Ислом Каримов таваллуд айёми

Лола Каримова: Доимо сизнинг борлигингизни ҳис этиб турамиз...

1315
(Янгиланган 11:58 30.01.2017)
Бугун Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллуд топган кун

ТОШКЕНТ, 30 янв — Sputnik. Бугун, 30 январь — Ўзбекистоннинг биринчи президенти, марҳум Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг таваллуд айёми куни муносабати билан президентнинг қизи Лола Каримова-Тилляева отасини хотирлаб ижтимоий тармоқ орқали ёзув қолдирди.

"Ҳамиша 30 январь куни биз Сизни таваллуд айёмингиз билан қутлашга ошиқар эдик. Бугун эса ўзгача…..Сиз энди бизнинг орамизда йўқсиз, азиз отажоним…Шундай бўлса-да, биз дилдан доимо сизнинг борлигингизни ҳис этиб турамиз….То қалбларимиздаги муҳаббат абадий яшар экан, сиз ҳам юракларимизда мангу қолажаксиз", деб ёзади Лола Каримова-Тилляева.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 2016 йил 2 сентябрь куни 78 ёшида вафот этди.

Ўзбекистон мустақиллиги меъмори Ислом Каримов ҳаёт бўлганида бугун 79 ёшни қарши олган бўларди. Марҳум президентнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги қарорга имзо чекди.

Қарорга кўра, Тошкент шаҳрида, Ислом Каримов туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида ва у киши биринчи раҳбар бўлиб ишлаган Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида президент сиймоси тасвирланган ҳайкаллар ўрнатилади.

Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ташкил этилади ва Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди ҳам ушбу манзил бўйича жойлаштирилади. Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов музейи ташкил этилади ва Тошкент давлат техника университети, Асака шаҳридаги автомобиль заводи, Фарғона шаҳридаги Санъат саройи, Тошкент халқаро аэропорти, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номи берилади.

Ҳар йили Ислом Каримов таваллуд топган сана — 30 январь куни кенг нишонланади, 2 сентябрь куни Хотира куни сифатида ёд этилади.

Олий ўқув юртлари талабалари учун Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси жорий этилади.

Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида илмий ва бадиий асарлар, ҳужжатли ва бадиий фильмлар яратилади ҳамда Ислом Каримов сиймоси акс эттирилган махсус почта маркалари чиқарилади.

Ўзбекистон халқи мамлакатнинг буюк фарзанди хизматларини ҳеч қачон унутмайди.

1315
Мавзу:
Ислом Каримов таваллуд топган кун муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар (25)