Товуқлар, архив сурат

Иштихон тумани аҳолиси ёппасига товуқ боқишни бошлади

1081
(Янгиланган 16:22 09.02.2017)
Иштихон туманида аҳоли паррандачилик соҳасига катта қизиқиш билдирмоқда. Айни вақтда аҳоли талабини ўрганиб чиққан "Асакабанк" вилоят филиали ходимлари паррандачилик бўйича микрокредитни расмийлаштирган ишсиз фуқароларга товуқ тарқатмоқда

ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. Сайдулла ота тадбиркор бўлмоқчи, бу йўлдаги ҳаракат товуқ боқишдан бошланди деб хабар қилган "Зарафшон" газетаси.

Нашр хабарига кўра, Иштихон туманида аҳоли паррандачилик соҳасига катта қизиқиш билдирмоқда. Айни вақтда аҳоли талабини ўрганиб чиққан  "Асакабанк" вилоят филиали ходимлари паррандачилик бўйича микрокредитни расмийлаштирган ишсиз фуқароларга товуқ тарқатмоқда.

"Айни вақтда ишсизман, – деган Чағатой маҳалласида яшовчи 59 ёшли Сайдулла Мамаюсупов. – Банк ходимлари хонадонимизга ташриф буюриб, суҳбат ўтказганида менда паррандачилик билан шуғулланиш истаги туғилди. Сабаби, кредит олиш шартлари жуда ҳам қулай экан. Улар хонадонимиз шароитларини ўрганиб чиқишди ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштирдик. Мана, кўриб турганингиздек, қисқа фурсатда уйимизга юзта товуқ олиб келишди".

"Банкимиз ходимлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда хонадонларнинг шарт-шароити ўрганилмоқда, – деган АТ "Асакабанк" вилоят филиали бошқарувчиси ўринбосари Ҳусниддин Ўрозов. – Суҳбатлар жараёнида аҳоли томонидан биз таклиф қилаётган микрокредитларга қизиқиш билдирилмоқда. Бугун паррандачилик бўйича микрокредит олиш истагида ҳужжатларни расмийлаштирган хонадонларга товуқ тарқатмоқдамиз. Албатта, бу имтиёзли микрокредит аҳоли учун жуда ҳам қулай. Сабаби, йиллик 9 фоиз миқдорида икки йил муддатга берилаётган микрокредитнинг 6 ойгача фақат фоизи тўланади, еттинчи ойдан асосий қарз ҳам қўшилади".

Айни вақтда тадбиркорлик истагида банкларга кредит сўраб мурожаат қилаётганлар орасида ёшлар ҳам талайгина, деб ёзади нашр.

"Касб-ҳунар коллежини тугатганман, аммо ҳозир бирор бир иш билан банд эмасман, – деган Хонақа маҳалласида яшовчи Жасур Исматов. – Банк ходимларининг тушунтиришларидан кейин паррандачилик билан шуғулланишга қарор қилдим. Ҳозир юзта товуқ олдим. Келгусида тадбиркорлик фаолиятимни янада кенгайтириш ниятидаман".

"Халқ билан мулоқот қилиш нечоғлик яхши самара беришига амин бўлдик. Аҳоли билан суҳбатлашиб, уларга тадбиркорлик ва имтиёзли микрокредитлар ҳақида тушунча берганимизда улар томонидан қизиқиш янада ортмоқда. Баъзилар икки юзта бўлса ҳам товуқ оламиз, деяпти. Аммо биз уларнинг хонадонидаги шароитни ҳам ҳисобга олмоқдамиз. Паррандаларни Самарқанд туманидаги "Мароқанд-парранда" масъулияти чекланган жамиятидан шартнома асосида харид қилиб, мижозларимизга тарқатяпмиз, — деб айтган,банкнинг кредит бўлими бошлиғи  Эркин Кўбаев.

1081
Теглар:
парранда, товуқ