Посольство Узбекистана в России

Ташқи ишлар вазирлиги Россияда ишлаётган ўзбекистонликларга эслатма билан чиқди

398
Ўзбекистон фуқароси Ўринбоев укаси вафот этганини маълум қилди ҳамда унинг жасадини Ўзбекистонга юборишда ёрдам сўраган.

ТОШКЕНТ, 17 апр – Sputnik. 2019 йилнинг 9 апрель куни Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонасига мамлакат фуқароси Ҳабибулло Ўринбоев мурожаат қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда айтилишича, Ўринбоев Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидан бўлган укаси Ғолибжоннинг вафот этганини маълум қилди ҳамда унинг жасадини ватанга юборишда ёрдам сўраган. Касаллик туфайли оламдан ўтган ушбу фуқаро 2018 йилнинг март ойидан буён Приморье ўлкасида қонуний равишда яшаган ва ишчи сифатида турли фаолиятлар билан шуғулланган.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобидан транспорт харажатларининг бир қисмини қоплашда кўмак бериш масаласини муҳокама қилиш учун Консулхона Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги Ваколатхонаси билан боғланган.

Зарур ҳужжатлар расмийлаштирилганидан сўнг, Жамғарма ёрдамида марҳумнинг жасадини акаси Владивосток-Новосибирск-Фарғона йўналишида Ўзбекистонга олиб кетган.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти қуйидагилар бўйича эслатма билан чиқди:

“Агарда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган яқин қариндошингиз ёки танишингиз чет элда ёрдамга муҳтожлиги тўғрисида маълумотга эга бўлсангиз, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ёки унинг Россия Федерациясидаги Ваколатхонасига мурожаат қилишингиз тавсия этилади.

Россия Федерациясидаги манзил: Москва шаҳри, 1-Казачий тор кўчаси, 11/2 (1-й Казачий переулок, 11/2).

Мурожаат учун телефон рақами: +7-903-507-76-67.

Ўзбекистон Республикасида манзил: Тошкент шаҳри Олмазор тумани, Қамарнисо кўчаси, 1-уй.

Мурожаат учун телефон рақами: +998-71-202-33-55 (ички рақам: 16, 17). Телеграм канали: @migration_uz.”, - дейилган ТИВ хабарида.

398