Автомобили на трассе

Йўл бўйидаги карвонсарой, тирбанд божхона ёхуд Москвадан Бухорога саёҳат

1154
Рус йўллари, чўлдаги намоз, чойхонадаги нонушта ва нейтрал ҳудуддаги тун —Sputnik мухбирининг Москвадан Бухорога қилган саёҳатидан биринчи репортаж

Антон Курилкин

Бухорогача бўлган уч ярим минг километрли йўлимиз кечқурун Москва вилоятининг Химкисидан бошланди. Умумий ҳисобда саёҳат саккиз кун давом этди ва Самарқанд аэропортида якунланди.

Барча ҳамроҳларим ўзбеклар – рулда Баҳодир, орқа ўриндиққа Қудрат ва Улуғбек жойлашишди.

Йўлда ухлаб қолмаслик учун ўзбекча қўшиқлар ёзилган дискни қўйиб олдик ва хаёлан Бухорога саёҳат қилдик.

Мусиқа автомобилда саёҳат қилаётган пайтингда зериктирмайдиган камдан-кам нарсалардан бири: мусиқадан ташқари табиатни томоша қилиш ёки суҳбатлашиб кетиш мумкин холос.

Тун бўйи бир неча юз километр йўл юрдик ва эрталаб олтида "Змей Горыныч" мажмуасида тўхтадик.

Славянча ном берилган бу мажмуада чойхона, ёқилғи қуйиш шохобчаси, мотель, ҳатто ҳаммом жойлашган. Бу ерни ўзимизники деб атаса ҳам бўлади – деярли барча машиналар Ўзбекистонники. Нукус, Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона водийсилик кишиларни учратиш мумкин. Менюда ҳам фақат анъанавий таомлар: лағмон, шўрва, манти ва албатта палов.

Автомобили на трассе
Sputnik / Антон Курилкин
Трасса

Нонуштадан сўнг Баҳодир машинага ёқилғи қуйгунча Улуғбек билан суҳбатлашдик. У анчадан буён Бухородаги қишлоғига автобус ва машиналарда бориб-келаркан.

"Ҳозир йўл анча яхши бўлиб қолди – Россияда ҳам, Қозоғистонда ҳам икки йилча олдин йўлларни ремонт қилишди. Олдинлари камида ўн кун юрган бўлсак, ҳозир беш кунда етиб бориш мумкин", — дейди у.

Машинамиз келди ва Мордовия ҳудуди бўйлаб йўлга тушдик.

Далалар ўрнини қадимий ўрмон эгаллайди. Цивилизация борлиги ҳақида фақатгина йўлдаги кўрсаткичлар эслатиб туради. Бир соат йўл юрганимиздан кейингина биринчи қишлоққа дуч келдик. Йўл қишлоқ орқали ўтади ва бу ердаги аҳоли шунинг орқасидан тирикчилик қилади – йўлнинг икки четида ўнлаб тамаддихоналар бўлиб, улар орасида товуқ ва эчкилар югуриб юради.

Кафеларнинг номлари ҳам антиқа: "Светлана", "Арарат", "Лариса", "Ереван", "Ёқимтой хонимлар ҳузурида", "Арбат".

Поле подсолнухов вдоль трассы в Мордовии
Sputnik / Антон Курилкин
Мордовиядаги кунгабоқар даласи

Ниҳоят ўрмондан чиқамиз – йўл бўйлаб кунгабоқар далалари кўзга ташланади, қишлоқлар кўпаяди, уларнинг номлари эса янада қизиқ. Париж Коммунаси, Рамзай ва Николо-Райскоедан ўтамиз, Татарский Канадей орқали Николаевкага кириб борамиз.

Шаҳарчага кираверишда ғаройиб ёдгорлик бор – "Тинчликни севамиз, лекин Ватанни хафа қилдириб қўймаймиз" деган ёзув туширилган советларнинг Т-64 танки ўрнатилган. Чиқаверишда ҳам шунга ўхшаш ёдгорлик — автосервис ёнидаги майдончада ҳаво-десант қўшинлари байроғи ўрнатилган бронемашина турибди.

Ҳаво иссиқ, ҳамроҳларим эса бу шунчаки илиқ ҳаво эканлигини, ҳақиқий жазирама эса Қорақалпоғистонда бўлишини айтиб устимдан кулишади.

Бу вақтда ўрмон ва далалар орасидан Волга дарёси кўзга ташланади, у ўртача катталикдаги дарёга ўхшаб кўринади. Россиянинг энг асосий сув томири қай даражада йирик эканлигини Жигулевск ва Тольятти ўртасидаги икки километрли кўприк устида баҳолаш мумкин: биз гўзал ва виқорли Волгадан бир неча дақиқа кўз узолмай қолдик.

Вид на Волгу с моста между Жигулевском и Тольятти
Sputnik / Антон Курилкин
Волга дарёси манзараси

Кўприкдан тушаётиб янги Ravon автомобилларини олиб кетаётган трейлерга кўзимиз тушди. Суҳбат шу заҳоти машиналар мавзусига бурилди. Гап билан бўлиб Самарадан қандай ўтганимизни сезмай ҳам қолибмиз.

Қозоғистон чегарасига икки юз километр қолади. Чегара назоратидан ўтишдан олдин дам олишга тўхтадик. Тўхтаган жойимиз қадимий карвонсаройларни эслатади — меҳмонхоналар, чўмилиш хоналари, чодирлар ва ресторанлар аралашмасидан иборат мажмуа.

Автотураргоҳ ва йўл бўйида турли мамлакатларнинг машиналари қалашиб кетган. Энг кўпи Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистонники. Россиялик ҳайдовчиларнинг мини колоннаси ёнига Туркманистон фураси келиб тўхтади. Бизнинг машинамиз ёнидан Латвиядан келган енгил машина жойлашди, нарироқда эса польшалик мотоциклчилар туришибди. Уларга ҳамроҳлик қилаётган автомобил ҳайдовчиси эса сув ва сомса сотиладиган дўкон олдида навбатга тураётган "Москва — Душанбе" автобуси йўловчиларини қизиқиш билан кузатиб турибди.

Березы у дороги
Sputnik / Антон Курилкин
Йўл бўйидаги оққайинлар

Оқшом тушганида жойимиздан силжидик – чегарагача қолган сўнгги километрларни қоронғуликда босиб ўтишга тўғри келади, узоқ-узоқларда чақмоқ чақнайди.

Россия божхонасига киришди плиталардан иборат йўлга дуч келасиз. Бу йўлдан ҳар қандай машина ҳам юравермайди. Тиркама улаган катта юк машиналари шундай силкинадики, беихтиёр машина ағдарилиб кетса қаёққа қочиш мумкин дея атрофга аланглайсиз. Енгил машиналарга янада қийин – аёл киши миниб олган Mazda шлагбаумга яқинлашар экан, машина ости ва бампери плиталарга тегиб шилиниб ўтди.

Шлагбаум ёнида турган Россия чегарачиси навбатсиз суқилиб кирган машиналарни ортига қайтаради, унинг ҳамкасби эса машиналар қатори оралаб тартибни назорат қилади.

Узоқдан муаззиннинг намозга чорлаган товуши эшитилади. Биздан олдинда турган автомобил ҳайдовчиси машинасидан тушади ва йўл бўйига жойнамозини солганча намоз ўқишга тутинади. Ён-атрофдаги йўловчи ва ҳайдовчилар эса унга халақит бермаслик учун паст овозда гапиришади.

Россия божхонасида турган каттаю кичик юк машиналарини улкан рентгенга йўналтиришади. Ҳайдовчилар сканер деб атовчи бу қурилма олдида транспорт шу даражада кўпки, уларни эрталабгача текшириб ҳам тугатиб бўлмайди, шу боис машинамизни божхоначиларнинг ўзлари текширишди.

Россия божхонасидан бир ярим соатда ўтдик, аммо Қозоғистонгача етиб боролмадик – қозоғистонлик чегаралар тинимсиз равишда ЕОИИ мамлакатлари машиналарини ўтказишади. Бизнинг автода Ўзбекистон рақами бўлгани боис нейтрал ҳудудда тунни ўтказишга мажбур бўлдик.

Утро в степи Казахстана
Sputnik / Антон Курилкин
Қозоғистон чўлидаги тонг

Эрталаб еттида барча назорат жараёнларидан ўтдик ва Қозоғистон ҳудудига кирдик. Баҳодир машинага транзит суғуртасини расмийлаштиргунча биз учовлон совуқдан жунжикканча саҳро тонги манзарасини томоша қилдик. Ҳайдовчимиз қайтиб келиб машинага ўтирди ва печкани ёқди, йўлга тушдик. Саёҳатнинг биринчи суткаси ортда қолди, олдинда эса икки минг километр ва беш кунлик саёҳат турибди.

1154
Мавзу:
Махсус репортаж: Москвадан Бухорога автоуловда саёҳат (6)
Флаг Узбекистана

Ўзбекистон ташаббуси билан "Тикланиш йўли" халқаро онлайн туризм конференцияси ўтказилади

153
Тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек Озарбайжон, Арманистон, Грузия, Россия, Белорусия ва Молдова давлатларининг туризм администрациялари раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.

ТОШКЕНТ, 29 май - Sputnik. 2020 йил 1 июнь куни Ўзбекистон ташаббуси билан Бутунжахон туризм ташкилоти (БТТ) бошчилигида коронавирус пандемияси таъсири натижасида туризм соҳасига етказилган зарарларни бартараф этиш ва бирдам ҳаракатланиш режаларини муҳокама этиш мақсадида "Тикланиш йўли" халқаро онлайн туризм конференцияси ўтказилади.

Бу тўғрисида аввалроқ Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдухакимов ва БТТ Бош котиби Зураб Пололикашвили ўртасида бўлиб ўтган телефон мулоқоти давомида келишиб олинган эди.

Тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек Озарбайжон, Арманистон, Грузия, Россия, Белорусия ва Молдова давлатларининг туризм администрациялари раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.

Мазкур конференция иштирокчилари COVID-19 пандемиясининг туризм соҳасига бўлган салбий оқибатларини юмшатиш бўйича самарали чора-тадбир ишлаб чиқиш юзасидан ўзаро фикр ва тажриба алмашадилар.

Шу билан бирга, мазкур давлатлар ҳукуматлари томонидан сайёҳлик ва туризм саноатининг жадал қайта тикланиши ва ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштириш йўллари, пандемиядан кейинги даврда туристлар учун қулай ва ҳавфсиз шароитларни таъминлаш, шунингдек, туристлар оқимини ёшартириш ва кўпайтириш ишларини тизимли ташкил этиш  масалалари муҳокама қилинади.

153
Туристы в Самарканде

Ўзбекистонда 1 июндан ички туризм қайта тикланишни бошлайди 

235
Ўзбекистонда туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар ҳақида президент фармони қабул қилинди.

ТОШКЕНТ, 29 май - Sputnik. Ўзбекистонда 1 июндан ички туризм фаолияти қайта тикланишни бошлайди. Бу ҳақида президентнинг 28 май куни имзоланган  “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида айтиб ўтилган. 

"Белгиланган санитария-гигиена меъёрлари ва талабларига қатъий риоя этган ҳолда 2020 йилнинг 1 июнидан “яшил” ва “сариқ” тоифадаги ҳудудларда ички туризмни қайта йўлга қўйиш билан биргаликда ёндош ташкилотларнинг (туроператорлар, турагентликлар, жойлаштириш воситалари, маданият ва маданий мерос объектлари ҳамда бошқалар) фаолиятини бошлаш", - дейилган фармонда.  

Шунингдек, президент фармонида туроператорлар, турагентлар ва меҳмонхоналар учун қуйидаги имтиёзлар белгиланди:

  • 2020 йил 1 июндан 31 декабрига қадар фойда солиғи ставкаси белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтирилади;
  • 2020 ва 2021 йил якунлари бўйича зарарларни Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида назарда тутилган миқдор билан чекламаган тарзда ўтказиш ҳуқуқи берилади;
  • 2021 йил 1 январгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади.
  • Жойлаштириш воситаларига алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун маҳаллий йиғимни тўлашни 2021 йил 1 январгача бўлган муддатга солиқ органларини хабардор қилиш ва кейинчалик уларни 12 ой мобайнида тенг қисмларда тўлаш асосида фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилади. 

Ундан ташқари, туризм соҳасидафаолият юритувчи ташкилотларга 12 ой муддатга бир марталик мақсадли фоизсиз ссудалар бериш назарда тутилган. Жумладан туроператорларга 2019 йилдаги ўртача ойлик иш ҳақи фондининг уч бараваридан ошмайдиган миқдорда ҳамда жойлаштириш воситаларига ҳар бир ётоқ ўрни учун базавий  ҳисоблашнинг беш баравари миқдорида ссудалар берилиши айтиб ўтилган.  

 

235
Передача портфеля из рук в руки

ИИВ ППХ бош бошқармасига янги раҳбар тайинланди

16
(Янгиланган 10:52 02.06.2020)
Полковник Азизхон Умархонов ИИВ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармасига раҳбари этиб тайинланди.

ТОШКЕНТ, 2 июн — Sputnik. Полковник Азизхон Умархонов Ўзбекистон ИИВ Патруль — пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар қилди.

У тайинловга қадар Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Полковник Муродилла Аликариев Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимини эгаллади. Бунга қадар Аликариев Тошкент шаҳар ИИББ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

16