ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.
Яна 19 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 79 461 нафарни ташкил қилмоқда.
Янги касалланиш ҳолатларининг: 2 нафари Андижон вилоятида, 2 нафари Бухоро вилоятида, 1 нафари Наманган вилоятида, 1 нафари Сурхондарё вилоятида, 6 нафари Хоразм вилоятида, 3 нафари Тошкент вилоятида, 4 нафари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 77 969 нафарга етди. Соғайиш кўрсаткичи 98 фоиз.
Айни пайтда 870 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. 153 нафари оғир, 28 нафари эса ўта оғир аҳволда.
Ўзбекистонда жами 622 киши пандемия қурбони бўлди.
Дунё бўйлаб инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 108,8 миллиондан ошди, 2,3 миллиондан ортиқ киши вафот этди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (27,6 млн), Ҳиндистонда (10,9 млн), Бразилияда (9,8 млн).
ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. “Меҳр-4” операцияси доирасида Афғонистондан 24 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар қилмоқда.
Таъкидланишича, улар Афғонистон ва Покистон ҳудудларида ташкил этилган халқаро террорчилик ташкилоти сафларига қўшилиб қолишган. Кейинчалик Афғонистон ҳудудига ўтишган ва ушбу ҳудудда яшашган.
Афғонистоннинг ҳамкор ташкилотлари кўмагида олиб келинган ушбу шахслар Сурхондарё вилоятининг Термиз тумани ҳудудида жойлашган “Айритом” чегара пости орқали кутиб олинган. Маҳаллий ОАВларнинг ёзишича, олиб келинганлардан 19 нафарини болалар ташкил этмоқда, 4 нафар бола етим.
Улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, вилоят ҳокимияти, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси, вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамда соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари иштирокида Термиз туманидаги даволаш ва соғломлаштириш маркази биносига жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда май ойида “Меҳр-1” инсонпарварлик операцияси доирасида 156 нафар ўзбекистонлик, асосан, аёллар ва болалар Суриядан қайтарилган эди. Кейинчалик “Меҳр-2" операцияси амалга оширилиб, Ироқдан 64 нафар ўзбекистонлик бола мамлакатга олиб келинди. Ўтган йил декабрь ойида “Меҳр-3” доирасида яна 98 нафар ўзбекистонлик аёллар ва болалар Ватанга қайтарилди.
ТОШКЕНТ, 3 мар - Sputnik. Касаба уюшмалари Федерацияси "Аёллар дафтари"га кирган хотин-қизлар учун бепул саёҳатлар ташкил этмоқда. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбирига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова хабар қилди.
Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан республиканинг турли ҳудудларида яшовчи, "Аёллар дафтари"га кирган аёллар учун Хоразм вилоятидаги тарихий обидалар бўйлаб бепул саёҳатлар ташкил этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Касаба уюшмалари Федерацияси раиси мутасаддилигида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда тегишли масъул ташкилотлар раҳбарлари таркибида "Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси" фаолияти йўлга қўйилиб, "Аёллар дафтари"ни шакллантириш ишлари амалга оширилмоқда.
Айни кунда республиканинг барча ҳудудларида мазкур дафтарга киритилган ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, "Аёллар дафтари"га 30 ёшдан ошган 9 тоифадаги, яъни ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ишсиз, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган, нотурар жойларда истиқомат қилаётган, қарамоғида бир ва ундан ортиқ I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандлари мавжуд ёлғиз аёллар, шунингдек, тиббий ҳимоя, ҳуқуқий ёрдам ва психологик маслаҳатга муҳтож эҳтиёжманд аёллар аниқланиб, уларга жойида амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Республика даражасида ҳал этиладиган муаммолар бўйича эса "Йўл хариталари" тузилиб, кўплаб масалаларга ечим топилмоқда.
ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон-БАА ҳамкорлигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Суҳбатда хусусий инвестицияларни жалб қилган ҳолда, шу жумладан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, Амирликлар бозори ва учинчи мамлакатларга етказиш бўйича агросаноат тармоғида қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Муқобил энергиядан фойдаланиш соҳасида, энергетика ва бошқа муҳим инфратузилма объектларини модернизация қилиш, замонавий меҳмонхона мажмуаларини барпо этиш бўйича йирик лойиҳаларни фаол ишлаб чиқиш ва амалга оширишни давом эттиришга, шунингдек, янги ишбилармонлик ташаббуслари доирасида инвестициялар портфелини кенгайтириш ва молиявий-техник кўмак дастурларини рўёбга чиқаришга келишиб олинди.
Бундан ташқари, таълим соҳасида самарали ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи ташкилотлари иштирокида бошқарув соҳасида миллий кадрларни тайёрлаш муҳим экани таъкидланди.