Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Мирзиёев сентябр ойида АҚШга боришини маълум қилди

379
(Янгиланган 11:13 03.03.2017)
Ўзбекистон президенти жорий йил сентябрь ойида Нью-Йоркда бўладиган БМТ Бош Ассамблеяси БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашишга умид билдирди

ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. 2-март куни Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)га аъзо бўлганига роппа-роса чорак аср тўлди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш номига мактуб йўллади, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.

"Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Жаноби Олийларига

Муҳтарам жаноб Гутерриш!
Сизни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби лавозимидаги масъулиятли фаолиятингизни муваффақиятли бошлаганингиз билан самимий муборакбод этиш ҳамда ушбу олижаноб ва жаҳон ҳамжамияти учун ғоят муҳим бўлган ишингизда юксак омад тилаш менга катта мамнуният бағишлайди.

2 март куни биз ҳамкорлигимизнинг муҳим санаси – Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлганининг 25 йиллигини нишонламоқдамиз. Ушбу тарихий воқеа Ўзбекистон мустақил тараққиётида, миллий давлатчилигимиз ва суверенитетимиз жаҳон миқёсида эътироф этилишида энг муҳим асослардан бири бўлди.
Ишонч билан айта оламанки, мустақил Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида БМТ нуфузини ошириш ва салоҳиятини мустаҳкамлашга, унинг Низомида белгиланган мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқаришга муносиб ҳисса қўшди.

Ташкилотга аъзо бўлиш мамлакатимизга тинчлик, тараққиёт ва ҳамкорлик масалаларини глобал даражада илгари суриш, замонамизнинг қатор энг мураккаб халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик муаммоларини ҳал қилиш жараёнида фаол иштирок этиш имконини берди.

Ўзбекистон 1993 йилда илгари сурган ва БМТ кўмагида муваффақиятли амалга оширилган Марказий Осиёда Ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш ташаббуси ядро қуролини тарқатмаслик тартибини таъминлашга салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди.

Ўзбекистоннинг Афғонистон можаросига сиёсий йўл билан ечим топишга қаратилган Афғонистон Ислом Республикасига қурол-яроғ етказиб беришга эмбарго жорий этиш бўйича 1995 йилда ва “6+2” мулоқот гуруҳини тузиш бўйича 1997 йилда илгари сурган амалий таклифлари жуда қисқа муддатда етакчи давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг Афғонистонда тинчлик ўрнатишга қаратилган фаолиятини бирлаштиришга хизмат қилди.

Бош котиблар жаноб Кофи Аннаннинг 2002 йилда, жаноб Пан Ги Муннинг 2010 ва 2015 йилларда Ўзбекистонга ташрифлари Марказий Осиё минтақасида тараққиётга эришиш ҳамда мамлакатимиз ва БМТ ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Жаноб Пан Ги Муннинг 2010 йилда Оролбўйида бўлгани Орол фожеаси ва экологик офатга туташ минтақаларга жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини кучайтиришда муҳим роль ўйнади.

Шу муносабат билан Сизга ва бутун Ташкилотга БМТ шафелигида Орол денгизи ва Оролбўйи ҳудуди бўйича махсус Траст жамғармасини тузишга қаратилган саъй-ҳаракатлар қатъий қўллаб-қувватлангани учун миннатдорлик билдираман. 2017 йил 10 февралда БМТнинг “Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол денгизи фожеасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва мустаҳкамлаш” дастури амалга оширила бошлангани бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Муҳтарам жаноб Бош котиб!

Бугун дунё ижтимоий-сиёсий соҳалардан тортиб экологик муаммоларгача қамраб олган турли таҳдид ва хатарлар тобора кўпайиб бораётганига дуч келмоқда. Жаҳон иқтисодиётида конъюнктура ўзгараётган, глобаллашув ва рақобат кучайиб бораётган бугунги шароит барча мамлакатларнинг янада барқарор ва уйғун ривожланиши учун мутлақо янги ғоя ва принципларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни талаб этади.

Ўзбекистон 2015 йил сентябрь ойида БМТ саммитида қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларини самарали амалга оширишга доир глобал миқёсда кўрилаётган чора-тадбирларни маъқуллайди ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама ва жадал янгилаш учун шароитлар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда 2017 йил 7 февраль куни 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди. Мазкур ҳужжатнинг асосини мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий-гуманитар ислоҳ қилишнинг концептуал масалалари ташкил этади.

Ҳаракатлар стратегиясининг асосий қоидалари Барқарор ривожланиш мақсадларига мос эканини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу самарали ҳамкорлигимиз учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилишига ишонаман.

Сиз билан жорий йил сентябрь ойида Нью-Йоркда бўладиган БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида учрашамиз, деган умиддаман.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизга, жаноб Гутерриш, мустаҳкам соғлик, омад, масъулиятли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.

Самимий ҳурмат билан, Шавкат МИРЗИЁЕВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти"

Ўз навбатида, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам БМТ вакиллари билан ҳамкорлик учун Ўзбекистонга алоҳида миннатдорчилик изҳор этган.

379
Теглар:
БМТ, Мирзиёев, АҚШ
Заместитель премьер-министра Республики Казахстан Ералы Тугжанов и премьер-министром Республики Узбекистан Абдулла Арипов

Абдулла Арипов Қозоғистон бош вазири ўринбосари билан учрашди

168
Қозоғистон Бош вазирининг ўринбосари Ўзбекистонда Қозоғистон университетларининг филиалларини очиш имкониятларини кўриб чиқишни ҳамда икки давлат президентлик мактаблари ўртасида тажриба алмашишни таклиф қилди.

ТОШКЕНТ, 6 мар — Sputnik. Ўзбекистон бош вазири Aбдулла Aрипов Тошкентга ишчи ташрифи билан келган Қозоғистон бош вазирининг ўринбосари Ерали Тугжановни қабул қилди, деб хабар қилмоқда Қозоғистон бош вазири расмий сайтида.

Томонлар соғлиқни сақлаш, таълим ва фан соҳаларида Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.

Музокаралар чоғида иккала мамлакатдаги эпидемик вазият тўғрисида фикр алмашилди, COVID-19 га қарши курашиш бўйича кўрилган чораларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди, шу билан бирга эпидемия ва пандемия бўлган тақдирда тезкор чоралар кўриш ва ўзаро таъсир ўтказиш бўйича қўшма самарали чораларни ишлаб чиқишга келишилди.

Юқори технологиялар соҳасидаги қўшма лойиҳаларни кенгайтиришга ва икки давлат ўртасида узлуксиз тиббий таълим соҳасида, тиббий таълим муассасалари талабалари ва ўқитувчилари ўртасида академик ҳаракатчанликни кенгайтириш, тегишли қўшма илмий тадқиқотларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ўзаро алоқаларни ўрнатиш соҳасида ҳамкорликни фаоллаштиришга келишилди.

Қозоғистон Бош вазирининг ўринбосари Ўзбекистонда Қозоғистон университетларининг филиалларини очиш имкониятларини кўриб чиқишни ҳамда икки давлат президентлик мактаблари ўртасида тажриба алмашишни таклиф қилди.

Учрашув якунларига кўра, Ерали Тугжанов Ўзбекистон бош вазирини жавоб ташрифи билан Қозоғистонга таклиф этди.

168
Президент вручил награды самым активным и талантливым женщинам и девушкам

Мирзиёев хотин-қизларни 8-март билан табриклади

350
(Янгиланган 17:26 06.03.2021)
"Бундан буён Ўзбекистонда бирор аёл давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмайди", дея ваъда берган давлат раҳбари байрам арафасида ташкиллаштирилган тантанали тадбирда

ТОШКЕНТ, 6 мар - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат хотин-қизларини 8 март айёми билан табриклади. Айни дақиқаларда пойтахтдаги "Конгресс-ҳолл"да 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтмоқда, деб хабар бермоқда АОКА.

"Ҳамма ҳаракатларимизда аёлларимиз, муқаддас оналаримизни рози қилиш ётади. Мана шундай пайтда, сиз азизларнинг шаънингизга мадҳиялар айтиш учун одам шоир бўлиб туғилмаганига афсусланиб қолади. Сизлар биз учун аввало муқаддас она, азиз ватан, оила тимсоли, битмас-туганмас меҳр, эзгулик ва куч-ғайрат манбаидирсиз. Бу азалий ҳақиқатни, мураккаб пандемия шароитида, айниқса, чуқур ҳис этмоқдамиз. Сизларнинг барча соҳалардаги фидокорона меҳнатингиз ҳисобидан мамлакатимизнинг қудрати ва салоҳияти, халқаро обрў-эътибори тобора ортиб бормоқда. Бугун барча соҳаларда маррани жуда катта оляпмиз, улкан дастурлар, режа ва лойиҳаларни амалга оширяпмиз. Улар, биринчи навбатда, оналаримиз, опа-сингилларимиз, азиз фарзандларимизнинг ҳаёти ва меҳнат шароитини яхшилашга қаратилган. Фурсатдан фойдаланиб, барчамизга доимо тоғдек таянч бўлиб келаётганингиз учун сизларга, бутун Ўзбекистон хотин-қизларига чуқур миннатдорчилик билдираман", - деган Ўзбекистон раҳбари.

Мирзиёевнинг таъкидлашича, муаммолар бўйича манзилли иш олиб бориш учун мутлақо янги тизим — "Аёллар дафтари" жорий этилди ва кейинги 3 ойда республика комиссияси томонидан ушбу «дафтар»га киритилган 80 минг нафар хотин-қизнинг муаммолари ҳал этилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир аёлларнинг 32 минг нафари иш билан таъминланди. Инқирозга қарши кураш жамғармаси маблағлари ҳисобидан салкам 17 минг нафар хотин-қизга амалий ёрдамлар кўрсатилди.

 Аёл фарзанди бахтли бўлса, асл бахтни ҳис этади. Биргина "Ҳар бир оила — тадбиркор" дастури доирасида 126 мингга яқин аёлларга имтиёзли кредитлар берилди.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун қарийб 215 минг оилага 6 триллион сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди. Деярли 55 минг нафар хотин-қизлар тадбиркорлик ва касб-ҳунар марказлари томонидан ўқитилди, ҳунармандчилик ва касаначиликка жалб этилди. "Беш муҳим ташаббус" доирасида чекка ҳудудларда тикувчилик цехлари ташкил этилиб, 10 минг нафар аёллар бандлиги таъминланди.

Уй-жой сотиб олиш учун 1 250 нафар аёлларга қарийб 22 миллиард сўмлик бошланғич бадаллар тўлаб берилди.

Жорий йилда ҳам ушбу хайрли ишлар давом эттирилади ва бу борада куни кеча янги қарор имзоланган. Унга кўра, жамиятда аёлларга бўлган эътиборни энг қуйи бўғингача, маҳаллагача тушириб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг яхлит тизими яратилмоқда.

"Бундан буён Ўзбекистонда бирор аёл давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмайди", дея ваъда берган давлат раҳбари.

350

Европада COVID-19 учинчи тўлқини юз бериши мумкинми видео

0
Европа яна чекловлар киритмоқда: коронавирус учинчи тўлқини яқинлашмоқда. Нега унинг олдини олишга муваффақ бўлинмади? Жавоб Sputnik ролигида.

Греция Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари "қизил" зоналарни "тўқ қизил" зоналар, деб номлади, бир вақтнинг ўзида Латвия ССВ раҳбари "ташвиш тугмасини босиш" вақти келганини айтди.

Нега европа вакциналари қутқармаяпти? AstraZeneca қандай қилиб испания мактаблари ва ёнғин хавфсизлиги хизматлари фаолиятини ишдан чиқарди? Ва нима учун Россия препаратлари бехато ишламоқда? Шу ва бошқа саволларга жавоблар - бизнинг видеомизда.

0