Мужчина работает за компьютером

Ким ва нима учун Россияда ўзбек тилини ўрганмоқда?

782
Sputnik мухбири Россияда ўзбек тилини ўрганиш истиқболлари билан қизиқди.

ТОШКЕНТ, 4 февр – Sputnik, Мария Науменко. Тошкент ва Москва орасидаги муносабатлар фаол ривожланиб бораётган бугунги кунда россияликлар учун ҳам ўзбек тилини ўрганишга эҳтиёж пайдо бўлмоқда.

Москва давлат лингвистика университетида талабалар ўзбек тилини иккинчи хорижий тил сифатида ўрганишмоқда. Бунинг учун биринчидан талаба бўлиш, иккинчидан – камида 4 йил дарсларга қатнашиш керак бўлади.

Бошқалар эса, ўзбек тилини ўрганиш учун фақат репетитор ёллаши ёки, мустақил равишда ўрганиши керак бўлади.

Ушбу соҳада Россияда яқинда яна бир қизиқ имконият пайдо бўлди – ўзбек тилининг интернет мактаби Uzbekonline.ru. Дарслар 12 ҳафта давомида 24 соатдан давом этади. Курс жадвали ўқувчи вақтига қараб белгиланиши мумкин.

Uzbekonline интернет-мактабининг асосчиси Лазиза Азимова Sputnik мухбири билан бўлган суҳбатда ўзбек тилини ўрганишга кимлар келаётганини ва қандай қоидаларни ўрганишда ўқувчилар қийинчиликларга дуч келаётгани ҳақида сўзлаб берди.

“Мактабимизда 25 ёшдан катта бўлган ўқувчилар таҳсил олади. Улар, асосан, иш фаолиятида ўзбек тилидан фойдаланадиганлар ёки уйидан узоқда ўзбек тилини унутмаслик учун такрорлашни истайдиганлар”, - дейди Азимова.

Ўқувчиларнинг айримлари Ўзбекистон ҳудудида, баъзилари эса хорижий мамлакатлардан туриб дарсларда иштирок этади.

“Одатда улар ўзбекларнинг турмуш ўртоқлари ёки Россияда ўзбеклар билан ишлайдиганлар. Улар қўл остидагилар рус тилини ўргангунича ўзлари ўзбек тилини ўрганиб олишни афзал кўришади”, -  дейди Uzbekonline асосчиси.

Азимова айтишига қараганда, Россияда ҳозир ўзбек тилини билиш талаб қилинаётган вакансиялар ҳам бор. Масалан, уяли алоқа салони операторлари.

Азимова айтишига қараганда, ўқув жараёнида энг қийини – грамматика.

“Уни нафақат тушуниш ва эслаб қолиш керак, балким амалда қўллашни ҳам билиш керак. Ўшанда ўқиш жараёни ҳам анча осонлашади”, - дейди Азимова.

Лекин интернет мактабга келаётган аксарият ўқувчилар тезроқ ўзбек тилида сўзлашишни ва талаффуз қилишни ўрганиб олишни истайди.

“Биз ўз олдимизга бўлажак филологлар етиштиришни мақсад қилиб қўймаганмиз. Бизнинг ўқувчилар олган билимларини дарҳол амалда қўллаб, ўзбек тилида тезроқ гаплашишни бошлашни истайдиганлар”, - дейди мутахассис.

Азимова айтишига қараганда ҳозирги пайтда у қозоқ тилини ўрганиш бўйича ҳам кўплаб сўровномалар олмоқда. Шу сабаб интернет-мактаб яқин орада бошқа Марказий Осиё тилларни ҳам ўргатишни бошлаши мумкин.

Uzbekonline маълумотига кўра, ўзбек тилида дунёда 40 миллиондан ортиқ киши сўзлашади. Ўзбек тилини билган киши турк, озарбайжон, қирғиз, қозоқ ва уйғур тилларини ҳам тушуниши мумкин.

782