"Доно сиёсатчи": МДҲда Назарбоев истеъфоси қандай қарши олинди

1410
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 19 март куни республика телеканаллари эфирида ўзининг давлат раҳбари сифатида ваколатлари тугагани тўғрисида фармонга имзо чекди. Сайловларгача Қозоғистон президенти вазифасини собиқ бош вазир, Парламент сенати спикери Касим-Жомарт Токаев бажаради.

ТОШКЕНТ, 20 мар — Sputnik. Нурсултон Назарбоевнинг истеъфоси ҳақидаги хабарни барча кутилмаган янгилик сифатида қарши олди, деди Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенко.

"Барча бу хабарни кутилмаган хабар тарзида қарши олди. Назарбоев жуда мулоҳазали, доно сиёсатчи. Агар у шу қарорни қабул қилган экан, демак шундай бўлиши керак", - дея иқтибос келтирмоқда РИА Новости Матвиенко сўзларидан.

У Назарбоев билан шахсан танишлигини таъкидлади, ва Қозоғистоннинг биринчи президенти Евроосиё иқтисодий иттифоқи ташкил топиши учун кўп ишларни амалга оширгани, ҳамиша Россия билан иккиёқлама муносабатларни чуқурлаштириш ва кенгайтириш тарафдори бўлганини қўшимча қилди.

Мамлакат президенти вазифасини вақтинча бажарувчи, Қозоғистон сенати раҳбари Касим-Жомарт Токаевни Валентина Матвиенко "зиёли, ўқимишли, давлат бошқарувига тайёр" инсон сифатида таърифлади.

"Қозоғистон ўтиш даврида ишончли қўлларда", - деди Федерация кенгаши спикери ва бугуноқ (19 март куни) Токаевга қўнғироқ қилишини қўшимча қилди.

Матвиенкога кўра, Қозоғистоннинг президенти ким бўлиши ҳақидаги қарор эса фақатгина республика халқи томонидан ҳал этилади.

Россия Давлат Думасининг халқаро масалалар бўйича қўмитаси раҳбари Леонид Слуцкий ҳам Назарбоевнинг истеъфоси кутилмаган янгилик бўлганини таъкидлади.

"У — евроосиё интеграцияси патриархи, собиқ совет иттифоқи майдонида энг обрўли сиёсатчилардан бири", - деди Слуцкий журналистларга.

У Россия-Қозоғистон шериклиги ўн йилликлар давомида синовдан ўтканини қайд этди.

"Биз аллақачон қардош халқларга айланганмиз. Ва бунда Нурсултон Абишевичнинг ҳиссаси улкан", - деди Слуцкий.

Слуцкий ҳам вақтинчалик президент вазифасини бажарувчи Касим-Жомарт Токаев билан шахсан танишлиги ҳақида гапириб берди.

"Ишончим комилки, у Қозоғистоннинг биринчи раҳбари томонидан бошлаб берилган - мамлакат тараққиёти сари йўлни давом эттиради. Россия билан муносабатларда ҳам давлат линияси изчил давом эттирилишига, умумий интеграцион уюшмаларда ва халқаро майдонларда ҳамкорлигимиз шундай давом этишига умид қилиб қоламиз", - дея хотима қилди қўмита раҳбари.

Ўрта Осиё институти МДҲ давлатлар бўлими раҳбари Андрей Грозин Назарбоевнинг истеъфоси сабабларига тўхталар экан, ушбу қарор ёш туфайли қабул қилинган, деган фикрни билдирди. Грозинга кўра, яъни форс-мажор ҳолатларда мамлакатда "шок" ҳолати юз бериши олдини олиш учун бу қарор қабул қилинган.

Эксперт фикрига кўра, бунда Назарбоевнинг сиёсий аренани тарк этиши ҳақида гап бораётгани йўқ.

"Нурсултон Абишевич хавфсизлик кенгашига умрбод раҳбар бўлишдан ташқари расман ҳеч қандай мансабни эгалламай, норасмий етакчи бўлмоқчи, яъни қозоқ Дэн Сяопинига айланмоқчи. Ахир у шу тариқа мамлакат сиёсий ҳаётидаги қолган иштирокчиларга нисбатан ва ҳатто мақомига қарамай, ҳамиша юқорида туради", - деди эксперт.

Ўзбекистон Фанлар Академияси тарих институтининг катта илмий ходими Равшан Назаровга кўра, Қозоғистон Нурсултон Назарбоев узоқ йиллар давомида барпо қилиб келган кўпвекторли сиёсатни сақлаб қолиши лозим.

"Узоқ йиллар давомида Назароев кўпвекторли ташқи сиёсатни олиб борди. Агар ушбу кўпвекторлик сақлаб қолинса - бу катта ютуқ бўлади", - деди Назаров РИА Новостига берган интервьюсида.

Эксперт Қозоғистоннинг янги раҳбарияти Назарбоев томонидан тўпланган ташқи сиёсий багажни қўлдан бой бермаслигига умид билдирди.

"Бу Ўзбекистон учун жуда муҳим, Қозоғистон билан тарихан кўп нарса боғлаб туради", - деди эксперт.

Назарбоев президентлик постини сал кам 29 йил эгаллади. У илк бор 1990 йилнинг 24 апрелида Қозоқ СССР президенти этиб сайланган. 1991 йилнинг декабрида уни мустақил давлат раҳбари сифатида сайлашган. Бунга қадар 5 йил мобайнида у республика вазирлар кенгаши раиси лавозимида, 1989 йилдан 1991 йилга қадар Қозоғистон компартияси биринчи котиби лавозимида фаолият юритган.

* Дэн Сяопин (1904-1997) —Хитойнинг давлат, ҳарбий ва партиявий етакчиси, у 1980-йй охирида ўзи томонидан эгаллаб турилган расмий лавозимларни тарк этган, аммо мамлакатнинг норасмий етакчиси мақомини сақлаб қолган.

1410
Мавзу:
Нурсултон Назарбоев ўз хоҳиши билан истеъфога чиқди (21)