ИИВ Имон Каримова учун Instagram᾽даги хабарларни ким тайёрлашига ойдинлик киритди

938
(Янгиланган 12:51 11.07.2019)
ИИВ Имон Каримовага Г.Каримованинг жазони ижро этиш колониясидаги ҳолати юзасидан интернет тармоқларида нашр этилган материаллар ҳақида савол берди.

ТОШКЕНТ, 11 июл – Sputnik. Имон Каримова Instagram саҳифасидаги қолдираётган хабарлари хусусидаги саволларига жавоб берди. Бу ҳақда ИИВ хабар қилмоқда.

Гулнора Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 76-моддасида кўзда тутилган ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш мақсадида қизи Имон Каримова билан 2019 йилнинг 7 июль кунидан 10 июль кунига қадар узоқ муддатли учрашув берилган.

Маълум қилинишича, учрашувдан сўнг фикр ва таассуротларини ўрганиш мақсадида Имон Каримова билан суҳбат ўтказилган.

Суҳбат давомида у онаси Гулнора Каримованинг айни пайтда соғлигидан шикояти йўқлигини, зарур ҳолларда муассаса тиббиёт бўлими ходимлари томонидан ўз вақтида алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, онасига нисбатан Ўзбекистон ҳукумати томонидан ҳеч қандай босим ўтказилмаётганлигини билдирган.

“Г.Каримованинг жазони ижро этиш колониясидаги ҳолати юзасидан интернет тармоқларида нашр этилган материаллар ҳақида Имон Каримовадан сўралганда, ҳақиқатдан ҳам “Instagram”даги “iman.k17” саҳифаси унга тегишли эканлигини, аммо онаси Г.Каримова билан боғлиқ материаллар ушбу саҳифага бошқа шахслар томонидан тайёрланишини маълум қилди”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, июль ойининг бошида швейцариялик адвокат Грегуар Манжа Гулнора Каримованинг қамоқхонада оғир аҳволда сақланаётганини рўкач қилиб, Швейцария суди томонидан Ўзбекистонга қайтарилиши керак бўлган 555 миллион долларни тўхтатиб қўйган эди.

Бунга жавобан, Ўзбекистон Адлия вазирлиги вакиллари 3-4 июль кунлари  21-сонли аёллар жазони ўташ Колониясида бўлиб, Гулнора Каримова қамоқ жазосини ўташ ҳолатини батафсил ўрганиб чиқди.

Ўрганиш натижасида Г. Каримова қамоқхонада қонун бўйича маҳбуслар учун рухсат берилган барча ҳуқуқлардан фойдаланаётгани маълум бўлган.

Ўзбекистон Биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова 2015 йилнинг августида бир қатор иқтисодий жиноятларда айбдор деб топилган ва 10 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган эди. Бош прокуратура Гулнора Каримованинг 12 хорижий мамлакатда жами 1,5 миллиард доллар мол-мулки борлигини аниқлаган. Шундан энг каттаси қисми – 800 миллион долларлик мулк Швейцарияда сақланади

938

Ўзбекистонда коронавирус: 6 август асосий хабарлари

464
(Янгиланган 19:35 06.08.2020)
Бир сутка давомида 761 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 28 315 нафарни ташкил қилмоқда.

ТОШКЕНТ, 6 авг — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.

Бир сутка давомида 761 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 28 315 нафарни ташкил қилмоқда.

Даволаниш кўрсаткичи

Бугуннинг ўзида 609 нафар бемор тузалиб, ўз уйларига кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 19 291 нафарга етди.

Айни пайтда 8 849 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 800 нафари оғир, 230 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Ўлим ҳолатлари

Кун давомида коронавирусга чалинган 4 нафар бемор – Тошкент шаҳар  Мирзо Улуғбек туманида яшаган 48 ёшли К.Н. (эркак), Юнусобод туманида яшаган 62 ёшли М.М. (аёл), Шайхонтоҳур туманида яшаган 51 ёшли А.Б. (эркак), Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида яшаган 37 ёшли Н.О. (аёл) вафот этди.

Ўзбекистонда жами 175 киши пандемия қурбони бўлди.

Боғчалар фаолияти тикланиши

Мактабгача таълим ташкилотларида коронавирус пандемияси сабабли тўхтатилган фаолият жараёнини тиклашга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Пандемия шароитида МТТларда иш жараёни қандай тамойиллар асосида ташкил этилиши тасвирланган видеоролик тайёрлади. 

Меҳнат бозорини тиклаш

Россия Федерациясидаги Нефть ва газ илмий-тадқиқот ва лойиҳалаштириш институти раиси ўринбосари Денис Мишченко бошчилигида "Renaissance Heavy Industries" ва "Yamata Yatirim İnşaat Turizm ve Ticaret Anonim Şirketi" компаниялари вакилларидан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Делегация аъзолари билан Вазирлар Маҳкамасининг Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик департаменти ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида учрашувлар ўтказилди.

Учрашувларда пандемия шароитида меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерациясига ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилиш, уларга касб ва тил ўргатиш каби масалалар муҳокама этилди.

Мулоқот давомида пандемиядан кейин меҳнат бозорини тиклаш, эпидемиологик вазиятда ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари хавфсизлигини таъминлаш, уларни тартибли, манзилли ва ташкиллаштирилган ҳолда ишга жойлаштириш ҳамда ишчилар учун зарурий меҳнат шароитлари яратилиб, бунинг учун иш берувчи ташкилот кафил бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Дунё саломатлиги

Дунё бўйлаб инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 19,0 миллионга етди, 706 минг киши вафот этди, 11,3 киши тузалди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (4,8 млн), Бразилияда (2,9 млн), Ҳиндистонда (2,0 млн).

464
Мясо, перец, чеснок и помидор на разделочной доске. Иллюстративное фото

Гўшт бўлаги тахтакачда “тирилиб кетди” - интернет фойдаланувчилари шокда

733
(Янгиланган 18:31 06.08.2020)
Гўшт бўлаги кесиш тахтасида қимирлаши акс этган видео Twitter фойдаланувчиларини шок ҳолатига солди.

ТОШКЕНТ, 6 авг — Sputnik. Гўшт бўлаги тахтакачда қимирлаши акс этган видео Twitter фойдаланувчиларини шок ҳолатига солди.

Малазиялик Yo!Artist никли фойдаланувчи видеони тармоққа жойлаштирди. Аёл ёзишича, унинг онаси гўштни пиширмоқчи бўлган эди, аммо у томир уришни бошлади. Аёл қўрқиб кетди ва таом пишириш фикридан қайтди.

Видеони кўрган кўпчилик фойдаланувчилар чиндан ҳам даҳшатга тушганини тан олди.

Бошқалар эса “бу ерда қўрқинчли нарсанинг ўзи йўқ – янги хом гўштда нерв тўқималари маълум вақт давомида қимирлашни давом этади”, - деб изоҳ ёзишди.

Видео ролик 950 минг марта томоша қилиниб, 13 мингга яқин изоҳ тўплади.

733
Стадион Бунедкор

ОТМларга тест синовлари стадионларда ўтказиладиган бўлди

205
(Янгиланган 21:17 06.08.2020)
Таъкидланишича, имтиҳонлар кунига ҳаво салқин пайтда 2 марта ўтказилса, барчасини тахминан 12-14 кунда якунлаш мумкин.

ТОШКЕНТ, 6 авг - Sputnik. Ёпиқ бинолар эпидемиологик талабга жавоб бермаслиги, ижтимоий масофага риоя қилинган тақдирда имтиҳонлар вақти анчага чўзилиб кетишини инобатга олиб, тест синовларини Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларидаги стадионларда ташкил этишга топшириқ берилди.

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида 6 август куни жорий йилда олий таълим муассасаларига қабулни ташкил қилиш ва 2020/2021 ўқув йилига тайёргарлик кўриш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.

Таъкидланишича, бунда имтиҳонлар кунига 2 марта (ҳаво салқин пайтда) ўтказилса, барчасини тахминан 12-14 кунда якунлаш мумкин.

Жорий йилда мамлакатдаги олий таълим муассасаларига бакалавриат босқичига 162 364, магистратурага 10 425 ўрин ажратилган.

Бу йил 91 та ОТМга бакалавриат йўналиши бўйича 1 миллион 484 минг нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, бу ўтган йилгига нисбатан 39 фоиз кўп. Битта ўринга 10,6 та талабгор тўғри келмоқда.

Магистратура йўналишида 72 та таълим даргоҳига 78 минг 720 нафар ёки ўтган йилгига нисбатан 3 баробар кўп ҳужжат топширилган. Умуман, қабул квоталари 2016 йилгига нисбатан 3 маротаба ортган.

Мутасадди вазирлик ва идораларга стадионларни тест синовларига пухта тайёрлаш, уларнинг дислокацияси бўйича абитуриентларни тўлиқ хабардор қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди, дейилади президент матбуот-хизмати хабарида.

205