“Straus House” таъсисчиси туяқуш ўрнига Малибу сотиб олган

454
(Янгиланган 14:13 09.10.2019)
“Straus House” таъсисчиси мижозларидан жамланган пулларнинг учдан бир қисмини ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборгани маълум бўлди.

ТОШКЕНТ, 9 окт – Sputnik. “Straus House” таъсисчиси Иброҳим Исроилов мижозларидан жамланган маблағларнинг учдан бир қисмини ўз шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборгани маълум бўлди, деб хабар қилмоқда Kun.uz. 

ИИВ Тергов департаментидан олинган хабарга кўра, 2018 йилнинг декабрь ойидан 2019 йилнинг август ойига қадар “Straus House” МЧЖ ҳисоб рақамига мижозлардан жами 15 млрд. сўмга келиб тушган.

“Ушбу маблағдан 4,5 млрд. сўми жамият таъсисчи И.Исроиловнинг шахсий пластик карточкасига қарз сифатида ўтказилиб, бу маблағларнинг бир қисмини муқаддам содир этган фирибгарлик жинояти бўйича моддий зарарни қоплашга, ўзи учун 1 дона «Малибу 2» ва 2 дона «Ласетти» русумдаги автомашиналар сотиб олишга, Туркия, БАА, Эрон, Таиланд, Малайзия, Россия Федерацияси ва Украина давлатларига бориб дам олиш ва ўзининг бошқа эҳтиёжлари учун сарфлаб юборгани аниқланган”, - дейилган хабарда.

Ундан ташқари, Иброҳим Исроилов олдин ОАВда хабар қилган, карантин зонасида сақланаётган 5 минг дона туяқуш жўжалари йўқлиги ва мавжуд 500га яқин жўжалар Ўзбекистонда туяқуш етиштирувчи корхоналардан олингани маълум бўлган.

Айни дамда Тергов органлари “Straus House” МЧЖ таъсисчиси мулкини мусодара қилиб жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни қоплаш чораларини кўрмоқда.

Бир неча кун олдин “Straus House” МЧЖ таъсисчиси Иброҳим Исроилов катта миқдорда фирибгарликда айбланиб ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик.

454