Насилие в семье

Хитойда шундай вазиятга тушиб қолган ўзбекистонлик ўнлаб қизлар бор - ТИВ

484
Ташқи ишлар вазирлиги Хитойга келин бўлган Шодиёна Давлатова ҳақида маълумот берди.

ТОШКЕНТ, 11 апр – Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Хитойга келин бўлган Шодиёна Давлатова ҳақида баёнот берди.

Баёнотда айтилишича, ОАВда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган Шодиёна Давлатованинг мурожаати пайдо бўлди. Унда у турмуш ўртоғи эркинлигини чеклаётгани тўғрисида хабар қилган.

Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти маълумотига кўра, бу ҳолат мамлакатнинг Пекин шаҳридаги элчихонаси консуллик бўлими назорати остида турибди.

Қайд этилишича, ушбу фуқаро ўтган йилнинг апрелида Андижон шаҳрида Хитой фуқароси билан қонуний никоҳ тузган ва доимий яшаш учун Хитойга учиб кетган. Кўп ўтмай оиладаги низолар туфайли у элчихонанинг ёрдами билан ватанига қайтди. Кейинчалик, ўз хоҳиши билан турмуш ўртоғининг олдига йўл олган. 31 март куни Ш.Давлатова яна элчихонага мурожаат қилиб, турмуш шароити, турмуш ўртоғи томонидан таҳқирланаётгани борасида шикоят билдирган ҳамда Ўзбекистонга қайтиш истагида эканини маълум қилган.

Оиладаги низолар ва турмуш ўртоғи томонидан дастлабки келишувларнинг бажарилмагани сабабли, Ўзбекистон фуқароси бўлган М.Т. ҳам Пекиндаги элчихонага мурожаат қилган. У воситачилик фирмаси орқали хорижлик билан танишган, ўтган йил декабрь ойида никоҳни расман рўйхатдан ўтказган ва ХХРга кетган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан элчихона Хитой ҳукуматининг тегишли органлари билан биргаликда ватандошларни Тошкентга қайтаришда ёрдам кўрсатиш бўйича чоралар кўрмоқда.

Ўзбекистоннинг Пекин шаҳридаги элчихонаси маълумотларига кўра, ҳозирги пайтда Хитой Халқ Республикасида шунга ўхшаш вазиятга тушиб қолган ўзбекистонлик ўнлаб қизлар бор. Билдирилишича, дипломатик ваколатхона томонидан уларнинг шахсини аниқлаш ва консуллик ёрдамини кўрсатиш бўйича ишлар ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ёрдами билан Хитойда таҳқирланган Мафтуна Холматова Ўзбекистонга қайтарилганлиги ҳақида хабар бергандик.

484