Вакцинация от гриппа в Краснодаре

Мажбурий тиббий суғурталаш Ўзбекистонда қачон пайдо бўлади?

262
(Янгиланган 14:55 07.10.2019)
Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган хабарида мажбурий тиббий суғурталаш босқичлари, қамраб олинадиган вилоятлар ва муддатлар ҳақида маълумотлар келтирилган.

ТОШКЕНТ, 7 окт — Sputnik. Республикада мажбурий тиббий суғурта тизими 2021 йилдан босқичма-босқич жорий этилиши лойиҳалаштирилган, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Илк босқич 2021 йилда пилот сифатида Сирдарё вилоятининг барча туманларида жорий этилади. Мазкур вилоятда тиббиёт муассасаларига замонавий ахборот технологияларини татбиқ этиш, давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари билан шартнома тизими, кафолатланган тиббий хизмат ҳажми ҳамда жон бошига ва ҳар бир даволанган шахс учун тўлов тизимини яратиш белгилаб ўтилган. 

Бу ҳақда Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари ва маҳаллий депутатлар, мутасадди ташкилот намояндалари ўртасида бўлиб ўтган учрашув давомида маълум қилинди.

Иккинчи босқичда 2023 – 2025 йиллар давомида яна олтита вилоятлар қамраб олинади. Учинчи босқичда 2025 йилдан бошлаб барча ҳудудлар тўлиқ қамраб олинади.

Бу моделни бирламчи даражада амалга ошириш учун 2020 йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Мажбурий тиббий суғурта жамғармаси ташкил этилади. Жамғарманинг даромад манбалари этиб давлат бюджети билан бир қаторда инсон соғлиғига зарар келтирувчи (тамаки, алкогол, шакар ва ёғ миқдори кўп бўлган) маҳсулотларга қўлланиладиган аксиз солиқлари ҳамда экологияга зарар етказувчи корхоналардан қўшимча ажратмалар ташкил этади.

Вазирлик вакилларининг қайд этишича, бу йўналишдаги қонунчилик асосларини ишлаб чиқиш жараёнида жаҳонда шаклланган моделлар пухта ва атрофлича ўрганилди. Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида бандлик даражалари, солиқ ставкалари, ойлик даромадлари ўрганилиб, мажбурий тиббий суғуртанинг ҳозирги кунда оптимал ва ижобий баҳоланиб келинаётган бюджет модели танлаб олинди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил декабрда президент Шавкат Мирзиёев 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаган эди. Ҳужжат Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари, жумладан, етакчи мамлакатлар тажрибасига асосланган. Соҳадаги ислоҳотлар барча фуқароларнинг тенг тиббий ёрдам олиш, молиявий ҳимоя ва ресурсларнинг самарали тақсимланиши имкониятини таъминлайди.

262