Мустақиллик тантаналари. Архив сурат

Ўзбек санъаткорларига концерт олдидан “шов-шув” кўтариш таъқиқланди

321
(Янгиланган 10:03 16.12.2015)
Бугун эълон қилинган ҳукумат қарорига мувофиқ, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасидан рухсат олмагунга қадар “эстрада юлдузлари”га режадаги концерт дастури ҳақида маълумот тарқатиш таъқиқланади.

 

ТОШКЕНТ, 14 дек — Sputnik. Бугун эълон қилинган ҳукумат қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда концерт-томоша фаолиятини мувофиқлаштириш, миллий мусиқа санъатини янада ривожлантириш, бадиий жиҳатдан юксак асарларни тарғиб қилиш, лицензиатларнинг аҳолига маданий хизмат кўрсатиш бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 354-сонли қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда таъкидланишича, санъаткорлар ва концерт ташкилотчиларига махсус рухсатнома олмагунларига қадар, тадбир ўтказиладиган жой, вақт ва сана ҳақида маълумот бериш қатъиян ман этилади. “Ўзбекнаво” рухсатисиз, ҳатто чипталар сотувга қўйилмайди.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан тасдиқланган сценарий ёхуд концерт дастурига концерт ташкилотчилари қатъий амал қилишлари шарт, концерт ижрочилари эса оммага салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ножўя ҳатти-ҳаракатларга йўл қўймасликлари лозим.

Ватанга садоқат ва муҳаббат руҳидаги, миллий анъаналар ва умуминсоний қадриятлар акс этган, шунингдек, юқори бадиий ғоя тасвирланган санъат асарлари ўрин олган концерт дастурлари “Ўзбекнаво” рухсатномасини олиш учун мезон бўла олади.

Ушбу қарорга мувофиқ, эндиликда фақатгина концерт-томоша фаолиятининг I – II рейтинг гуруҳи лицензиясига эга хонандалар ўз яккахон концерт дастурларини ташкил этишлари мумкин, – деди “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг Лицензия бўлими бошлиғи Одил Абдуқаҳҳоров Kun.uz мухбирига. – Бундай лицензиялар махсус комиссия хулосасига кўра тақдим этилади. Мазкур хулосани чиқариш учун ижрочилар белгиланган мезонлар ва малака талабларига мос келишлари лозим. Жумладан, санъаткорларнинг рейтинги, унвонига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Унвони йўқ, аммо халқ орасида обрўси баланд хонандалар ҳам хулосага кўра олий тоифали санъаткорлар лицензиясига эга бўлиб, яккахон концерт дастурларини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритади.

 

321