Назарбоев ва Мирзиёев учрашуви

Назарбоев Мирзиёевни Қозоғистонга таклиф қилди

278
Икки давлат раҳбарлари ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди, суҳбат чоғида Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоев ва қардош қозоқ халқини тарихий сана – Қозоғистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллиги билан самимий табриклади

ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. 2016 йил 15 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар қилинган Ўзбекистон ТИВ расмий сайтида.

Хабарда айтилишича, Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоев ва қардош қозоқ халқини тарихий сана – Қозоғистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллиги билан самимий табриклаган.

Ўз навбатида Қозоғистон Президенти Ўзбекистон раҳбарини Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимини бажаришга киришгани билан муборакбод этган.

Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон –Қозоғистон ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, томонларни қизиқтирган қатор минтақавий ва халқаро долзарб масалалар юзасидан фикр алмашган.

Давлат раҳбарлари ўзаро ҳамкорликнинг барча соҳалари бўйича амалий, ишончли ва очиқ мулоқотни давом эттиришга қатъий ишонч билдирганлар.

Нурсултон Назарбоев Шавкат Мирзиёевни ўзига қулай вақтда Қозоғистонга давлат ташрифи билан келишни таклиф этган ва ушбу таклиф мамнуният билан қабул қилинган.

278
Теглар:
телефон суҳбати, Қозоғистон президенти, сиёсат, телефон мулоқоти, учрашув, Мирзиёев, Назарбоев, Қозоғистон, Ўзбекистон