабар бермоқда.
Вазир Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаровга йўллаган мактубини топширди.
Бўлиб ўтган суҳбат чоғида томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ривожи ҳақида фикр алмашдилар.
Марказий Осиёда сўнгги йилларда шаклланган хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик муҳитини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, бугун денгиз портларига ва янги ташқи бозорларга энг қисқа йўл очадиган транспорт йўлаклари тизимини шакллантириш учун кенг имкониятлар яратилмоқдаки, бу, ўз навбатида, минтақалараро савдо-сотиқнинг жадаллашуви, транзит юк ташувларини орттириш, хом-ашё, асбоб-ускуналар ва тайёр маҳсулотларни ташиш нархининг пасайишига хизмат қилади.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов республиканинг ЕОИИдаги вакили Шуҳрат Шукуровни Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) ҳайъат раиси Михаил Мясниковичга таништирди. "Дунё" АА хабарига асосан.
Учрашув жума куни ЕИК биносида бўлиб ўтди.
"ЕИК ҳайъат раисига Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Ариповдан комиссия таркибига Ўзбекистон Республикасининг вакилини тайинлаш тўғрисида мактуб тақдим этилди", - дейилган хабарда.
Мясникович Шуҳрат Шукуровга янги масъулиятли лавозимда муваффақиятлар тилади.
Бундан ташқари, Шукуров ЕИКнинг интеграция ва макроиқтисодиёт вазири Сергей Глазьев ва савдо вазири Андрей Слепнев билан таништирилди.
2020 йил 11 декабрдан бошлаб Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи-давлат мақомини олди.
Куни кеча, Шуҳрат Шукуров Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқидаги вакили этиб тайинлангани маълум бўлди. Шу кунга қадар у Макроиқтисодий изланишлар ва прогноз институти директори ўринбосари лавозимида ишлаб келган. У Москва иқтисодий-статистика институтини ва Ўзбекистон давлат ва жамият қурилиши академиясидаги Олий бизнес мактабини тугатган. Ўзбекистон иқтисодий мажмуасида 30 йиллик меҳнат тажрибасига эга.
ТОШКЕНТ, 27 фев — Sputnik. Америка қамоқхонасидан озод қилинган россиялик, жамоатчилик палатаси аъзоси Мария Бутина "НТВ" учун суратга олинган фильмда америка турмасида бошидан кечирганлари ҳақида сўзлади.
"Рўй берган воқеаларни холокостга қиёслаш мумкин, ахир бу миллатингиз туфайли таъқиб эди-да. Ҳозир эса россиялик ватандошларимизни ҳам худди шундай миллати ва фуқаролиги учун таъқиб қилишмоқда", - деди у.
Бутинанинг айтишича, уни карцерга ўтказиб, у ерда тўрт ой давомида ушлаб туришган, гарчи халқаро стандартлар бўйича карцерда 15 кундан ортиқ ушлаш мумкин бўлмаган.
"Тунда ҳар 15 дақиқада светни ёқишиб: "Are you окay?" (Яхшимисан?) деб сўрашади. То уларга жавоб бермагунингга қадар сени уйғотаверишади", - деди Бутина.
Бундан ташқари, Бутинани аллақандай препаратлар қабул қилишга мажбур этмоқчи бўлишган.
"Улар одамни урмайди, шунчаки руҳан қийнашади, психотроп препаратлар ичишга мажбур этишади, чунки улар таъсирида тергов қилиш осонроқ", - дейди Мария.
Бутинанинг айтишича, кунига беш маҳалдан назоратчилар унинг камерасига келиб, контрабанда борлиги гумони остида уни яланғоч қилиб ечинтиришган.
Россияликнинг сўзларига кўра, камерада деярли ҳеч қачон свет ўчирилмаган. Боз устига, назоратчилар ҳамиша баланд чийилдоқ овоз чиқишини таъминлаб берганлар.
"Яъни улар ҳамиша шу чийилдоқ овоз билан ҳам мўртлашиб қолган руҳиятингизга таъсир ўтказишади. Иродангизни тамомила синдиришади", - деб хотима қилди Бутина.
Бутина 2018 йилнинг июлида қўлга олинган ва "ноқонуний чет эл агенти бўлиш мақсадида тил бириктирув" айблови билан 18 ойга қамалган. 2019 йилнинг октябрида Бутина озодликка чиқарилган ва Россияга депорт қилинган эди.