“Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги қонунга қўшимчалар киритилади

1495
(Янгиланган 12:34 02.07.2019)
“Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимчалар киритиш ҳақида” қонун лойиҳаси тайёрланди.

ТОШКЕНТ, 2 июл – Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимчалар киритиш ҳақида” қонун лойиҳасини тайёрлади.

Лойиҳада айтилишича, Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 27 декабрда қабул қилинган “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги ЎРҚ-276-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 52-сон, 508-модда; 2017 й., 37-сон, 978-модда) 8-моддаси учинчи хатбошиси қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдириш назарда тутилган:

“Мазкур муддатнинг ўтиши билан давлат тиббиёт муассасалари, суд-тиббий экспертиза марказлари ва патологик-анатомия хизмати вафот этган шахснинг талаб қилиб олинмаган танасини дафн этиш учун махсус хизматларга ёки таълим жараёнида ва илмий тадқиқотларда фойдаланиш учун тиббиёт муассасаларига бериб юбориш ҳуқуқига эга”.

Шунингдек, ҳужжат лойиҳасида Вазирлар Маҳкамаси давлат бошқаруви органлари ушбу қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминлаши,  қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш вазифалари ёзилган.

1495