Наргиза Олимова, первая Мисс Ташкента

"Тошкент маликаси" Наргиза Олимова гўзал бўлишнинг оддий усулини айтди

998
"Тошкент гўзали - 89" Наргиза Олимова бугунги кунда эллик ёшдан ошган, шу пайтга қадар салонларга қатнамаган. Қошини термаган. Юз парваришида оддий ўзбекона воситалардан фойдаланишни афзал билади.

ТОШКЕНТ, 9 мар - Sputnik, Дилшода Раҳматова. "Тошкент гўзали - 89" танлови ғолибаси Наргиза Олимова Sputnik Ўзбекистон мухбири билан интервьюда гўзаллик сири билан бўлишди ва платик жарроҳликка нисбатан муносабатини билдирди.

Аёллар гўзаллиги эталони ҳақида тўхталар экан Олимова, гўзаллик сири, жозибаси - табиийликда эканини таъкидлайди.

"Мана ҳозир ўлкамизда баҳор. Эътибор берсангиз, аёл кўнглини кўтаришмоқчи бўлсалар ҳам "Вой, баҳордек очилиб кетибсиз", дея хушомад қилишади. Чунки энг гўзал фасл баҳор. Баҳорда дарахтлар гуллайди, атроф гулларга бурканади - ҳаммаси табиий кечади ва мана шу табиийлик барчани ўзига мафтун қилиб қўяди. Шу боис, инсон - табиийлиги билан гўзал", - дейди Ўзбекистон гўзали.

Олимованинг айтишича, чиройли бўлиш учун ҳар куни кўзгу олдида соатлаб ўтириш шарт эмас.

"Эҳтимол, кимгадир ғайритабиий туюлар, лекин мен момоларимиздан мерос - ўсма қўйишдан чарчамайман. Ҳозиргача қошимни термаганман, ўсма қўяман, маъқул кўрсам, юзимга упа, киприкларимга енгилгина тушь қўйишим мумкин. Бундан ташқари, ҳалигача сочимни қатиққа юваман. Юзим терисини ҳам қатиқ билан парваришлаб тураман, бу эрта ажин тушишининг олдини олади", - дея кундалик пардози ҳақида маълумот беради бугунги кунда ёши 50дан ошган Олимова.

Тошкент гўзали бугунги кунда аёллар орасида "урф" бўлган пластик-жарроҳликни оқламаслигини қўшимча қилади.

"Бугунги кунда юртимиздаги дўконлар юз терисини парваришлаш учун косметик воситаларга тўла. Шунинг ўзи етарли, фикримча. Пластик жарроҳлик туфайли эса "бир хил" қиёфалар кўпайиб бормоқда. Аёл киши Аллоҳ томонидан берилган ўзига хослик билан ажралиб туриши керак-ку?!", - дейди Олимова.

Наргиза Олимова — биринчи ва ягона "Ўзбекистон гўзалидир". Соҳибжамолга энг олий мукофот - Гран-прини олиб берган танлов "Тошкент гўзали" деб номланган ва 1989 йилда ўтказилган. Ушбу эътирофга сазовор бўлиш учун оддий ўзбек қизи бошдан неларни кечиргани, ва нима учун ҳалигача ўзини "малика" ҳисобламаслигини Наргиза-опа Sputnikка берган эксклюзив интервьюсида гапириб берган эди.

998