GM Uzbekistan кафолат муддатини 3 йилгача узайтирди

172
Кафолат муддати давомида аниқланган нуқсонлар – компания томонидан бепул бартараф этилади.

ТОШКЕНТ, 31 янв – Sputnik. 2019 йилнинг 1 февралидан эътиборан GM Uzbekistan автомобилларга кафолатли хизмат кўрсатиш  муддатини 3 йилгача узайтирди, деб хабар қилмоқда компания матбуот хизмати.

“Энди ушбу муддат 3 йил ёки 100 000 километр масофани ўз ичига олади. Аввал — 1 йил ёки 20 000 километр масофани ташкил қилган”, - дейилган компания хабарида.

Узайтирилган кафолат муддати компаниянинг расмий дилерларидан 2019 йилнинг 1 февралидан бошлаб харид қилинадиган автомобилларга тадбиқ этилади.

Шунингдек, кафолат муддати автомобилнинг эгаси билан боғлиқ бўлмайди, яъни ушбу давр мобайнида автомобил эгаси ўзгарса, унинг янги эгаси ҳам ушбу кафолат ҳуқуқидан фойдалана олади.  

Автомобилдан нотўғри фойдаланиш, авария, автомобилнинг конструкцияси ва модификациясига ўзгартириш киритиш ёки ишлаб чиқарувчи томонидан тавсия этилмайдиган қўшимча ишлов берилиши ёки жиҳозланиши туфайли носозликлар юзага келган тақдирда - кафолат даври чекланади. 

Кафолат муддати давомида автомобилнинг ишлаб чиқарувчи томонидан аниқланган нуқсони бор қисмларини таъмирлаб бериш ёки алмаштириш расмий хизмат кўрсатиш марказлари томонидан бепул амалга оширилади.

Бунинг учун эса автомобиль эгасидан автомобилнинг эксплуатацияси бўйича барча шартлар йўриқномага асосан бажарилган бўлиши талаб этилади.

172