Бош прокуратура ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга чора кўрмоқда

919
Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар борасида келиб тушган 932 минг мурожаатдан 574 мингтаси қондирилди, 179 мингтасига рад жавоби берилди.

ТОШКЕНТ, 12 дек – Sputnik. Давлат Хизматлари марказларига 2019 йилнинг май ойига қадар ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга эгалик ҳуқуқини сўраб 932 748 та мурожаат келиб тушган. Бу ҳақида Sputnik мухбирига Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Келиб тушган мурожаатларнинг ярмидан кўпи - 574 213таси Ўзбекистон Президентининг ПФ–5421-сонли Фармонига мувофиқ ўтказилган  умумдавлат акцияси даврида қаноатлантирилган.

Ундан 179 824 мурожаат эса турар жой аҳоли пунктларининг бош режа лойиҳаларига тўғри келмаганлиги, шаҳарсозлик нормаларига жавоб бермаслиги, табиий хавфи юқори бўлган ҳудудда жойлашганлиги ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузганлиги сабабли рад этилган.

Қолган 178 711 та мурожаат эса айни дамда кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, Тошкент вилоятида ердан фойдаланишга оид қонунлар ижроси ўрганилганда, жорий йилнинг декабрь ойида 9 169 ҳолатда 1 203 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгалланганлиги аниқланган. Шундан 3 753 та ҳолатда 364 гектар ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилиш қилингани маълум бўлган.

Бу каби салбий ҳолатлар республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилиб, айни дамда Бош прокуратура томонидан соҳани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш чоралари кўрилмоқда.

919