Судебный молоток, архивное фото

Ўзбекистон жиноят судлари биринчи ярим йилликда 13,9 мингта ишни кўриб чиқди

112
(Янгиланган 10:06 22.07.2020)
Судланган шахсларнинг 11 401 нафари эркаклар, 1 347 нафари аёллар, 4 954 нафари ёшлар, 257 нафари вояга етмаганлар ва 396 нафари 60 ёшдан ошган шахслардир

ТОШКЕНТ, 22 июл - Sputnik. Ўзбекистон жиноят судлари биринчи ярим йилликда 13,9 мингта ишни кўриб чиқдилар.

"Ўзбекистонда 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 17 251 нафар шахсга нисбатан 13 990 та иш кўриб чиқилди. Мазкур кўрсаткичлар 2019 йилнинг шу даврига нисбатан шахслар бўйича 8 фоизга, ишлар бўйича эса 2 фоизга камайган", - дейилади Олий суб расмий ахборотида.

Хусусан, 363 нафар шахс оқланган ва реабилитация қилинган, судланган шахслар сони 12 748 нафарни ташкил этиб, шундан 3 896 нафар шахсга озодликдан махрум қилиш ва 8 852 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланган, 545 нафар шахс шартли ҳукм қилинган. Судланган шахсларнинг 11 401 нафари эркаклар, 1 347 нафари аёллар, 4 954 нафари ёшлар, 257 нафари вояга етмаганлар ва 396 нафари 60 ёшдан ошган шахслар.

Шунингдек, 1 455 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залидан озод қилинган, 10 331 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган, 3 234 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилган, 2 505 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланган.

115 нафар ёшларга, 23 нафар аёлга ва 386 нафар шахсга кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан айрим жиноят турлари, хусусан, қасддан одам ўлдириш, босқинчилик, талончилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, ўғрилик, қасддан баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказиш, одам савдоси, мансаб сохтакорлиги, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби жиноятлар учун судланганлик кўрсаткичлари камайган.

Ҳисобот даврида ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 3 535 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилган.

Етказилган 118,5 млрд. сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 1 319 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

3 646 та жиноят иши, яъни барча ишларнинг қарийб 26,1 %и сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 808 нафар шахсга нисбатан 661 та иш кўриб чиқилган. 519 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилинган ва 197 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.

112

Ўзбекистонда карантин 15 августдан юмшатилади тафсилотлар

16
(Янгиланган 18:19 12.08.2020)
15 августдан автотранспорт воситаларининг кун давомида юриши, маҳаллий авиа ва темир йўл қатнови учун рухсат берилади.

ТОШКЕНТ, 12 авг — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларда саноатни ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиш ўтказмоқда. Унда 15 августдан карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш чоралари белгиланди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Президент 15 августдан автотранспорт воситаларининг кун давомида юриши, маҳаллий авиа ва темир йўл қатнови учун рухсат бериш кераклигини айтди.

Қуйидаги белгиланди:

  • санаторийлар, меҳмонхоналар, музейлар, болалар оромгоҳлари, дала ҳовлилар ижараси, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар, очиқ ҳавода хизмат кўрсатадиган умумий овқатланиш объектлари фаолияти ҳам тикланади;
  • белгиланган талабларга амал қилган ҳолда уйда 30 кишилик оилавий маросимлар ўтказиш мумкин бўлади;
  • 17 августдан ҳудудлар ўртасида автотранспорт қатнови, жамоат транспорти (метрополитендан ташқари) ва шаҳар атрофидаги автобуслар қатнови тикланади;
  • 20 августдан буюм ва қурилиш маҳсулотлари бозорлари, йирик савдо дўконлари, спорт заллари, фитнес клуб ва бассейнлар ишлай бошлайди;

Республика махсус комиссиясига ҳар бир фаолият тури бўйича қандай санитария талабларига амал қилиш зарурлигини аниқ белгилаш вазифаси қўйилди. Эпидемиологик вазият яхши бўлган давлатлардан келган шахсларни карантинига олиш ва ундан чиқариш тартибини енгиллаштириш, пневмониядан тузалган аҳолини реабилитация қилиш марказларини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди.

Санитария-эпидемиология хизматига коллектив иммунитет шаклланиш жараёнини мониторинг қилиб бориш учун антитаначалар таҳлилини ўтказишни йўлга қўйиш кераклиги таъкидланди. 

Телевидение ва радиода маданий-маърифий, кўнгилочар кўрсатув ва эшиттиришларни кўпайтириш, ижтимоий масофани сақлаган ҳолда театр, кино, концерт ва бошқа тадбирларни ташкил этиш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

"Карантин талаблари юмшатилаётган бўлса-да, барчамиз ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиш, дезинфекция ва бошқа санитария-гигиена талабларига сўзсиз амал қилишимиз, илгари йўл қўйган хатоларни такрорламаслигимиз керак. Худога шукур, ҳаммамиз ҳам етарли тажриба орттирдик. Кўпни кўрган халқимиз жуда катта матонат ва қаҳрамонлик, тиббий маданиятини намоён қиляпти. Темир интизом, қаттиқ чидам ва сабр-тоқат билан биз албатта бу синовларни тез орада енгиб ўтамиз. Мен бунга қатъий ишонаман", – дея таъкидлади Мирзиёев.

 

 

16
Визит Абдуллы Арипова в Сохский район

Сўхда қурилаётган кичик аэропорт ҳақида маълумот берилди

22
Президент қарори билан Сўх тумани “Новобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 10 гектарда кичик аэропорт ташкил этилмоқда.

ТОШКЕНТ, 12 авг — Sputnik. Сўх туманида самолёт ва вертолётлар учиш-қўниш майдончаси ташкил этиш ишлари бошланди. Бу ҳақда бош вазир Абдулла Ариповнинг туман фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди.

Сўх тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, тумандаги “Новобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида кичик аэропорт ташкил этилмоқда. Мазкур майдон салкам 10 гектар майдонни эгаллайди. Бу ердан илгари маҳаллий аҳоли аэропорт сифатида фойдаланган.

Авиақатновларга Ўзбекистондаги “Humo Air” авиакомпаниясининг Ан-2 самолёти ҳамда “Ўзбекистон ҳаво йўлларининг” “Uzbekistan Helicopters” МЧЖга қарашли МИ-8 вертолётларини жалб қилиш кўзда тутилмоқда.

Ан-2 самолёти 12 та йўловчи сиғимига, МИ-8 вертолёти эса 16 нафардан 20 нафаргача одам олиш имкониятига эга ҳисобланади.

Йўловчилар 35-40 дақиқада Фарғонадан Сўхга ёки Сўхдан Фарғонага етиб олиш имкониятига эга бўлади. Парвозларни ҳозирча кунига 2 тадан амалга ошириш мўлжалланмоқда. Келгусида талабга қараб парвозлар кўпайтирилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона шаҳридан Сўх туманига кичик авиация транспортида парвозлар йўлга қўйилиши хабар қилинган эди.

22