Ветераны ВОВ отправились в хадж

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳаж сафарига жўнаб кетдилар

140
Зиёратчилар қаторида 72 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уларга ҳамроҳлик қилувчилар ҳам ҳаж сафарига жўнатилди

TOШКЕНТ, 22 август — Sputnik. Бугун ўзбекистонлик зиёратчиларнинг 430 нафардан иборат сўнгги гуруҳлари Саудия Арабистони Подшоҳлигига кузатилди, деб хабар бермоқда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати.

Хабарда айтилишича, зиёратчилар қаторида 72 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уларга ҳамроҳлик қилувчилар ҳам ҳаж сафарига жўнатилди. Фахрийларни кузатиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда "Нуроний" жамғармаси масъул ходимлари билан ҳамкорликда уюшқоқлик билан амалга оширилди.

Тошкент шаҳрида жойлашган "Минор" масжидида тўпланган фахрийларга Вазирлар Маҳкамаси томонидан махсус аравачалар совға қилинди. Фахрийлар Тошкент ва Наманган халқаро аэропортларидан тўғридан-тўғри Мадина шаҳрига кузатилди.

Зиёратчиларга республика ишчи гуруҳи томонидан Мадина шаҳри аэропорти ва "Жавҳарат ар-Рошид" меҳмонхонасида барча қулай шароитлар тайёрлаб қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги қарорига асосан, илгари ҳаж зиёратига боролмаган ёки бунга имкони бўлмаган уруш қатнашчилари президент ажратган маблағ ҳисобидан ҳаж зиёратига юборишга қарор қилинган эди.

Маълумот учун, мавсум бошидан бери жами 32 та рейсда 7155 киши, жумладан Тошкент-Мадина йўналишида 2228, Наманган-Мадина 3028, Самарқанд-Мадина 459, Урганч-Мадина 206, Бухоро-Мадина 412, Қарши-Мадина йўналишида 822 нафар зиёратчи Саудия Арабистонига етиб борди.

140