Хитой раисининг Ўзбекистонга ташриф буюриши кутилмоқда

334
(Янгиланган 10:45 15.10.2020)
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга бўлажак давлат ташрифига пухта тайёргарлик кўрилмоқда.

ТОШКЕНТ, 15 окт — Sputnik. Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабаридан маълум бўлди.

Шавкат Мирзиёев Хитой ҳамда Жанубий Корея билан ҳамкорликдаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар лойиҳалар ижросига бағишланган йиғилиш ўтказди.

“Хитой билан ҳам алоқалар изчил ривожланмоқда. Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг мамлакатимизга бўлажак давлат ташрифига пухта тайёргарлик кўрилмоқда”, - дейилган хабарда. Бироқ ташриф санаси маълум қилинмаган. Си Цзиньпин илк бор 2016 йил 21 июнь куни давлат ташрифи билан мамлакатга келган эди.

Хабарда ёзилишича, шу йилнинг 8 ойи давомида Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми 4 миллиард долларга, Жанубий Корея билан 1,4 миллиард долларга етди.

Президент иштирокида Хитой ва Кореяга экспорт масаласи муҳокама қилинди

Йиғилишда президент бу давлатлар билан ҳамкорлик бўйича имкониятлар кўплиги, лекин ҳозирги натижалар етарли даражада эмаслигини таъкидлади. “Йўл хариталари” ижроси оқсаётгани, иш тизимли олиб борилмаётганини жиддий танқид қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Хитой ТИВ раҳбарлари Абдулазиз Камилов ва Ван И бўлажак олий даражадаги тадбирларни муҳокама қилгани хабар қилинган эди.

334
Король Испании Филипп VI

Испания қироли Ўзбекистонга ташриф буюриш истагини билдирди

364
Ўзбекистон бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Испания қироли Филипп VI қабулида бўлди.

ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. Испания қироли Филипп VI пандемия билан боғлиқ вазият юмшаганидан сўнг Ўзбекистонга расмий ташриф билан бориш истаги борлигини билдирди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбоут хизмати хабар қилмоқда.

Маълум қилинишича, Испания қироли Филипп VI томонидан “Palacio Real de Madrid” саройида хорижий делегациялар раҳбарлари шарафига расмий қабул ташкил этилган.

Ўзбекистон бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Испанияга ташрифи доирасида қирол Филипп VI қабулида бўлган.

Представители дипломатических миссий на торжественном приеме у короля Испании
Представители дипломатических миссий на торжественном приеме у короля Испании

Юзма-юз суҳбатда Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда ўзбек халқи номидан Испания қироли ва унинг оила аъзолари, шунингдек,  испан халқига саломини йўллаб, самимий тилакларини етказган. 

Қирол Филипп VI, ўз навбатида, 2017 йилнинг июнь ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити доирасида Остона шаҳрида Шавкат Мирзиёев билан учрашувини илиқ хотиралаган.

“Испания қироли бугунги кунда Испания ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатлар узоқ тарихга эга экани, олти аср илгари Испания қироли элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг Самарқандга амалги оширган ташрифи ва Амир Темур билан учрашувига бориб тақалишини айтди. Икки мамлакат ўртасидаги дўстлик муносабатларининг давоми сифатида Ўзбекистон томонидан Испания компаниясининг “Тальго” русумли поездлари сотиб олингани, улар асосий туризм шаҳарларини боғлаётгани ҳамда яна янги икки поезд олиб келиш каби режалар қиролда катта қизиқиш уйғотди”, - дейди Азиз Абдуҳакимов.

Шунингдек, Испания қироли пандемия билан боғлиқ вазият юмшаганидан сўнг Ўзбекистонга расмий ташриф билан бориш истаги борлигини билдирди.

364

Россия ТИВ АҚШнинг ноқонуний митинглар ҳақидаги баёнотига кескин жавоб берди

965
РФ ТИВ Вашингтонда 6 январ куни манифестациялар ва Капитолий штурми рўй берганида Москвадаги АҚШ элчихонаси ҳеч қандай баёнот эълон қилмаганига эътибор қаратар экан, элчихона ўшанда "ўз фуқароларини тинч норозиликларга" мотивация қилмаганини қайд этиб ўтган.

ТОШКЕНТ, 23 янв - Sputnik. Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг Россиядаги ноқонуний акциялар ҳақидаги баёнотига кескин жавоб қайтарди.

Россия ТИВ АҚШ элчихонасининг РФдаги келишилмаган акциялар бўйича баёнотига изоҳ берар экан, америкалик ҳамкасбларни бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмай, шахсий муаммолари билан шуғулланишга чақирди.

Сал аввал америка дипмиссияси Россиядаги ноқонуний акциялар ҳақидаги хабарлар фонида, "Россиянинг 38 шаҳридаги норозилик акциялари ҳақидаги хабарларни кузатиб бораётгани" ҳақида баёнот қилган эди. АҚШ элчихонаси шунингдек, "одамларнинг тинч норозиликлар, фикрни эркин билдириш ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашини", Россия ҳукумати кўрган чоралар эса "ушбу ҳуқуқларни бостиришга қаратилганини" қўшимча қилган.

Сал аввал Вашингтонда оммавий тартибсизликлар рўй берган, у ерда полиция АҚШ президентлигига сайловлар натижаларидан норози бўлганларни ҳибсга олган эди.

Аммо бу воқеаларга АҚШ элчихонаси томонидан ҳеч қандай изоҳ бўлмаган.

"Ўз муаммоларингиз билан андармон бўлинг ва бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашишни бас қилинг", - дейилади Россия ташқи сиёсий маҳкамасининг Facebookдаги хабарида.

РФ ТИВ 6 январ куни Вашингтонда манифестациялар ва Капитолий штурми рўй берганида Москвадаги АҚШ элчихонаси ҳеч қандай баёнот эълон қилмаганини, "ўз фуқароларини тинч норозиликларга" мотивация қилмаганини, тартибсизликлар вақтида юз берган қотилликлар ва юздан ортиқ инсонларнинг ҳибсга олинганини қораламаганини қайд этиб ўтган. Аксинча, Россия ТИВ хабарига кўра, сал ўтиб, АҚШнинг Россиядаги элчиси юз берган воқеаларни "жиноий босқинчилик", деб атаган.

"Полиция намойишчиларга ўқ узишни бошлаб, ҳукуматингиз туфайли тинч норозиликлар нотинч норозиликларга айланиб кетганини бутун сайёра кўриб турди. Сўнгра эса, АҚШ ҳукумати американинг тинч норозичилари ҳаракатларини "демократияга тажовуз", дея атади. Иккиюзламачилик - америка дипломатиясининг инструменти, у айниқса ковид-эпидемия вақтида ўта хавфли тус олди", - дейилади РФ ТИВ баёнотида.

Россия ИИВ ва Бош прокуратураси Москва ва бошқа шаҳарларда 23 январ куни режалаштирилган санкцияланмаган акйияларнинг ташкилотчилари билан бир қаторда оддий иштирокчиларини ҳам жавобгарлик ҳақида бир неча маротаба огоҳлантирган эди. Ноқонуний акциялар провокация, жамоат тартибига таҳдид сифатида баҳоланади ва "шу пайтнинг ўзида бостирилади".

Параллел равишда Бош прокуратура интернетда тарқатилаётган шу хилдаги тадбирларга келиш ҳақидаги чақириқларни блоклашни талаб қилди, бундай даъватлар қонунда таъқиқланган. Президент матбуот-котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, бундай акцияларга "маълум фитначилар" даъват қилмоқда, ва уларнинг ҳаракатлари мақсади Кремльга "яхши аён".

Мактаб ўқувчиларига алоҳида эътибор қаратилмоқда – ота-оналардан болаларни бу сингари акциялардан четлатиш сўралмоқда. Талабаларга ҳам худди шундай мурожаатлар билан мурожаат қилинган, бу сингари тадбирларда талабаларнинг иштирокига "таълим муассасаси раҳбарияти томонидан турлича баҳо берилиши мумкин".

РИА Новости билан суҳбатда Москвадаги болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Ольга Ярославская ҳам "болаларнинг сиёсий ўйинларга жалб этилиши"га кескин қарши чиққан. Аёл сўзларига кўра, болалар сал улғайгач, у ёки бу ҳаракатлар замирида нима ётганини тушуниб оладилар.

Россия шаҳарлари ҳукуматлари сал олдин оммавий тадбирларга рухсат берилмасликни коронавирус туфайли юзага келган мураккаб эпидемиологик вазият билан тушунтирган эдилар.

965

Товарларнинг нархларини чет-эл валюталарига боғлаш мумкин бўлди

387
“Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, эндиликда товарларнинг нархлари чет-эл валюталари ва шартли бирликларига боғланиши мумкин.

ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. 22 январь куни қабул қилинган қонун билан “Валютани тартибга солиш тўғрисида"ги қонунга қўшимчалар киритилди.

Унга мувофиқ, Ўзбекистонда реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархлари чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланиши мумкин. Бу тартиб фақат президент қарорлари асосида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар ва Ҳукумат орқали жалб этилган чет эл инвестициялари лойиҳаларига тааллуқли. Бунга қадар мазкур тартиб мавжуд эмас эди.

Концессиялар билан боғлиқ муносабатлар “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунда ўз аксини топмоқда.

Концессия лойиҳаларини рўёбга чиқариш ДХШ лойиҳалари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Эндиликда фақатгина қиймати 1 млн доллардан ортиқ лойиҳаларининг тендер ҳужжатлари ва ДХШ тўғрисидаги битимларнинг лойиҳалари келишилади.

Киритилган қўшимчалар билан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат-хусусий шериклик соҳасидаги ваколатлари белгиланди.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларига оид маълумотларнинг эълон қилинадиган қисми аниқлаштирилди.

Хусусан, бунда расмий веб-сайтларга лойиҳа тарафлари, фаолият йўналиши, жойлашган ери, лойиҳа муддати ва умумий қиймати, товарлар, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажми ва турларига оид маълумотлар жойланади.

387