Владимир Норов

Владимир Норов: Марказий Осиё ривожланган ва етарли имкониятларга эга минтақа

832
(Янгиланган 13:47 15.11.2017)
Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов Sputnik мухбири билан суҳбатда ҳамкорлик истиқболлари, Марказий Осиё мамлакатларининг янги шаклдаги ҳамкорлигининг устун жиҳатлари ҳақида сўзлаб берди

ТОШКЕНТ, 15 ноя — Sputnik, Дмитрий Ключевский. 10-11 ноябрь кунлари Самарқандда Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича ўтказилган анжуманда халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар вакиллари ҳамда эксперт ва дипломатлар Марказий Осиё бешлиги учун давлат раҳбарлари даражасида мулоқотнинг янгича шакли зарур деган якдил хулосага келдилар.

Sputnik мухбири Марказий Осиё ичида ҳамда унинг ташқарисидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов билан суҳбатлашди.

— Сиз раҳбарлик қилаётган институт россиялик ҳамкасблар билан қандай ҳужжатлар имзолади, қайси йўналишдаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда?

— Биз янада мустаҳкам алоқалар ўрнатиш ва биргаликда эксперт тадбирларини ташкил этиш мақсадида Россия президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар институти билан ҳамкорлик меморандумини имзоладик. 2018 йилнинг биринчи чораги ниҳоясида давра столи ўтказишни режалаштирганмиз.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йилнинг апрелида Москвага ташрифи якунларига кўра барча соҳаларда келишувларга эришилди, бир неча миллиард долларлик ўнлаб шартномалар имзоланди. Ушбу ташаббусларни амалга ошириш учун йўл харитаси ишлаб чиқилди. Бизнинг вазифамиз ҳали очилмаган, айниқса Россия ҳудудларидаги салоҳиятни баҳолашдир. Айнан шу мақсадда РСТИ билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйдик. Бу биринчи навбатда иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик билан боғлиқ, лекин бошқа йўналишлар ҳам бор.

Сиёсий мулоқотларга келадиган бўлсак, Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари ўртасидаги ишонч ва бир-бирини тушуниш юқори даражада эканлиги кузатилмоқда. Стратегик ва иттифоқчилик ҳамкорлиги бўйича илгари эришилган келишувлар ҳозирда амалий ифодасини топмоқда.

— Сизнингча, Россия ва Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасига умумий таҳдид солиб турган қайси хавф-хатарлар ташвишга солмоқда?

— Биринчи навбатда, бу Афғонистондаги вазият, террорчи ва экстремистик гуруҳларнинг фаоллашуви эҳтимоли, шу боис бу масалада кучларни бирлаштириш жуда муҳим ҳисобланади.

Иккинчи йўналиш – бу Россияда бўлиб турган меҳнат мигрантларининг экстремистик ёки террорчи гуруҳлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш. Санкт-Петербург ва Нью-Йоркдаги фожиали воқеалар бу масаланинг ўта долзарб эканлигини кўрсатмоқда. Жаҳон экспертлари Ўзбекистон фуқаролари радикал оқимлар таъсирига республика ташқарисида тушиб қолишаётганини тан олишмоқда. Мамлакатимизда ёшларнинг экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш бўйича самарали тизим аллақачон ишлаб чиқилган. Бунда маҳалла ўз-ўзини бошқарув институти ҳамда диний таълим тизими муҳим роль ўйнади. Бизда исломнинг асл қадриятлари борасида аниқ тасаввурга эга минглаб имом-хатиблар бўлиб, улар аҳолига, айниқса ёш авлодга таълим бериб келмоқдалар. Улар инсонга маънавий қувват берувчи маърифатли ислом динининг ўзига хос тарғиботчиларидир.

— Анжуманда Марказий Осиёнинг бирлашиши борасида таклифлар бўлди, мазкур минтақа давлатлари ўз келажакларини ўзлари шакллантиришга тайёр эканлиги ҳақидаги қарашлар билдирилди. Аммо айрим қарама-қаршиликлар ҳам мавжуд, ташқи кучларнинг таъсири ва манфаатларини ҳам ёддан чиқармаслик лозим. Ушбу вазиятда Марказий Осиё давлатларининг бирлашиш истиқболи қай даражада?

— Форумда Марказий Осиё жаҳоннинг етакчи марказлари – Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон ва Покистон ўртасида буфер ҳудуди ролини бажариши ҳақидаги фикр янгради. Марказий Осиё халқаро эътибор марказида эканлиги, маълум бир геосиёсий рақобатни келтириб чиқаришининг ажабланарли жойи йўқ.

Шу билан бирга Марказий Осиёдаги барча давлатлар, айниқса Ўзбекистон ўтган чорак аср давомида тенг масофали ташқи сиёсатни ишлаб чиқишга эришди. У бир давлат билан бошқа давлат манфаатига зиён етказмаган ҳолда ҳамкорлик қилишга асосланган.

Шу тарзда Япония ёки Корея "Марказий Осиё давлатлари плюс Корея ёки Япония" шаклини таклиф этса ё бўлмаса "ЕИ+Марказий Осиё" шакли таклиф этилса, бу шакллар мавжуд халқаро майдонлар, масалан, Россия ташкилий давлат ҳисобланган МДҲга салбий таъсир кўрсатмайди. Хитой, яқиндан буён Ҳиндистон ва Покистон иштирок этувчи ШҲТ борасида ҳам вазият шундай.

Айнан МДҲ ва ШҲТ Марказий Осиё давлатларига кўплаб масалалар – минтақавий ва халқаро масалаларда ўз қарашларини яқинлаштириш имконини берди ҳамда хавфсизлик ва барқарорлик, транспорт-логистика тизимини ривожлантириш бўйича умумий манфаатларга эга бўлишини таъминлади. Бир тарафдан Россиянинг ташаббуси — "шимол-жануб" лойиҳаси бўлса, иккинчи тарафдан Хитой таклиф этган "шарқ-ғарб" транспорт йўлаги бор. Лекин улар бир-бирига зид эмас, аксинча, бир-бирини тўлдиради.

Бугун Марказий Осиё давлатлари минтақа миқёсида биргаликда ҳаракат қилиши, маслаҳатлашиши лозим дегани мазкур беш давлатдан ташқаридагилар билан қарама-қарши бўлиш дегани эмас. Бизнинг учрашувларимиз очиқ тусда бўлади ва ҳеч кимнинг манфаатига қарши қаратилмайди.

Етакчи ҳамкорлар – Россия ва Хитой, АҚШ ва Евроиттифоқ ҳамда Ҳиндистон ва бошқа давлатлар бизнинг ўзаро муносабатларимиз ҳеч қачон бошқалар манфаатига таҳдид солмаслигини яхши англашади. Минтақа ичида ҳам, жаҳоннинг йирик марказларида ҳам бирдамлик мана шундан келиб чиқади. Улар бугунги Марказий Осиё — ривожланган ва етарли имкониятларга эга минтақа эканлигини билишади.

Ҳозирча ечими ноаниқ масалаларни эса экспертлар даражасида ҳал қиламиз. Октябрь охирида биз Ўзбекистон-Қозоғистон форумини ўтказдик, ҳозирда эса минтақавий форумни ташкил этиш ва барча иштирокчиларни жалб этиш учун унинг тамойилларини ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқдамиз. Биз барча мавжуд мураккабликларни ўрганиб чиқамиз ва эксперт таҳлили ҳамда у ёки бу масалани ечиш бўйича таклифлар тайёрлаймиз.

— Минтақа давлат раҳбарлари учун ШҲТ ёки МДҲ тамойиллари бўйича музокаралар майдони тайёрлаш керакми ёки доимий жой танлаган яхшими?

— Анжуманда Қозоғистон ТИВ раҳбари Марказий Осиё раҳбарларининг ана шундай биринчи учрашувини Наврўз байрами арафасида Астана шаҳрида ўтказиш таклифи билан чиқди. Кейинчалик эса қайси давлат ўз майдонини таклиф қилишига қаралади. Ўзбекистон бундай учрашувлар фақатгина ўз ҳудудида ўтказилиши керак деган қарашдан йироқ.

Бундай шаклда ҳеч қандай котибият бўлмайди, ҳаммаси ким таклиф этади тамойили асосида бўлади. Шунга мувофиқ, мезбон давлат барча ташкилий масалаларни ўз зиммасига олади, асосий кун тартиби ва бошқа жиҳатларни тайёрлайди. Ишончим комил, бундай учрашувлар минтақадаги барча давлатларнинг ўзаро муносабатлари янада юксалишига хизмат қилади.

832
Мавзу:
Самарқанддаги Марказий Осиё минтақасига бағишланган халқаро анжуман (19)
Тонированное стекло автомобиля

“Тонировка”дан давлат бюджетига қанча пул келиб тушди

127
(Янгиланган 15:29 19.01.2021)
Ўзбекистонда 2019 йил 5 августдан 2020 йил 31 декабрига қадар автомашиналарнинг “тонировка”сидан бюджетга 302,6 млрд сўмдан зиёд пул келиб тушган.

ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Ўзбекистонда 2019 йил 5 августдан 2020 йил 31 декабрига қадар “тонировка” учун 82 125 та рухсатнома берилган. Жами 302 млрд 635 млн сўм пул маблағлари Ҳукумат қарорига асосан тўлов сифатида ундирилган.

ИИВ ДЙҲХХ органлари томонидан автотранспорт воситаларидан уларнинг ойнасини қорайтириш учун:

  • 2019 йил 5 августдан (646-сонли қарор кучга киргандан сўнг) 2019 йил 31 декабрь кунига қадар 31 367 та рухсатнома берилиб, жами 113 млрд 980 млн сўм пул маблағлари;
  • 2020 йил 1 январдан 31 декабрь кунига қадар 50 758 та рухсатнома берилиб, жами 188 млрд 395 млн сўм пул маблағлари;
  • 2020 йил 1 январдан 9 октябрь кунига қадар 28 326 та рухсатнома берилиб, жами 135 млрд 638 млн сўм пул маблағлари;
  • 2020 йил 10 октябрдан (635-сонли қарор кучга киргандан сўнг) 31 декабрь кунига қадар 22 432 та рухсатнома берилиб, жами 52 млрд 757 млн сўм пул маблағлари тўланган.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 октябрдаги 635-сонли қарори билан енгил шахсий автомобилларни орқа ён ойналарини тусини ўзгартириш (қорайтириш) нархи БҲМнинг 10 бараваридан — 2 млн 230 минг сўмдан БҲМнинг 5 бараварига, яъни 1 млн 115 минг сўмга туширилган.

Шу сабаб, фуқаролар томонидан автомобилларни орқа ён ойналарини қорайтиришга талаб ортиб кетган. Юқоридаги қарор кучга киргач, бир кунда ўртача 320 та рухсатнома берила бошланган (илгари бир кунда ўртача 120 та рухсатнома берилган).

127
Теглар:
Ўзбекистон янгиликлари, тонировка

Ўзбекистонда 2020 йилда ўлим ҳолати 13,5 фоизга ошди

75
Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига тўғри келган 2020 йилда 175,6 минг киши вафот этди. Бу 2019 йилга қараганда 21 мингта (13,58 фоиз) кўпроқ ўлим дегани.

ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Ўзбекистонда 2020 йилда 175,6 мигтта ўлим қайд этилган, ҳар 1000 аҳолига ўлим коэффициенти 5,1 промиллени ташкил этган. Бундан Давлат статистика қўмитасининг 2020 йил якунлари бўйича демографик рақамлари дарак бермоқда.

Бу 2017 йилги ўлимлар сонидан 14,7 мингтага (9,27 фоизга), 2018 йилги ўлимлар сонидан 20,7 мингтага (13,36 фоизга), 2019 йилги ўлимлар сонидан 21 мингтага (13,58 фоизга) кўп.

Ўзбекистонда йиллик умумий ўлимлар сони
Ўзбекистонда йиллик умумий ўлимлар сони

2020 йилда қайд этилган ўлим ҳолатларининг 60,0 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан, 8,0 фоизи ўсимталардан, 7,2 фоизи нафас олиш аъзолари касалликларидан, 4,4 фоизи овқат ҳзм қилиш аъзолари касалликларидан, 4,4 фоизи бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 4,4 фоизи юқумли ва паразитар касалликлардан ҳамда 11,6 фоизи бошқа касалликлардан вафот этган.

Вилоятлар кесими бўйича энг кўп ўлим ҳолатлари Тошкент шаҳрига (21,2 минг), Фарғона (18,5 минг), Тошкент (18,4 минг) ва Самарқанд (18,4 минг) вилоятларига тўғри келган. Энг кам ўлим ҳолати эса Навоий (5 минг) ва Сирдарё (4 минг) вилоятларида кузатилган.

Ўзбекистонда 2020 йилда қайд этилган ўлимлар сони ҳудудлар кесимда
Ўзбекистонда 2020 йилда қайд этилган ўлимлар сони ҳудудлар кесимда
75
Теглар:
Ўзбекистон янгиликлари, ўлим, Ўзбекистон
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев озвучил послание Олий Мажлису

Мирзиёев: янги Ўзбекистонни барпо этиш устунларидан бири - кучли маънавиятдир

112
Президент раҳбарлигидаги йиғилишда Республика Маънавият ва маърифат маркази ишини танқидий ўрганиб чиқиб, фаолиятини тубдан такомиллаштириш зарурлиги айтилди.

ТОШКЕНТ, 19 янв - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

"Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир, – деди Шавкат Мирзиёев йиғилишда. – Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият. Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган", – деди Мирзиёев.

Маълумки, бугун дунёда кескин кураш ва рақобат ҳукм сурмоқда, манфаатлар тўқнашуви кучаймоқда. Глобаллашув жараёнлари инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга кутилмаган муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора ортмоқда. Фақат ўзини ўйлаш, меҳнатга, оилага енгил қараш, истеъмолчилик кайфияти турли йўллар билан одамлар, айниқса, ёшлар онгига устамонлик билан сингдириляпти.

Терроризм, экстремизм, трансмиллий ва кибер-жиноятчилик, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидлар хавфи ошиб бормоқда. Баъзи ҳудудларда атайин беқарорлик юзага келтирилиб, норозилик кайфияти авж олдирилмоқда.

Бундай таҳликали вазиятда ҳушёр ва огоҳ бўлиб, халқ тинчлиги, мамлакат манфаатларини ўйлаб яшаш зарур.

Давлат раҳбари лоқайдлик ва бепарволик энг катта хавф эканини, бугун учраётган ижтимоий муаммоларни камайтириш учун нуронийлар тарбияси, жамоатчилик назорати етишмаётганини таъкидлади.

Йиғилишда қайд этилганидек, ижтимоий-маънавий муҳитни илмий асосда таҳлил қилишни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Жамиятда маънавий-маърифий ишлар шундай асосда йўлга қўйилмагани учун ҳам кутилган натижани бермаяпти.

Шунинг учун Республика Маънавият ва маърифат маркази ишини танқидий ўрганиб чиқиб, фаолиятини тубдан такомиллаштириш зарурлиги айтилди.

Президент ушбу марказнинг "Маънавият тарғиботчиси" ўқув муассасаси негизида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш таклифини билдирди.

Йиғилишда маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари белгиланди.

 

112