ТОШКЕНТ, 1 янв — Sputnik. 2016-йилнинг 31-декабр куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Германия Федератив Республикаси Ҳукумати ўртасида "Экотизимли ёндашув асосида ердан фойдаланиш ва Амударё қуйи оқимида экотизимни сақлаш" лойиҳасини амалга ошириш мақсадида техник ҳамкорлик тўғрисида Битим имзоланди, деб хабар қилинган Ўзбекистон ТИВ расмий сайтида.
Таъкидланишича, ушбу битим ГФР Ҳукуматининг Ўзбекистонга техник кўмак кўрсатишини назарда тутиб, унинг мақсади иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш чора-тадбирларига кўмаклашиш йўли билан Ўзбекистон Республикасида иқлимни ҳимоя қилиш ва барқарор ривожланишга ҳисса қўшиш ҳисобланади.
Мазкур Битимнинг 9-моддасига биноан ҳужжат 2016-йил 31-декабрдан кучга кирди.
ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан учрашди. Бу ҳақда республика ТИВ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Учрашув чоғида Камилов мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия томонини жорий йили Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияга таклиф қилган мактубини топширган.
Таъкидланишича, ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа томонларни қизиқтирган соҳалардаги Ўзбекистон – Россия муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилинган.
Илгари эришилган келишувларнинг ижро жараёни ҳамда бўлажак олий ва юқори даражалардаги тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.
“Томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасида доимий авиақатновларни тиклаш масаласини, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудига киришлари билан боғлиқ чекловларни бекор қилиш имконияти юзасидан фикр алмашдилар”, - дейилган хабарда.
Вазирлар БМТ, МДҲ, ШҲТ ҳамда бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг турли жиҳатлари борасида ҳам сўз юритди.
Афғонистондаги бугунги вазият, инклюзив афғонлараро музокараларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва Афғонистон иштирокида транспорт-коммуникасия лойиҳаларини амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев ҳукумат Россия махсус комиссиясига мунтазам парвозларни қайта тиклашни таклиф қилиб, мурожаат йўллаганини маълум қилган эди. У жорий йил март-апрель ойида бирор бир ижобий жавоб бўлишига умид билдирилаётганини таъкидлаган эди.
ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабартини қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Учрашувда маслаҳатчи Чакрабартининг Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларнинг узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган стратегиясини тайёрлаш, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, мамлакатнинг хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли муносабатларини кенгайтириш борасидаги таклиф ва тавсиялари кўриб чиқилди.
Мирзиёев “йўл харитаси” ва устувор йўналишлар бўйича бошқа муҳим концептуал ҳужжатларни биргаликда пухта тайёрлашни давом эттириш ва кейинчалик уларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
Инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, давлат улуши мавжуд корхоналарни трансформация қилиш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) собиқ раҳбари Сума Чакрабарти Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган эди.
ТОШКЕНТ, 2 мар - Sputnik. Инсоният дунёни сув босиши ҳодисасини бошдан кечириши мумкин, деди Рим папаси Франциск.
Унинг айтишича, бу фожиа турли давлатларнинг етакчилари глобал исишга қарши куриш учун чораларни кўрмайдиган тақдирда юз беради.
"Агар биз шу йўлдан бораверсак, у (бутунжаҳон сув босиши — Sputnik) юз беради", – дея иқтибос келтиради Рим папаси сўзларидан Corriere della Sera нашри.
Понтифик Ной фақат ўзининг эзгу-амаллари туфайли дунёни сув босганда омон қолганини эслатиб ўтди. У "воқеаларга, дунёга ва унинг муаммоларига хайрихоҳ бўлган ҳолда" ҳамжиҳатликда ҳаракатланиш кераклигини таъкидлаб, фуқаролар ва сиёсатчиларни ақл билан иш тутишга чақирди.
Сал аввал понтифик махсус фикр-мулоҳазалар йили ҳақида эълон қилган эди. Рим папаси бу йилни тез орада - 2021 йилнинг 19 мартида очиб бериши кутилмоқда.