Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев

Ўзингизга ва оила аъзоларингизга нисбатан бепарво ва бефарқ бўлманг! - Мирзиёев

390
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 июль куни видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

ТОШКЕНТ, 8 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 июль куни видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Давлат раҳбари, жумладан, шундай деди:

“Барчамиз гувоҳи бўлиб турибмиз, афсуски, бутун дунёда коронавирус пандемияси давом этмоқда. Дунёнинг қатор мамлакатларида касалликнинг иккинчи тўлқини бошланаётгани барчамизда жиддий хавотир уйғотмоқда.

Бугунги ҳолат шуни кўрсатмоқдаки, ушбу инфекцияга қарши курашда қандайдир “сеҳрли рецептлар” ҳали йўқ.

Жаҳон ҳамжамияти, дунёдаги энг йирик илмий марказлар, энг кучли олимлар бу офатга даво топиш учун қаттиқ изланмоқда. Ва бундай тадқиқотлар тез орада ўзининг ижобий натижасини беради, деб умид қиламиз.

Ҳозирги кунда республикамизда касалликка чалинганлар сони 10 минг 982 нафарга, соғайганлар сони 6 минг 890 нафарга етди.

Тиббиёт ва санитария-эпидемиология ходимларининг касб малакаси ва жасорати, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фидойилиги, шунингдек, карантин давридаги қатъий интизом мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни нисбатан барқарор сақлаш имконини бермоқда.

Лекин бу хотиржамликка берилиш, бу масалага енгил-елпи қараш учун асос бўлмаслиги керак.

Чунки июль ойининг биринчи ҳафтасида беморлар сони 2 минг 167 нафарга кўпайган. Шундан 1 минг 267 та (58%) ҳолат аҳоли орасида аниқланган.

Бу карантин давридаги энг юқори кўрсаткичдир. Афсуски, беморлар орасида ўлим сони ҳам ортиб бормоқда. Бу барчамизни жиддий ташвишга солиши шарт.

Биз мамлакатимизда коронавирус аниқланган кундан бошлаб қайта-қайта таъкидлаб келмоқдамиз: бу жуда мураккаб синов ва оғир кураш бўлади.

Бу курашда кўп нарса ўзимизга, ақл билан ҳаракатимизга, сабр-тоқатимизга темир интизом билан, қатъият ва жипсликда иш кўришимизга боғлиқ.

Лекин, минг афсуски, аҳоли ўртасида кўпчилик мана шу талабларга тўла амал қилмаяпти.

Айниқса, тиббий ниқоб тақмаслик ёки уни номига тақиш, санитария-гигиена қоидаларини бузиш, ўзаро қўл бериб кўришиш, ижтимоий масофани сақламаслик, заруратсиз оилавий тадбирларни ўтказиш ҳолатлари кун сайин кўпаймоқда.

Жойларда “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ҳудуд тамойили тўлиқ ишламаяпти.

Биз бу борада аҳволни ўзгартириш учун аввало жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз керак.

Юзага келган вазиятни ҳисобга олиб, Республика комиссияси вилоят, шаҳар, туманлар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари билан бирга пандемияни жиловлаш бўйича барча чораларни кўриши шарт.

Тегишли раҳбарлар ўзига бириктирилган ҳар бир вилоят кесимида аҳолининг белгиланган чекловларга қатъий амал қилиши ва карантин талаблари бажарилиши устидан, жойига чиққан ҳолда, назорат ўрнатсин.

Албатта, биз қўшни давлатларда маълум сабабларга кўра қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатимизга қайтариш бўйича ҳам тегишли чора-тадбирларни кўрамиз.

Бироқ юртдошларимизга мурожаат қилиб яна бир бор таъкидламоқчиман: бутун дунёда минг-минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлаётган бундай хатарли офатга асло бепарво ва енгил қараб бўлмайди.

Касалликнинг бирор-бир кичик белгисини ўзингизда сездингизми, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.

Ўзингизча уйда даволанманг. Бу оғир оқибатларга олиб келиши, ва ниҳоят ўлим билан тугаши мумкин.

Ўзингизга ва оила аъзоларингизга нисбатан бепарво ва бефарқ бўлманг!

Халқимиз, оиламиз ва фарзандларимиз саломатлиги ва ҳаёти биз учун энг улуғ бойлик экан, бу ўта муҳим масалада бефарқ бўлиб, карантин талабларини бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Буни ҳеч ким, аввало, барча раҳбар ва мутасаддилар ҳеч қачон унутмаслиги шарт.

Бугунги мураккаб вазиятда барчамиз “Ўз соғлиғингни, ўз болангни, ўз оилангни ўзинг асра!” деган шиорга амал қилиб яшашимиз шарт.

Айни вақтда ҳаётимизни нормал изга солиш, иқтисодиётимизнини тиклаш учун пандемия шароитида яшаш ва меҳнат қилишга ўрганишимиз, барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда, бу борада бошлаган ишларимизни темир интизом билан давом эттиришимиз керак”.

390
Мавзу:
COVID-19 умумжаҳон пандемияси (1084)

Ўзбекистонда 17 августдан масжидлар ишга тушади

110
(Янгиланган 00:09 13.08.2020)
Масжидларда вақтинча жума намози адо этилмайди, диний ташкилотлар фаолиятига ҳар куни дезинфекция ишларини амалга ошириш ҳамда қатъий ижтимоий масофани сақлаш чекловларига риоя этилишини таъминлаган ҳолда рухсат берилади.

ТОШКЕНТ, 12 авг - Sputnik. Республика махсус комиссиясининг қарори билан шу йил 17 август, душанба кунидан эътиборан Ўзбекистондаги барча диний ташкилотлар ўз фаолиятини қайта давом эттиради. Диний ташкилотлар фаолиятига ҳар куни дезинфекция ишларини амалга ошириш ҳамда қатъий ижтимоий масофани сақлаш чекловларига риоя этилишини таъминлаган ҳолда рухсат берилади.

Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати расмий баёнотида диний ташкилотларда жума ва шанба-якшанбалик диний хизматларни вақтинчалик амалга оширмаслик талаб этилиши айтилган.

Қуйидаги муҳим тавсия ва талабларга сўзсиз амал қилиш, масжидлар фаолиятининг давомли бўлишига асосий омил бўлади:

- масжидларнинг кириш жойини дезинфекцион "тўшак"лар билан жиҳозлаш, бирламчи дезинфекциялаш воситалари, пирометрлар (контактсиз ҳарорат ўлчагич) билан таъминлаш;

- ҳар бир фуқаро масжид ичида тиббий ниқобда бўлиши, ҳудудга киришда қўлларини дезинфекциялаш воситасидан фойдаланиши;

- масжидга ташриф буюрган ҳар бир шахснинг касаллик аломатларини текшириш (ҳарорат ўлчаш ва ташқи аломатлар), тана ҳарорати 37ºС ва ундан юқори бўлган ҳолатда фуқароларни алоҳидалаш ва 103 телефон рақами орқали тез тиббий ёрдамга хабар бериш;

- ибодат вақтида ижтимоий масофаланишни сақлаш, фуқаролар орасидаги масофани 1,5 метр этиб белгилаш (махсус чизиқлар ёрдамида катакларга ажратган ҳолда);

- ҳар бир масжиднинг кириш қисмига касалликдан сақланиш, ҳудудда карантин талабларига қатъий амал қилиш, хусусан, 65 ёшдан катта фуқароларни масжидларга вақтинча ташриф буюрмай туришлари тавсия этилиши тўғрисидаги ахборот лавҳаларини ўрнатиш;

- масжид маъмурияти томонида иш фаолиятни карантин даврида ташкил этиш бўйича тегишли буйруқ ва ички тартибларни ишлаб чиқиш (бунда ёши 65 ёшдан улуғ фуқароларни вақтинча ташриф буюрмай туришларини тавсия этиш);

- масжидларда жума намозини вақтинча адо этмаслик;

- ҳудудий Санитария-эпидемиология хизмати ходимлари томонидан масжидларнинг барча ходимлари билан тушунтириш ишларини ташкил этиш;

- ушбу хизмат томонидан белгиланган муддатда (ҳар 3 кунда ёки ҳафтада бир маротаба) масжидлардаги санитария-эпидемиологик ҳолатни ўрганиш ва тавсиялар бериш;

- масжидлар бинолари ва ҳудудини ҳар куни дезинфекция қилиш, хоналарни шамоллатиш;

- масжидга кириш ва чиқиш жойларида аҳолининг тўпланишига қатъий йўл қўймаслик;

- таҳоратхонадан фақат зарур шароитлар яратилган (бир марталик сочиқ-салфетка, антисептик воситалар, суюқ совунлар билан таъминлаш, қисқа муддатларда дезинфекция қилиш), ижтимоий масофаланишни сақлаган ҳолда фойдаланиш каби тартиб-интизомлар алоҳида таъкидланади.

110
Мавзу:
COVID-19 умумжаҳон пандемияси (1084)
Глаз крупно

Шифокорлар бемор кўзига қараб яқинлашаётган ажални башорат қилишни ўрганди

495
Шифокорлар беморнинг кўзларини кузатиб, яқинлашиб келаётган ўлимини башорат қилишни ўрганиб олишди. Бу ҳақда ESC Heart Failure нашри тадқиқот натижаларини эълон қилди.

ТОШКЕНТ, 11 авг - Sputnik. Олимлар юрак етишмовчилиги бўлган беморларда яқинлашаётган ўлим хавфининг янги индикаторни аниқладилар. ESC Heart Failure журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, бунга кўз қорачиғи катталиги ишора бўлиши мумкин. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

Ҳисоботга кўра, шифокорлар 870 кишидан иборат гуруҳни кузатдилар, улар кейинчалик кўз қорачиғи катта ва кичик бўлган беморларга бўлинди. Бу одамлар кейинчалик икки йил давомида кузатилди.

Маълум бўлишича, кўз қорачиғи кичиклашган бўлган, юрак етишмовчилиги билан оғриганларда ўлим ҳолати кўз қорачиғи каттароқ бўлганларга қараганда икки баравар кўпроқ бўлган. Бундан ташқари, уларнинг касалхонага такрорий ётқизилиши эҳтимоли деярли 50 фоиз бўлган, кўз қорачиғи каттароқ бўлган беморларнинг эса фақат 28 фоизи қайта ётқизилган.

"Кузатишлар шуни кўрсатдики, кўз қорачиғининг майдонини ўлчаш юрак етишмовчилиги бўлган беморларнинг ҳолатини баҳолаш учун янги ноинвазив усул бўлиши мумкин", - дейилади олимларнинг хулосаларида.

Шифокорлар эслатишича, эндиликда кўз қорачиғини текшириш Альцгеймер, Паркинсон касаллиги, қандли диабет ва бошқа касалликлари бор беморларнинг ҳолатини ташхислашда аллақачон фаол қўлланилмоқда. Таъкидланишича, соғлиқ учун хавфни аниқлашнинг ишончли ноинвазив усулларини излаш шифокорлар учун энг муҳим вазифалардан биридир.

495