ЛЭП

328 миллиард - Ўзбекистонда электр энергиясидан қарздорлик миқдори шунчани ташкил қилмоқда

701
(Янгиланган 11:37 25.07.2017)
Айни вақтда коммунал соҳадаги энг катта муаммо дебитор қарздорлик. 2017 йил 1 июль ҳолатига вилоятда электр энергиясидан қарздорлик 328 миллиард, табиий газдан 299 миллиард сўмдан ошган

ТОШКЕНТ, 25 июл — Sputnik. Вилоят Матбуот уйида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси фаолиятига бағишланган анжуман ўтказилди, деб хабар қилди Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот-хизмати.

МИБ бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Акмал Имомов журналистларга янги тизимнинг мақсад ва вазифалари, бугунги кунгача бажарилган ишлар ҳақида сўзлаб берди.

Имомов МИБ Ўзбекистон президентининг 29 майдаги "Электр энергияси ва табиий газни етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига кўра ташкил этилганини таъкидлади.

"Вилоятдаги жами штат бирликлари 800 нафардан ортиқ кишини, давлат ижрочилари 129 нафарни, назоратчилар эса 457 нафарни ташкил этади. Айни пайтда вилоятдаги 1300 нафардан ортиқ электр энергияси ва табиий газ таъминоти инспекторлари ўрнига бошқарма таркибидаги юқоридаги 457 нафар назоратчилар фаолият юритишади. Яъни, соҳага замонавий технологиялар киритилиши кенгайтирилиб, инсон омили камайгани ҳисобига штатлар уч бараварга қисқарди.

Сир эмас, айни вақтда коммунал соҳадаги энг катта муаммо дебитор қарздорлик. 2017 йил 1 июль ҳолатига вилоятда электр энергиясидан қарздорлик 328 миллиард, табиий газдан 299 миллиард сўмдан ошган. Янаям ачинарлиси, йил бошидан буён бу қарздорликлар яна бир неча миллиардга ошди. Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармасининг асосий вазифаларидан бири ана шу қарздорликка аниқлик киритиб, уни бартараф этиш, шу орқали хизмат кўрсатиш сифатини оширишга кўмаклашишдир", — деб таъкидлади у.

Бугунги кунгача вилоят бўйича барча қарздор истеъмолчиларнинг рўйхати шакллантирилган бўлиб, уларнинг 70 мингтасига ҳозиргача қарзни узиш бўйича талабнома юборилган. Тўловларни ўз вақтида амалга оширмаган 422 та истеъмолчи тармоқдан узиб қўйилган.

701