Мирзиёев зиёлилар миссияси ва янгича дарс методикаси ҳақида

312
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

ТОШКЕНТ, 31 окт - Sputnik. Куни кеча президент Шавкат Мирзиёев раислигида Ўзбекистонда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Зиёлилар - келажак бунёдкорлари 

Ўзбекистон президенти йиғилиш аввалида ўқитувчи, муаллим шахсига тўхталар экан, Ўзбекистон халқи ҳамиша "устозни отадай улуғ деб билган, доимо ардоқлаган маърифатпарвар халқ" бўлганини эслатиб ўтди.

"Мен ҳам ўқитувчи, муаллим деганда ўзим учун энг азиз ва ҳурматли бўлган, зиёли ва замонавий, самимий ва меҳрибон инсонларни тасаввур қиламан. Чунки ҳаммамизга ҳам шу муаллим сабоқ ва таълим бериб, меҳрибон ота-оналаримиз қаторида тарбиялаган. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври пойдеворини яратяпмиз. Бунда бизнинг энг яқин кўмакчиларимиз устоз ва мураббийлар, илмий ва ижодкор зиёлилардир".

Ҳар бир оила, ҳар бир бола ҳаёти мактаб билан боғлангани, бу масала давлатнинг, жамиятнинг энг муҳим иши экани таъкидланди.

"Ҳаммамиз азиз фарзандларимиз ҳаёти ва тақдирини ўқитувчи ва мураббийларга ишониб топширамиз. Мана шундай беқиёс бойлик посбонлари, келажак бунёдкорлари бўлган бу мўътабар зотларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатишимиз керак", – деди президент.

Мактаблар - маҳалланинг интеллектуал марказига айланиши лозим

Йиғилишда бугунги модернизация жараёнлари, ислоҳот ва ўзгаришлар натижадорлиги мактаб таълимига, янги авлод кадрларини етиштириш масаласига бориб тақалаётгани қайд этилди. Мактаб директорлари ва муаллимларга кўп нарса боғлиқлиги таъкидланган. Улар қишлоқ ва шаҳарларда таълим-тарбия, маданият ва маънавият тарқатадиган фидойи кишилардир. Мактаблар нафақат таълим маскани, балки маҳалланинг маданий, интеллектуал маркази бўлиши зарур.

Маълумки, мамлакат таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш мақсадида Президент фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжат regulation.gov.uz порталига қўйилиб, барча ҳудудларда, маҳаллий кенгашларда ва мактаб жамоаларида ота-оналар иштирокида кенг муҳокама қилинди.

Фармон лойиҳасида таълимдаги ҳозирги муаммоларни ҳал қиладиган, яқин беш йилда натижасини кўрсатадиган ва кейинги тараққиёт даражасини белгилаб берадиган мақсадлар қамраб олинган.

Жумладан, жамиятда муаллимнинг обрў-эътибори ва мақомини кўтариш, ўқув дастурлари ва методикасини тўлиқ қайта кўриб чиқиш, мактабни таълимнинг кейинги босқичлари билан узвий боғлаш, ўқитувчиларни ортиқча қоғозбозликдан халос этиб, ўз устида кўпроқ ишлаши учун шароит яратиш ва шуни рағбатлантириш, мактаб инфратузилмаси ва ундаги маънавий муҳитни яхшилаш каби масалаларнинг ечимлари аниқ белгилаб берилмоқда.

Энг асосийси, жойлардаги раҳбарларнинг, шунингдек, маҳаллий кенгашларнинг ушбу муҳим масалага ёндашуви ва эътиборини тубдан ўзгартириш, уларнинг масъулияти, жавобгарлиги ва ҳисобдорлиги механизмлари киритилмоқда.

Фақат ёдлашга эмас, фикрлашга чорлайдиган методика зарур

Видеоселектор йиғилишида таълим соҳасидаги муаммолар, уларни ҳал этиб, таълим сифатини оширишга оид вазифалар муҳокама қилинди. Давлат раҳбари аввало мактабларда ўқув юкламаси ва дарслар сонини қайта кўриб чиқиш, ўқувчиларни фақат ёдлашга эмас, балки фикрлашга чорлайдиган методика яратиш зарурлигини таъкидлади.

Бу борада Финляндия тажрибаси мисол қилиб келтирилди. Ушбу мамлакат умумий саводхонлик, табиий фанлар ва математика бўйича дунёда энг илғорлардан бири.

"Мактабда ўқитиш методикаси ўзгармаса, таълим сифати ҳам, мазмуни ҳам, муҳит ҳам ўзгармайди, – деди Шавкат Мирзиёев.  

Дунёдаги замонавий ўқув дастурлари, ўқитиш методикаларини ўрганиб, мамлакатдаги умумтаълим мактабларида жорий қилиш муҳимлиги таъкидланди. Халқ таълими вазирлигига ушбу тажриба асосида Миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиб, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб таълим жараёнига синов тариқасида татбиқ этиш вазифаси қўйилди.

Янги методикани самарали йўлга қўйиш учун барча мактаб ўқитувчилари видеоалоқа орқали хорижий мутахассислар иштирокида ўқитилади. Энг муҳими, бу жараёнларга педагогика йўналишидаги университет ва институтлар ҳам жалб қилиниб, педагог кадрлар тайёрлаш методикаси ҳам янгиланади. Шунингдек, математика, физика, кимё, биология ва информатика фанлари бўйича чет эллардаги илғор дарсликлар чуқур ўрганиб чиқилади.

Мактабларни таъмирлаш, ободонлаштириш, иситиш каби хўжалик масалаларига ҳокимлар шахсан масъул экани эслатиб ўтилди. Шунингдек, олий ўқув юртига кира олмаган битирувчиларни муайян касб-ҳунар ёки тадбиркорликка жалб этиш муҳим.

Шу боис келгуси йилдан бошлаб 7-синфдан ўғил-қизларнинг касбга қизиқишларини аниқлаш ва босқичма-босқич касбга йўналтириш амалиёти жорий қилиниши белгиланди. Ҳудуддаги саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш корхоналари мактабларга бириктирилади.

Мактаблар рейтинги ҳақида

Ҳар бир мактаб рейтингини ҳамда шу асосда таълим сифати бўйича туман, шаҳар ва вилоятлар рейтингини ишлаб чиқиш зарурлиги айтилди. Рейтинг натижаларига қараб, мактаб директорлари ва ўринбосарлари, ўқитувчилар, ҳокимлар ва уларнинг таълим бўйича маслаҳатчилари фаолиятига баҳо берилади.

Рейтингда биринчи бешликка кирган мактаб директорларига маҳаллий бюджетдан устама тўланади. Хусусан, мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарларига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 бараваридан 12 бараваригача рағбатлантирувчи тўловлар берилади. Шу билан бирга, халқ таълими бўлими раҳбари ва методисти, мактаб директорлари, туман рейтингида биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган мактабларнинг 2 нафар илғор ўқитувчисига касаба уюшмалари ҳисобидан ҳар йили сиҳатгоҳларга икки ҳафталик бепул йўлланма берилади. Шунингдек, фидойи педагоглар бошқа йўллар билан ҳам рағбатлантирилади.

Йиғилишда педагог кадрлар малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда педагоглар ҳар 5 йилда, раҳбар кадрлар эса ҳар 3 йилда малака оширмоқда. Лекин бу тўла қамров учун етарли эмас. Жорий йилда Сирдарё вилоятида 11 минг нафар мактаб ўқитувчиларининг барчаси синов тариқасида масофавий малака ошириш курслари билан қамраб олинмоқда.

Келгуси йили Бухоро, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида малака ошириш бўйича масофадан ўқитиш ташкил этилади. Тошкент давлат педагогика университети педагог кадрлар малакасини оширишда республикада етакчи олийгоҳ этиб белгиланади. Авлоний номидаги малака ошириш институти эса таълим муаммоларини чуқур ўрганадиган илмий-тадқиқот даргоҳи бўлади.

Ўқитувчилар тоифасини белгилаш тартибини ҳам тубдан қайта кўриб чиқиш лозимлиги таъкидланди.

Бугунги кунда халқ таълими тизимида меҳнат қилаётган 490 мингдан зиёд педагогларнинг 4 фоизи олий, 15 фоизи биринчи тоифага эга. 4 босқичдан иборат амалдаги аттестация тизимида қоғозбозлик ҳанузгача сақланиб қолган.

Шу боис мутасаддиларга тоифа бериш тартибини соддалаштириш, педагоглар билимини йил давомида баҳолаш имконини берувчи 2 босқичли тизимга ўтиш бўйича кўрсатма берилди.

Яна бир муаммо – таълим сифати пастлиги, моддий-техника базаси етарли бўлмагани сабабли айрим мактаблар тўлиқ қувватда ишламаяпти. Масалан, Тошкент шаҳридаги 32 та мактабда ўқувчиларни қамраб олиш даражаси паст.

Мамлакатда хусусий таълим муассасаларига кенг шароит яратилаётгани боис келгуси йилдан эксперимент тариқасида кам қувватда ишлаётган мактабларни танлов асосида салоҳиятли талабгорларга ишончли бошқарувга бериш таклифи билдирилди.

Директорлар танлов асосида тайинланади

Мактабларда замонавий бошқарувни жорий қилиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Энди мактаб директорларини лавозимга тайинлаш бевосита маҳаллий кенгашлар билан келишилган ҳолда, танлов асосида амалга оширилади. Ҳар бир номзод мактабнинг кўрсаткичларини келгуси 3 йилда юқори даражага олиб чиқиш бўйича ўз дастури билан танловда иштирок этади ва ҳар йили кенгашлар олдида ҳисобот беради.

Бундан асосий мақсад – мактабларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш, директорлар ишига ноқонуний аралашувлар ва кадрлар қўнимсизлигига барҳам бериш.

Мактаблар билим билан бирга тарбия, маънавият маскани ҳамдир. Давлат раҳбари бу ишларга ҳудудларда яшаб, ижод қилаётган шоир ва ёзувчиларни кенг жалб қилиш, мактабларнинг директор жамғармасидан ва маҳаллий бюджет маблағларидан  уларга ойлик маош тўлаш лозимлигини таъкидлади.

Олий таълим соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва қамровни ошириш, ҳар бир ҳудудда камида биттадан нодавлат олий билим юрти ташкил қилиш муҳимлиги қайд этилди.

"Бугун кўриб чиқилган масалалар ҳаммадан, мактаб директоридан бошлаб Бош вазиргача бўлган барча бўғиндаги раҳбарлардан юксак масъулият ва юқори даражадаги жавобгарликни талаб қилади. Бу – йиллар давомида кўринмайдиган, аммо натижаси яқин 10-15 йилда бутун мамлакат қиёфасини тубдан ўзгартиришга асос бўладиган қудратли манба", – деди Мирзиёев.

Парламент вакиллари, шунингдек, жойлардаги маҳаллий кенгаш депутатларидан таълим тизимидаги ўзгаришларни халқимизга етказиб, дахлдорлик ҳиссини ошириш, фармон қабул қилингач, ижросини назоратга олиш, ўз тажрибалари билан амалий ёрдам бериш сўралди.

312

Бухоро вилоятида бир кунда учта туман ҳокими ўзгарди

121
Аввалроқ президент иш ўринлари ташкил этиш, тадбиркорлар муаммоларини ҳал қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида ўзибўларчиликка йўл қўйганлиги учун Бухоро ва Жондор туман ҳокимларини лавозимидан озод этиш масаласини қўйган эди.

ТОШКЕНТ, 3 дек — Sputnik. Халқ депутатлари Бухоро, Жондор ва Пешку туманлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўрилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти матбуот хизмати хабар қилди.

Бухоро туманидаги сессияда “Ғиждувон ЭИЗ” раҳбари вазифасида ишлаб келган Хайрулло Жўраев туман ҳокими этиб тасдиқланди.

Туманнинг собиқ ҳокими Қаҳрамон Дўстов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди.

Жондордаги сессияда вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Санъатилло Ҳикматов туман ҳокими этиб тасдиқланди.

Туманнинг собиқ ҳокими Камол Камолов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди.

Пешку туманидаги сессияда Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ваҳоб Қаҳҳоров туман ҳокими этиб тасдиқланди.

Туманнинг собиқ ҳокими Амрулло Назаров вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланганлиги сабабли Пешку тумани ҳокими вазифасидан озод этилди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 24 ноябрь куни ўтган видеоселектор йиғилишида иш ўринлари ташкил этиш, тадбиркорлар муаммоларини ҳал қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида ўзибўларчиликка йўл қўйганлиги учун Бухоро, Жондор ва Сирдарё туман ҳокимларини лавозимидан озод этиш масаласи қўйилган эди.

121
Теглар:
ҳокимлар ишдан олиниши, ҳоким ўзгариши, ҳоким, янги тайинлов, Пешку тумани, Жондор тумани, Бухоро тумани, Бухоро вилояти
Флаги стран ОДКБ, архивное фото

ОДКБ МДҲ, ШҲТ, ЕХҲТ, НАТО ва ЕИ билан учрашув ташкил этиш таклифини илгари сурди

443
Музокараларда умумий хавфсизлик майдонини шакллантиришда биринчи қадам бўлиши мумкин бўлган стратегияни муҳокама қилиш таклифи билдирилган.

ТОШКЕНТ, 2 дек — Sputnik. Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти МДҲ, ШҲТ, ЕХҲТ, НАТО ва Европа Иттифоқининг ваколатли вакиллари қўшма йиғилишини ташкил этиш таклифини илгари сурди, деб хабар берди РИА Новости.

"Биз ҳар биримизнинг хавфсизлигимиз бошқалар хавфсизлиги билан боғлиқ, деган принципдан келиб чиқамиз. КХШТ давлатларининг бўлиниш чизиқларидан, можаролардан, таъсир доираларидан ва турли даражадаги хавфсизлик зоналаридан холи дунёни яратишга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатлари замирида айнан шундай бирлаштирувчи асос ётади", - дейилади КХШТ кенгаши сессияси якунида қабул қилинган қўшма баёнотда.

Музокараларда умумий хавфсизлик майдонини шакллантиришда биринчи қадам бўлиши мумкин бўлган стратегияни муҳокама қилиш таклифи билдирилган.

443

“Спутник V”: 50тадан ортиқ давлат вакцинани сотиб олиш учун буюртма берди

133
Россия тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси 50 дан ортиқ давлатдан 1,2 миллиард доза “Спутник V” вакцинасини сотиб олиш учун аризалар қабул қилди.

ТОШКЕНТ, 3 дек — Sputnik. Россия тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси 50 дан ортиқ давлатдан 1,2 миллиард доза “Спутник V” вакцинасини сотиб олиш учун аризалар қабул қилди, деди брифингда Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова.

Унинг сўзларига кўра, чоршанба куни БМТ Бош ассамблеясининг 31-махсус сессияси доирасида Россия вакцинасининг тақдимоти бўлиб ўтди ва бу халқаро шерикларда катта қизиқиш уйғотди.

"Россия тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси ва Гамалея институти фаолияти тўғрисида яна бир неча сўз айтмоқчиман. Улар нафақат Россияда оммавий эмлаш учун “Спутник V” вакцинасини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, балки хорижий мамлакатларда Россия препаратини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва хорижий бозорларга чиқиш учун иш олиб бормоқда", - деди Захарова.

Россиянинг БМТдаги доимий ваколатхонаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги "Спутник V: COVID-19 га қарши вакцина" виртуал тадбирида Россия препаратини тақдим этди. Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашконинг таъкидлашича, рўйхатдан ўтишдан кейинги синовлар Россия, Беларусь, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Венесуелада ўтказилмоқда, бундан ташқари Бразилия ва бошқа давлатларда тест ўтказиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Унинг таъкидлашича, " Спутник V" "кучли иммунитет ва антитаначалар жавоб" ни кўрсатди.

Ўз навбатида, Россия тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриев “Спутник V”ни 40 мамлакатда тасдиқлаш учун ариза топширганини ва ушбу мамлакатлардаги назорат органлари билан иш олиб бораётганини қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, вакцинанинг нархи дозаси 10 доллардан кам бўлади, "баъзи мРНК вакциналарига қараганда анча арзон".

133