ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2018-йил 15-феврал куни Қирғизистон Президенти Сооронбай Жеэнбеков билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар берди Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
Ўтган даврда қардош халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли Ўзбекистон — Қирғизистон ҳамкорлигини салмоқли даражада кенгайтиришга эришилгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.
Томонларнинг сиёсий иродаси ва амалий саъй-ҳаракатлари туфайли ўзаро муносабатлар стратегик шериклик даражасига етгани алоҳида таъкидланди.
2017-йилда уч марта олий даражадаги ташриф муваффақиятли амалга оширилди, уларнинг якуни бўйича ҳамкорликнинг долзарб масалаларига оид муҳим келишувларга эришилди, Ўзбекистон —Қирғизистон давлат чегаралари тўғрисида шартнома ва бошқа битимлар имзоланди.
Икки мамлакат ҳудудлари ўртасида самарали ҳамкорлик механизмлари йўлга қўйилди. Маданий-гуманитар соҳадаги алмашинувлар фаоллашди.
Мулоқотда давлат раҳбарлари олий даражадаги ўзаро ташрифлар давомида эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш зарурлигини қайд этдилар. Икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг бошқа масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Мулоқот якунида Шавкат Мирзиёев ва Сооронбай Жеэнбеков икки мамлакат ва халқ манфаатлари йўлида дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қатъий интилишини таъкидладилар.