Ўзбекистонлик боксчи Ҳасанбой Дўсматов. Архив сурат

Ҳасанбой Дўсматов Рио олимпиадасининг энг яхши боксчиси дея эътироф этилди

160
(Янгиланган 12:11 22.08.2016)
Энг енгил вазн (49 кг) тоифасида Рио-2016 Олимпиадасида иштирок этган ва олтин медални қўлга киритган ўзбекистонлик боксчи Ҳасанбой Дўсматов турнирнинг энг яхши боксчисига бериладиган Вэл Баркер кубоги билан тақдирланди.

ТОШКЕНТ, 22 авг — Sputnik. Ҳасанбой Дўсматовнинг техникаси, хатти-ҳаракатлари бокс мутахассисларини беэътибор қолдирмаган, деб хабар қилинади Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси (AIBA) матбуот-хизмати хабарида.

Хабарда эътироф этилишича, америкалик Нико Харндез, қозоғистонлик Биржан Жакипов, финалда эса кубалик Юрберьен Мартинес устидан ғалаба қозонган Ўзбекистоннинг 23 ёшли вакили Ҳасанбой Дўсматов Олимпия турнири давомида аъло формада бўлган.

"Мен аниқ биламанки, оилам мен учун жуда бахтиёр бўлади. Чемпион бўлганимдан ҳаяжондаман. Олимпия ўйинларидаги ажойиб тажриба учун Риога миннатдорчилик билдирмоқчиман", — деб айтган Дўсматов.

Вэл Баркер кубоги AIBA қўмитаси қарори билан 1934 йилдан бери Олимпиада ўйинлари турнирининг энг яхши боксчиларига тақдим этиб келинади. Мукофот 1926-1929 йилларда Халқаро Бокс Федерацияси президенти бўлган Вэл Баркер шарафига шундай номланади.

Кубокнинг энг машҳур кубок соҳиблари орасида кубалик 3 карра Олимпиада чемпиони Теофило Стивенсон, украиналик боксчи Василий Ломаченко санаб ўтиш мумкин. 2012 йилги Лондон Олимпиадаси якунида эса Вэл Паркер кубоги Қозоғистон вакили Серик Сапиевга берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ҳасанбой Дўсматов Рио-2016 олимпиядасининг биринчи "олтини"ни қўлга киритган ўзбекистонлик спортчидир. Ўзбекистон терма жамоаси жами 13та мукофотни қўлга киритди: шулардан тўрттаси олтин, иккитаси кумуш ва еттитаси бронза медаллардир.

160
Мавзу:
Олимпиада кундалиги (47)