Бухара

Москвадан Бухорога саёҳат: эртак-шаҳар, обидалар шаҳри

632
(Янгиланган 09:44 12.09.2017)
Қадим шаҳар сирлари, такрорланмас ўзбекона меҳмондўстлик, туристик ташвишлар ва албатта жонли тарих қаршисидаги ҳайрат -Sputnik Ўзбекистон мухбирининг Бухоро шаҳрига бағишланган репортажи

Антон Курилкин

Меҳмондўстлик удуми

Эрталаб Улуғбекнинг Карим исмли дўсти яшайдиган Бухородаги қишлоқлардан бирига кириб борамиз — унга Москвадан олиб келинган совға-саломларни беришимиз керак. Шунчаки совғани бериб йўлга тушишнинг иложи бўлмади — Карим бизни нонуштасиз қўйиб юбормаслигини айтиб оёқ тираб туриб олди.

Айнан мана шу уйдаги зиёфатдан олдиндан тайёрланмаган туристнинг чидамлилиги синови бошланади — ўзбекона меҳмондўстлик. Сутли иссиқ нон ва чой билан меҳмон қилганидан сўнг Карим меҳмонларга кетишга ижозат берди.

Йўлимизда давом этамиз, манзилимизга жудаям яқин қолди. Йўлда турли машиналарга кўзимиз тушади — янги "Шевроле"лардан тортиб эски "ЗИЛ"ларгача. Баҳодирнинг айтишича, ҳаттоки жуда эски машиналарни ҳам маҳаллий усталар замонавийлаштириб ташлашади — автомобил дизел эмас, газда ишлаши учун янги ёнилғи тизимини ўрнатишади.

Ибн Сино номидаги улкан мажмуа — музей ва тиббиёт коллежига кирдик. Афсонавий олим таваллуд топган жойда ўша давр иншоотлари сақланиб қолмаган, лекин музейнинг алоҳида биноси қадимий осори-атиқалар сақланади ва бўлажак шифокорлар бу мерос билан танишишлари мумкин.

Ниҳоят, Бухоро шаҳрига кириб келамиз. Бир неча кунлик йўлдан сўнг дам олиш ва атрофдаги гўзалликдан баҳра олиш мумкин бўлган эртакмонанд ва шинам шаҳарга тушиб қолдик.

Баҳодирнинг уйи остонасидан ҳатлаб ичкарига киришимиз билан бизни тушликка таклиф қилишди. Эрталабки нонуштадан кейин қорним тўқ бўлса-да, рад этмадим — акс ҳолда мезбонлар хафа бўлишади. Бунинг устига, тотли ис таратиб ўзига чорлаб турган мазали таомдан воз кечишнинг имкони йўқ.

На улицах Бухары
© sputnik /Антон Курилкин
Бухоро кўчалари

Вақт астагина пешиндан ҳам ўтди ва ухлаб олиш учун имконият туғилди. Ўзбекистонда Испания ёки Италиядаги каби "сиеста" атамаси (тушдан сўнг ухлаб олиш) йўқ бўлса ҳам, жазирама пайтида шаҳар ўзига хос уйқуга чўмади. Офтоб қиздириб турган пайтда Россиянинг ўрта минтақасидан келган бу иқлимга ўрганмаган турист учун сайр қилиш оғир, шу боис сайрни кечки пайтга қолдирдик.

Продавец морса на улице в Бухаре
© sputnik /Антон Курилкин
Бухородаги кўчада морс сотаётган сотувчи

Бироқ тушлик қилиб бўлганимиздан кейин кечки сайр бекор қилинди — биз машинада йўл-йўлакай шаҳарни томоша қилганча Улуғбекларникига отландик. Яна бир неча соат зиёфат бўлди. Фақат эртага шаҳарни кўришимиз ва қайтишга билет олишимиз кераклигини бот-бот айтганимиздан кейингина мезбон бизларга истамайгина жавоб берди. Агарда тиғиз жадвалим бўлмаганида бу ерда тунгача гаплашиб ўтиришимиз мумкин эди.

Аввало тартиб муҳим

Зиёфат ўз йўлига, лекин мамлакатда бўлиш тартибини ҳеч ким бекор қилмаган. Ўзбекистонга келган турист Ички ишлар вазирлиги бўлимларида рўйхатдан ўтишлари шарт ва меҳмонхоналарда бу иш билан меҳмонхона ходимлари шуғулланишса, менга ушбу жараёндан ўзим ўтишимга тўғри келди.

Умуман олганда, бу қийинчилик туғдирмайди — паспорт столидаги майор қандай ҳужжатлар керак бўлишини обдон тушунтирди, кечга бориб эса штамп босилган паспортимни олдим. Тўғри, бож тўловини тўлаш учун банкка бориб-келишимга тўғри келди.

Гапнинг пўсткалласини айтганда, бож тўлови — туристлар учун энг асосий муаммо. Унинг миқдори нисбатан оз — беш АҚШ доллари, лекин бу пулни расман банкда алмаштириш, кейин эса йиғимни квитанция бўйича сўмда тўлаш керак.

Хорижлик сайёҳлар учун бундай ҳолатларни солиштириш саёҳатдаги энг қизиқ нарсалардан бири ва бошқа мамлакатлардаги одамлар қандай яшашаётгани ҳақида тушунчага эга бўласан.

Россия банкларидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистондаги банкларда хавфсизлик чоралари анча жиддий — эшик олдида милиционерлар ёки қўриқлаш хизмати ходимлари туришади. Улар хавфсизликни назорат қилишдан ташқари, одамларга қайси томонга, қайси йўлдан юриш мумкинлигини ҳам тушунтириб туришади.

Рўйхатга олиш жараёни ҳаммаси бўлиб бир соатдан озроқ вақтни олди, ушбу масала билан шуғулланаётган милиция ходими эса мамлакатда бўлиш муддатимни яна икки кунга узайтириб олишимни маслаҳат берди. Ҳар эҳтимолга қарши, мабодо билет сотиб олишнинг имкони бўлмай қолса ёки вақтида учолмай қолсам асқотаркан. Кейинроқ маълум бўлишича, унинг маслаҳатлари бежиз эмас экан.

Ўтмишга саёҳат

Барча расмиятчиликларни ҳал қилгач, диққатга сазовор масканларни кўришга йўл олдик. Мислсиз даражада кўп тарихий иншоотлар орасидан бирортасини ажратиб кўрсатиш амримаҳол: бутун шаҳар марказидаги тор кўчалар, мозаика билан безатилган аркалари билан дунёга машҳур масжид ва мадрасалар барчаси яхлитликни ташкил этади.

Медресе в Бухаре
© Sputnik / /Антон Курилкин
Бухородаги мадраса

Бу ерда вақт ўзига хос тарзда ҳаракатланади, ўтмиш эса замонавийлик билан уйғунлашиб кетади. Бунёд этилган вақтига қарамасдан барча иншоотлар аъло даражада сақланган, барчасининг ичига кириш, яқиндан томоша қилиш мумкин. Гўёки бирданига бир неча юз йил аввалги даврга қайтиб қолгандек бўласиз.

Мозаика на архитектурных памятниках в Бухаре
© sputnik /Антон Курилкин
Бухородаги архитектура ёдгорлигидаги мозаика

Ўрта аср чорраҳаларидаги савдо расталарида бугунги кунда ҳам идиш ва пичоқдан тортиб турли сувенирлар сотадиган атторлар ўтиришади. Уларнинг аксарияти ўз маҳоратларини эҳтимолий харидор ва туристларга намойиш этганча кўчанинг ўзида буюмларга зеб беради.

Хорижликлар учун музей ва айрим тарихий иншоотларга кириш пуллик, лекин нархлар рамзий. Масалан, Арк қароргоҳига кириш учун хорижлик туристдан дастурдан келиб чиқиб бир неча минг сўм олишади.

Бухара. Улочка в старом городе
© sputnik /Антон Курилкин
Бухоро. Эски шаҳардаги кўча

Беш минг сўмга экскурсовод хизматидан фойдаланиш мумкин. Одатда мен гидларга кўп ҳам мурожаат қилмайман, чунки кўпинча бир хил оҳангдаги минғир-минғирни эшитиш одамни чарчатади, осори атиқа билан шошилиб таништириш эса завқ бағишламайди. Ўрта аср дурдоналари бўлган бу архитектура ёдгорликларини бир ўзинг томоша қилишга нима етсин.

Цитадель Арк в Бухаре
© sputnik /Антон Курилкин
Арк қароргоҳидан шаҳарнинг кўриниши

Лекин бу сафар қалъа туристик бюроси ходими мени ходим билан бирга оддий туристлар учун ёпиқ бўлган айрим жойларга ҳам кириш мумкинлигини айтиб қизиқтириб қўйди. Тан олиб айтаман, бу ҳаётим давомидаги энг яхши экскурсия бўлди.

Биз қалъанинг туристлар кўриши мумкин бўлган ҳар бир қисмини шошмасдан кезиб чиқдик, экскурсовод эса тарихий фактлар, ривоятлар ва ўзи тўқиган афсоналар асосида мазкур мажмуа, амирлар ва ХХ асрдаги Бухоро ҳақида шундай ҳикоя қилиб бердики, ундан узоқлашгим келмай қолди.

Улица в исторической части Бухары
© sputnik /Антон Курилкин
Бухоронинг тарихий қисмидаги кўча

Жонли тарихдан воз кечиб шаҳар марказини тарк этишни асло истамасдим, бироқ вақт сиқувга олиб борарди. Бозорга улгуриш ва қайтиш билети масаласини ҳам ҳал қилиш керак эди.

632
Мавзу:
Махсус репортаж: Москвадан Бухорога автоуловда саёҳат (6)
Туристы в Узбекистане

Ўзбекистонда моддий аҳволи оғир аёлларга бепул саёҳат уюштирилмоқда

151
Айни кунда республиканинг барча ҳудудларида ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда

ТОШКЕНТ, 3 мар - Sputnik. Касаба уюшмалари Федерацияси "Аёллар дафтари"га кирган хотин-қизлар учун бепул саёҳатлар ташкил этмоқда. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбирига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова хабар қилди.

Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан республиканинг турли ҳудудларида яшовчи, "Аёллар дафтари"га кирган аёллар учун Хоразм вилоятидаги тарихий обидалар бўйлаб бепул саёҳатлар ташкил этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Касаба уюшмалари Федерацияси раиси мутасаддилигида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда тегишли масъул ташкилотлар раҳбарлари таркибида "Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси" фаолияти йўлга қўйилиб, "Аёллар дафтари"ни шакллантириш ишлари амалга оширилмоқда.

Айни кунда республиканинг барча ҳудудларида мазкур дафтарга киритилган ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, "Аёллар дафтари"га 30 ёшдан ошган 9 тоифадаги, яъни ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ишсиз, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган, нотурар жойларда истиқомат қилаётган, қарамоғида бир ва ундан ортиқ I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандлари мавжуд ёлғиз аёллар, шунингдек, тиббий ҳимоя, ҳуқуқий ёрдам ва психологик маслаҳатга муҳтож эҳтиёжманд аёллар аниқланиб, уларга жойида амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Республика даражасида ҳал этиладиган муаммолар бўйича эса "Йўл хариталари" тузилиб, кўплаб масалаларга ечим топилмоқда.

151
На территории крепости Ичан-Кала в Хиве

Мамлакат бўйлаб саёҳат учун чегирмалар ва туристик йиғим миқдори тасдиқланди

125
Ҳукумат қарори билан ички саёҳатларга 50 фоизгача субсидиялар бериш тартиби ва жойлаштириш воситаларидан ундириладиган маҳаллий туристик йиғим миқдори тасдиқланди.

ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Вазирлар Маҳкамаси ўз қарори билан Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардан жойлаштириш воситасидан ундириладиган туристик (меҳмонхона) йиғим миқдорини тасдиқлади. Бу базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,4 фоизи ёки 980 сўмни ташкил этади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар қилмоқда.

Йиғим президентнинг февралда имзолаган фармони билан жорий этилган ва 1 мартдан яшаган ҳар бир кун учун тўланади. Йиғимдан тушган маблағлар ички туризмни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш, туризм мавсуми паст бўлган даврда жойлаштириш воситаларининг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади. Бунга қадар туристик йиғим фақат чет элликлардан ундирилган.

Шунингдек, ҳукумат қарори билан Ўзбекистон бўйлаб саёҳат учун харажатларнинг бир қисмини қоплаш тартиби белгиланган.

Янги йўлга қўйилаётган авиақатновларга чипталар 25 фоиз арзон сотилиб, ушбу чипта туроператорлар орқали харид қилинса яна 15 фоиз ва умумий 40 фоиз чегирма тақдим этилади. Шунингдек, туроператорлар орқали харид қилинган темирйўл чипталарига 15 фоиз, меҳмонхона хизматларига 10 фоиз қўшимча чегирмалар берилиши белгилаб берилди.

“Фарғона водийсидан қадимий Хива шаҳрига саёҳат” турпакетини 5 кишидан иборат бир оила 6,6 млн сўмга (авиа ва меҳмонхона хизмати)  харид қилганда туроператорлар томонидан давлат субсидияси ҳисобига фуқароларимизга 2 млн сўм чегирмалар берилиб, 4,6 млн сўмни ташкил этади. Бунда, субсидияланадиган авиа ва темир йўл йўналишлари, шунингдек, авиачипта ҳамда жойлаштириш воситаларининг меҳмонхона хизматлари нархларининг субсидияладиган энг юқори (чекланган) даражаси (суммаси) Махсус комиссия томонидан белгиланади.

2020 йилда туризм соҳасида жорий этилган солиқ имтиёзлари 2021 йил охирига қадар узайтирилган.

125
Рынок Эски жува в Ташкенте

“Эски жува” бозорида қариндошлар жанжаллашди

20
Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБга бир аёл мурожаат қилиб, бозорда у билан жанжаллашган ва ҳақорат қилган қариндоши ва унинг ўғлига нисбатна чора кўришни сўраган.

ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББ ижтимоий тармоқларда тарқалган аёллар ўртасидаги жанжал акс этган видео юзасидан расмий маълумот берди.

Маълум бўлишича, 23 февраль куни Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБга 39 ёшли аёл З.К. ариза билан мурожаат қилган. Унда у билан жанжаллашиб, ҳақорат қилган қариндошлари 58 ёшли М.Ш. ва унинг ўғли Ҳ.Ш.ларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. 

Мазкур ҳолат юзасидан М.Ш. ва Ҳ.Ш.ларга нисбатан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (“Майда безорилик”) аломатлари билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Ҳозир ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилишлик учун туман судига юборилган.

20
Теглар:
оммавий жанжал, ИИББ, Эски жува бозори