Ислом Каримов хотирасига бағишланган тадбир

Ислом Каримов ўқиган мактабда хотира тадбири ўтказилди

3137
(Янгиланган 16:54 27.01.2017)
Самарқанд вилоятида Ўзбекистон Республикаси Биринчи президенти Ислом Каримовнинг ҳаёти, фаолияти ва бой меросини тарғиб қилувчи тарғибот гуруҳлари иш бошлади

ТОШКЕНТ, 27 янв — Sputnik. Самарқандда Ўзбекистон халқининг буюк фарзандига эҳтиром кўрсатилди, деб хабар қилган "Зарафшон" нашри.

Хабарга кўра, вилоятда Ўзбекистон Республикаси Биринчи президенти Ислом Каримовнинг ҳаёти, фаолияти ва бой меросини тарғиб қилувчи тарғибот гуруҳлари иш бошлаган.

Ислом Каримов таҳсил олган муассаса – Самарқанд шаҳридаги 21-умумтаълим мактабида президент хотирасига бағишланган тадбир ўтказилган. Унда Биринчи Президент раҳнамолигида мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида улкан ўзгаришлар содир бўлгани, демократик ислоҳотларни жорий этиш борасида буюк тараққиёт йўлини босиб ўтгани эътироф этилган.

Мактабнинг 9-синф ўқувчиси Диёра Эгамова қуйидаги фикрларни билдириб ўтган: "Мустақиллигимизнинг асосчиси бўлган Ислом Каримов бир вақтлар бизнинг мактабимизда таҳсил олгани менга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди. Бу ўз навбатида, бизга яхши таълим-тарбия олиб, Ватанимизга муносиб фарзанд бўлиш масъулиятини юклайди".

Ислом Каримов ўз халқини чексиз меҳр-муҳаббат билан севди, ўзининг сўнгги кунларига қадар бутун ҳаётини Ўзбекистонга хизмат қилишга бағишлади. Ўзбек халқининг буюк фарзандининг сўнмас хотираси барча миннатдор юртдошларимизнинг, бутун халқимизнинг қалбида абадий сақланиб қолади, деб ёзади нашр.

3137
Мавзу:
Ислом Каримов таваллуд топган кун муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар (25)